Bosh sahifa Yangiliklar Нурота туман маъмурий суди 30 нафар тадбиркорга яна бир имконият берди

Нурота туман маъмурий суди 30 нафар тадбиркорга яна бир имконият берди

0

Навоий шаҳар ДСИ биносида Навоий вилоят ДСБ ходимлари ҳамда тадбиркорлар иштирокида йиғилиш ўтказилди. Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунининг мазмун-моҳияти тўғрисида, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликка қарши курашиш, шунингдек тадбиркорларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш борасида маърузалар тингланди.

Нурота туман маъмурий суди раиси Г.Абдухолиқов тадбиркорлар иштирокида сайёр суд жараёни ўтказилиб, қабулда 30 нафар фуқаронинг 32 ҳолат бўйича ишлари кўриб чиқилди.

Масалан, фуқаро Нормаматов Жасур Шермаматович Навоий шаҳар ҳудудида тадбиркорлик фаолияти билан ноқонуний шуғулланиб келганлиги учун Навоий шаҳар ДСИ ходимлари томонидан 2019 йилнинг 11 май куни профилактик тадбир ўтказилиб, унга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилган. Фуқаро Ж.Нормаматовга тегишли бўлган 765 000 сўмлик товар моддий бойликлари вақтинча сақлаш учун “Хўжаикон туз” МЧЖ омборхонасига топширилган. Фуқаро Ж.Нормаматов қонунчиликда белгиланган 30 кунлик муддатда давлат рўйхатидан ўтиб, тадбиркорлик фаолияти билан қонуний шуғулланганлиги учун олинган товар моддий бойликлари Нурота туман маъмурий суди судьяси қарорига асосан ўзига қайтарилиб, жарима жазосидан озод қилинган ҳолда маъмурий иш материали МЖтКнинг 271-моддаси 10-қисмига асосан тугатилганлиги айтиб ўтилди.

Шу билан бирга, Навоий шаҳридан рўйхатдан ўтган “Навоий Голден Сити” хусусий корхонаси раҳбари Идиев Бўстон Музаффаровичга нисбатан корхонанинг юридик манзили ўзгарганлиги тўғрисидаги маълумотларни 10 кунлик муддат ичида Навоий шаҳар ДСИга топширмаганлиги, 2018 йил 2 та ҳолатда 30 931,79 сўмга Халқ банкига реест тақдим этмаганлиги учун Навоий шаҳар ДСИ ходимлари томонидан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Хусусий корхона раҳбари Б.Идиев томонидан қонунчиликда белгиланган 30 кунлик муддат ичида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомада келтирилган качиликларни бартараф этганлиги учун Нурота туман маъмурий суди судьяси қарорига асосан жарима жазосидан озод қилиниб, маъмурий иш материали МЖтКнинг 271-моддаси 11-қисмига асосан тугатилди.

Мухтасар айтганда мамлакатимиз солиқ қонунчилигида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида тадбиркорлар учун қатор имтиёзлар яратилиб, уларнинг қонуний фаолиятини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, қонуний фаолият хотиржамлик ва ҳалол даромад асосидир.

Нуриддин РАҲИМОВ