Bosh sahifa E'tirof “Нурли наволар” фестивалининг франциялик меҳмони: Ўзбекистон Буюк Ипак йўлидаги бетакрор юрт!

“Нурли наволар” фестивалининг франциялик меҳмони: Ўзбекистон Буюк Ипак йўлидаги бетакрор юрт!

0

30-31 май кунлари Нурота туманининг “Чашма” меъморий мажмуаси ҳамда Навоий шаҳридаги амфитеатр биносида “Нурли наволар” халқаро фольклор фестивали бўлиб ўтди.

Унда юртимиз­нинг турли воҳала­ри­дан, шунингдек, Қозоғистон, Афғо­нистон, Тожикистон каби давлатлар­дан йигирмадан ортиқ фольклор-этно­график ансамбллар, 400 нафарга яқин халқ оғзаки ижо­диёти санъати вакиллари, таниқли санъат­корлар иштирок этди.

nurli-navolar

Фестивалда бадиий жамоалар томо­нидан куйланган қўшиқлар, лапарлар, халқ оғзаки ижоди намуналари, ижро этил­ган рақслар, мусиқий саҳна кўри­нишлари йиғилганларнинг олқи­шига муяссар бўлди.

— Мамлакатингиз кўплаб афсона­ларга бой, — дейди биз билан суҳбат­да франциялик меҳмонлардан бири Шантал Париссе хоним. — Ўзбекис­тон, аввало, Буюк Ипак йўлида жой­лаш­ганлиги билан менинг эътибо­рим­ни тортган. Шу боис ҳам мада­ния­тингиз кўп қиррали. Миллий мада­ниятингиз, анъана ва урф-одатларин­гиз, ошхонангиз, санъатингиз бетак­рор. Бунга ушбу катта маданият бай­ра­мида яна бир бора иқрор бўлдим.

— Фестивалда қатнашганимдан беҳад хурсандман,  — дейди Афғонистон давлати “Узаф” фолклор жамоаси аъзоси Муҳаммад Раҳмоний.  — Бизни Ўзбекистонда жуда яхши кутиб олишди. Фестивалга тайёргарликнинг аъло даражада экани ва Нуротада янграган куй-қўшиқлар халқингизнинг санъатга муҳаббати баландлигини исботлаб турибди.  Жамоамиз билан бирга ўзбек тилида “Сўрсангиз насли-насабим ўзбек фарзандиман…” деган мисралар билан бошланувчи қўшиқни ижро этдик.  Буни кенг жамоатчилик мамнунлик билан қарши олди. Ўзбекистонга биринчи бор келишим эди.  Тоғлар бағридаги Нурота,  тоза ва саришта,  кўркам Навоий шаҳри менга жуда ёқди.  Таассуротларим бир олам.  Яна Ўзбекистонга келишни ният қилдим.  Ота-онамни ҳам бу гўзал диёрга олиб келиш орзусидаман.  Санъатга,  миллий қадриятларига ҳурмати юксак ўзбек халқи билан маданий алоқалари-миз бардавом бўлаверсин!

, (11)

Фестивал совриндорларини тақдирлашга бағишлаб ўтказилган гала-консертда хориждан — Афғонистон Ислом Республикасидан келган ижодий гуруҳ,  қозоғистонлик Т.  Алменов ва М.  Забархановлар,  тожикистонлик Абдуқодир ва Қобилжон Мирашуровлар ҳам ўз санъатларини намойиш этдилар.  Айниқса,  Ўзбекистон халқ артисти О.  Назарбеков ижросидаги “Нурга ўрайман” қўшиғи барчага хушнудлик улашди.

Ҳаяжон,  таассурот,  ёрқин рангларга бой халқаро фестивал Навоий шаҳрида давом этди.  Унда ижро этилган Ватанни,  тинчликни мадҳ этувчи дилбар наволар,  урф-одатларимиз акс этган томошалар,  дилтортар рақслар йиғилганларга кўтаринки кайфият ҳадя этди.  Ўзбек,  қозоқ,  қорақалпоқ,  туркман,  тожик тилларидан жаранг сочган қўшиқлар қалбларни қувонч,  нурга тўлдирди.  Амфитеатр майдонида 1-ўринни қўлга киритган Сирдарё ва Хоразм,  2-ўринни эгаллаган Тошкент,  Самарқанд ва Бухоро,  3-ўринга муносиб кўрилган Навоий,  Сурхондарё ва Андижон вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси жамоаларига эсдалик совғалари ҳамда дипломлар тантанали равишда топширилди.  Таниқли санъат усталари уларни ўз куй-қўшиқлари билан муборакбод этишди.