Bosh sahifa Mualliflardan НУРОТА ТУМАНИ АҲОЛИСИНИНГ МУАММОЛАРИ ЎРГАНИЛДИ

НУРОТА ТУМАНИ АҲОЛИСИНИНГ МУАММОЛАРИ ЎРГАНИЛДИ

0

Навоий вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, вилоят 4-сектор раҳбари Азамат Бозоров Нурота тумани “Эшон судур” маҳалла фуқаролар йиғинида туман аҳолисини қийнаб келаётган масалаларни ўраганиш ва уларга ечим топиш мақсадида сайёр қабул ўтказди.

Нурота тумани ҳам асосан, қишлоқ хўжалиги хусусан, чорвачилик, боғдорчилик, шу билан бирга кон саноатига ихтисослашган ҳудуд бўлиб, ерости бойликлари, мармар ва гранит тошлари бу ерда кон саноатининг жадал ривожланишига асос бўлмоқда. Кейинги вақтларда туман аҳолисининг турмуш фаровонлигини ошириш, ҳудудлар инфратузилмасини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилаётир. Албатта, бу борада амалга оширилаётган ишлар аҳоли кайфиятини кўтариш ва бугунидан рози бўлиб яшашига хизмат қилаяпти.

Ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида, жумаладан “Ҳар бир оила – тадбиркор” давлат дастури асосида туман аҳолисига 36,5 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилган. Натижада, кўплаб хонадонларда паррандачилик, чорвачилик, иссиқхона ташкил этиш, қандолатчилик ҳамда тикувчилик каби йўналишларда фаолият турлари ривожланди.

Халқ билан мулоқотда қарийб 80 нафар аҳоли иштирок этиб, фуқаролар томонидан 19 та масала кўтарилди. Шундан 4 та масала бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Яна 15 та масала назоратга олинди.

Сайёр қабулда туман ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Нурота туманидаги Халқ қабулхонаси мудири, туман прокурори, ички ишлар бўлими ва вилоят ташкилотлари мутасаддилари, тумандаги корхона-ташкилот раҳбарлари иштирок этиб, ҳар бир кўтарилган муаммоларга амалий ечим топишга алоҳида эътибор қаратди.

Хусусан, Нурота туманидаги “Мухаммад Амин” хусусий корхонаси раҳбари Аббос Супонов хусусий корхонасига қўшимча қиймат солиғи бўйича талабнома берилганлиги, 386 миллион сўм солиқ суммалари ҳисобланганлигидан норози бўлиб, тушунтириб беришни сўраб мурожаат килди.

Нурота туман Давлат солиқ инспекцияси фуқаронинг мурожаатини тегишли тартибда кўриб чиқиб, қисқа муддатда ҳал этиш чораларини кўрадиган бўлди.

Туманнинг “Истиқбол” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Бахриддин Избосаров фарзанди тадбиркор Бекзод Комилов мебель ишлаб чиқариш билан шуғулланиши, ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун 150 миллион сўм кредит олишда амалий ёрдам кўрсатишни сўраб мурожаат қилди.

“Агробанк”нинг Нурота туман филиали фуқаронинг мурожаатини тегишли тартибда кўриб чиқиб, 16 фоизли кредит ажратишда амалий ёрдам кўрсатишни ўз зиммасига олди.

“Эшон судур” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқаро Дилшода Саидова ўзи яшаётган кўп қаватли уйлар олдидан ўтган, “У.Юсупов” ва “Дўстлик” кўчаларини туташтирувчи йўлдан, аҳоли учун хавф туғдириб, транспорт воситаларининг тартибсиз ҳаракатланишидан норози бўлиб, ушбу транспорт воситалари ҳаракатини тартибга солувчи йўл белгилари ўрнатилишида амалий ёрдам беришни сўраб мурожаат қилди.

Туман ҳокимлиги ва туман ички ишлар бўлими фуқаронинг мурожаатини кўриб чиқиб, белгиланган тартибда ҳал этишига келишиб олинди. 

Нурота тумани “Навоий” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи фуқаро Фарида Рахмонова, шу маҳаллада истиқомат қилувчи Рохат Жуманазаровага 2 йилдан бери тўшакда ётганлигини инобатга олиб, ногиронлик аравачаси берилишида амалий ёрдам кўрсатишни сўраб мурожаат қилди.

3 кун ичида Рохат аяга ногиронлик аравачаси етказиб берилиши мутасаддилар назоратига олинди.

“Истиқбол” маҳалласида яшовчи Зилола Расулова паррандачилик билан шуғулланиш мақсадида жорий йилнинг апрель ойида 15 миллион сўм имтиёзли кредит сўраб “Агробанк”нинг Нурота тумани филиалига ҳужжатларни топширган. Лекин бугунги кунга қадар кредит ажратилмаганлигидан норози бўлиб мурожаат қилди.

Марказий банкнинг Навоий вилоят Бош бошқармаси ҳамда “Агробанк”нинг Навоий вилоят филиалига фуқаронинг мурожаатини тегишли тартибда кўриб чиқиб, ҳал этиш вазифаси юклатилди. Ушбу масала сектор раҳбарининг қатъий назоратига олинди.

Учрашувда туманнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож 12 нафар кам таъминланган фуқароларига озиқ-овқат маҳсулотлари ва сайёр қабулда қатнашган аҳолига 50 та бадиий адабиётлар тарқатилди.

Навоий вилоят Давлат солиқ бошқармаси матбуот хизмати