Bosh sahifa Yangiliklar НКМК ташаббуси билан Берунийнинг “Минералогия” асари ўзбек тилида нашр этилди

НКМК ташаббуси билан Берунийнинг “Минералогия” асари ўзбек тилида нашр этилди

0

Шарқда илк Уйғониш даврининг қомусий олимларидан бири Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад Беруний умумжаҳон аниқ ва ижтимоий фанлар ривожига катта таъсир кўрсатган буюк ақл-заковат соҳибидир. Унинг табиий-илмий ва маърифий-педагогик ҳамда психологик қарашларининг шаклланишида Шарқ, юнон ва ҳинд қомусий олимларининг асарлари таълим ва тарбия мактаби вазифасини ўтади. Беруний бу олимларнинг асарларини ўқиб билиш учун ёшлигиданоқ араб, форс, юнон, санскрит ва яҳудий тилларини пухта ўрганди.

У астрономия, астрология, фалсафа, математика, физика, геодезия, геология, фармакогнозия, минералогия, тарих, адабиётшунослик, таржимонлик, луғатшунослик каби соҳаларда тадқиқотлар олиб борди, илмий ва бадиий асарлар яратиб, улкан самараларга эришди. Манбаларга кўра, машҳур қомусий алломанинг 160 дан зиёд илмий ишидан бизгача фақат 30 дан ортиғи етиб келган, холос.

Хусусан, Беруний дунё илм-фанида биринчилардан бўлиб денгизлар назариясини ишлаб чиқди. Ер радиусини ҳисоблаб, унинг шарсимон глобусини яратиш юзасидан ўзига хос янги ғояларни илгари сурди ҳамда вакуум, яъни бўшлиқ ҳолатини изоҳлаб берди. Колумб саёҳатидан 500 йил аввал Тинч ва Атлантика океанлари ортида қитъа мавжудлигини айтди. Минераллар таснифи ва уларнинг пайдо бўлиш назариясини яратди. Геодезия фанига асос солди. Шунинг учун ҳам дунё табиий фанлар тарихчилари томонидан XI аср “Беруний асри” деб номланади.

Улуғ алломанинг бизгача етиб келган “Минералогия” асарида 30 дан зиёд қимматбаҳо тош ва минералларнинг номи, уларнинг кимёвий ва физикавий хоссаларини аниқлаш, эритиб синаш, деярли барча қимматбаҳо тош ва турли маъданлар, уларнинг қотишмалари ҳақида илмий маълумотлар берилган. Мазкур асар қатор хорижий тилларга таржима қилинган бўлса-да, шу вақтгача ўзбек тилига ҳали ўгирилмаган эди.

Навоий кон-металлургия комбинати ташаббуси билан Навоий давлат кончилик институти ва Тошкент давлат шарқшунослик институти олимлари ҳамкорлигида “Минералогия” ўзбек тилига таржима қилинди ва “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” нашриётида чоп этилди.

Куни кеча Навоий давлат кончилик институтида Абу Райҳон Берунийнинг “Минералогия” асарининг янгича қиёфа касб этган китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Унда республикамизнинг етакчи олий ўқув юртлари профессор-олимлари ва таниқли мутахассислар қатнашди.

Тадбирда Навоий кон-металлургия комбинати бош директори, Навоий давлат кончилик институти ректори, профессор Қувондиқ Санақулов, Абу Райҳон Беруний номидаги шарқшунослик институти профессори Мирсодиқ Исҳоқов, Самарқанд давлат университети профессори Дилором Салоҳий, геолог олим Исоқул Туробовлар сўзга чиқиб, буюк қомусий олимнинг “Минерология” асари нафақат илмий, балки тарихий нуқтаи назардан ҳам алоҳида қимматга эгалиги, эндиги вазифа ушбу асарни илмий тадқиқотчилар, мутахассислар, тарихчилар, қолаверса, кенг халқ оммасининг мулкига айлантиришдан иборат эканлигини алоҳида таъкидладилар.

Тадбирда сўзга чиққан олимлар, талаба-ўқитувчилар мазкур ноёб асарни ўзбек тилига таржима қилинишида ўзбек адабиётшунослигининг улуғ намояндаси, атоқли олим, заҳматкаш ва толмас тадқиқотчи, академик Азизхон Қаюмовнинг беқиёс хизматларини алоҳида эътироф этишди.

Дарҳақиқат, Берунийнинг “Минералогия” асарининг ўзбек тилида нашр қилиниши ёшларимиз ўртасида буюк аждодларимиз илмий хазинасидан кенгроқ хабардор бўлиш имкониятини беради.

Тадбирда мазкур асарнинг электрон нашри ҳам тадбир иштирокчилари эътиборига ҳавола этилди.

НКМК Матбуот хизмати.