Bosh sahifa Yangiliklar Нурота туманига “Қорақарға” довони орқали йўл қатнови қачон бошланади?

Нурота туманига “Қорақарға” довони орқали йўл қатнови қачон бошланади?

0

Мазиллар ободлиги аввало шу ҳудуддаги йўлларнинг равонлигида намоён бўлади. Бугунги кунда юртимизда турзим истиқболларини таъминлаш ҳамда инвестициявий жозибадорликни ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлар эса жойларда йўл инфратузилмаларини замон талабларига мослаш, хавфсиз, жаҳон стандартлари асоидаги йўлларни барпо этишни тақозо этмоқда.

Маълумки, мамлакатимиз раҳбарининг 2018 йил 3 февралдаги “Инвестициявий ва инфратузилмавий лойиҳалар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан вилоятимиз марказини Нурота тумани билан боғловчи, туманимиз ҳудудидан ўтувчи “4Р-57” автомагистралнинг 12-22 километрлик қисмида қарийб 71,5  миллиард сўмлик реконструкция ишлари ўтган йилнинг июль ойидан бошлаб юборилган эди. “Йўл лойиҳа бюроси” МЧЖ томонидан ишаб чиқилган  лойиҳага кўра йўлнинг энини 9 метрдан 15 метрга қадар кенгайтириш,  ўткир бурилишларни бартараф этиш, битта  кўприк қуриш, 14 нуқтада сой сувларини ўтказиш, йўл ости қувурларини ётқизиш ва довоннинг энг баланд нуқтасини 26,5 метрга пасайтириш белгиланган.

Қайд этиш лозим, Нурота тоғ тизмаларидаги Қорақарға довонидан ўтиш учун 300 метрга  баландликка кўтарилиш лозим. Қорли ва туманли об-ҳаво шароитида бу ерда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш мушкул вазифа эди.

Дастлаб йўлнинг Оқтепа булоғи яқинидаги қисмида кўприк қурилиши амалга оширилган бўлса, сентябрь ойидан довоннинг энг юқори қисмида  портлатиш-қазиш  ҳамда ўткир бурилишларда тупроқ ишлари бошланиши муносабати билан  транспорт  қатнови тўхтатилди.

— Ўтган олти ой мобайнида еттита ўткир бурилишларнинг радиуслари оширилиб, юқори нуқтада 430 минг метр куб тупроқ ишлари бажарилди, — дейди Навоий йўл қуриш-таъмирлаш унитар корхонаси 3-иш юритиш бўлими иш юритувчиси Отабек Қутлиев. – Қиш об-ҳавосининг қулай келишидан фойдаланиб, графикдан анча олдинга ўтдик. Дастлабки ҳисоб-китобларимизга кўра, насиб этса мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллиги арафасида биринчи қоплама асфальтни ётқизиб, йўлда транспорт қатнови очилишини  режалаштирмоқдамиз. Тендер шартларига кўра йўлда реконструкция ишларини якунлаш 2020 йилнинг июль ойларига белгиланган. Бироқ биз муддатидан анча олдин ниҳоясига етказишни мўлжаллаб, ишламоқдамиз.

Йўлсозлар бугун довонни пасайтиришда охирги поғонага ўтишган. Эксковатор, автоюклагич, бульдозер ва автосамосваллардан иборат 40 га яқин техника жалб этилган.

Жараённинг замонавий ускуна ва технологиялар асосида олиб борилаётгани лойиҳанинг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминламоқда. Бир сўз билан айтганда бу ерда бунёдкор халимизнинг юксак салоҳияти тўла намоён бўлаяпти.