Bosh sahifa Yangiliklar “Нурли наволар” фестивалининг биринчи ўрин соҳибларига 3 минг 500 АҚШ доллари берилади

“Нурли наволар” фестивалининг биринчи ўрин соҳибларига 3 минг 500 АҚШ доллари берилади

0

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 27 июндаги “Нурли наволар” халқаро фольклор фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги қарори билан Навоийда ўтказилаётган  “Нурли наволар” халқаро фольклор фестивалини ҳар икки йилда ташкил этиш белгиланди.

Қарорда шунингдек, мазкур нуфузли анжуманда ҳар бир номинация бўйича 1-ўринни эгаллаган ғолибларга 3 500, 2-ўрин  эгаларига 2 500 ҳамда 3-ўрин соҳибларига эса 1 500 АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофотлари берилиши қадй этилган. Бундан ташқари, уни ўтказишда масъул ташкилотлар томонидан тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, уч ой аввал туристик ташкилотларга тақдим этилади ҳамда интернет тармоғида, жумладан, ижтимоий тармоқларда фестиваль юзасидан маълумот бериб борилади.

Навоий шаҳридаги “Матбуот уйи”да қарор мазмун-моҳияти, унинг ижроси юзасидан давра суҳбати ўтказилиб, унда маҳаллий ҳокимликлар мутасаддилари, маданият соҳаси вакиллари ҳамда журналистлар иштирок этди.

– Жорий йил ўтказилган “Нурли наволар” фестивалида баъзи камчиликлар ҳам кўзга ташланди, – дейди Навоий давлат педагогика институти ўқитувчиси Қ. Бозоров. – Хусусан, анжуман давомида айрим жамоаларнинг чиқишларида фольклор ва замонавий эстрада санъатини уйғунлаштиришга уринилиб, натижа ижобий бўлмаганини кузатдим. Мазкур фестиваль орқали асл миллий ўзлигимизни тўла намоён этишни мақсад қилганимизни инобатга олсак, ҳар бир чиқишларни алоҳида бадиий кенгаш тасдиғи билан саҳнага чиқариш лозим, деб биламан. Шунингдек, қадимий куй-қўшиқларимиздан ташқари, миллий либосларимиз намойишига ҳам кўпроқ эътибор беришимиз лозим. Бунда фақат баҳор ёки ёз мавсуми эмас, балки турли фасллар билан боғлиқ миллий либосларимизни ҳам ҳисобга олишимиз даркор.

– Фестивалда рассомлар асарлари ҳамда ҳунармандлар яратган буюмлар кўргазмаларига гувоҳ бўлдик, – дейди вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи ходими Д. Мустафоева. – Бироқ, ушбу санъат асарларининг яратилиш жараёнини ҳам тадбир ўтказиладиган жойларда ташкил этиш иштирокчилар учун кўпроқ қизиқиш уйғотади. Келгусида шунга эътибор қаратишимиз лозим. Шунингдек, ушбу анжуманнинг мақомидан келиб чиқиб, унда ўзбек миллий урф-одатлари билан бир қаторда иштирокчи халқларнинг анъаналари намойиши учун ҳам шарт-шароитлар яратиш зарур. Вазирлар Маҳкамаси қарорининг изчил ижроси, албатта фестивалда шу каби барча жиҳатлар акс этиб, унинг ўзига хос тарзда ўтказилишини таъминлайди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 30-31 май кунлари вилоятимизда илк бор “Нурли наволар” халқаро фольклор фестивали ўтказилиб, унда юртимиз­нинг турли воҳала­ри­дан, шунингдек, Қозоғистон, Афғо­нистон, Тожикистон каби давлатлар­дан йигирмадан ортиқ фольклор-этно­график ансамбллар, 400 нафарга яқин халқ оғзаки ижо­диёти вакиллари иштирок этган эди.