Bosh sahifa Jamiyat ОДАМЛАР КУТГАН ХИЗМАТ

ОДАМЛАР КУТГАН ХИЗМАТ

0

Доимо шундай бўлган мабодо бировни ёки ниманидир кутсанг вақт бирам чўзиладики, ҳар дақиқаси йилдек туюлади кишига. Давлат хизматлари агентлиги фаолияти хусусида сўз кетса, мижозлар энг аввало вақтдан ютгани хусусида сўзлашади. Албатта, илгари худди шу  иш учун тўрт-беш идора эшигида сарғайгани, турли ташкилотлардан маълумотномалар йиққани эсига тушиб, у замонлар ортда қолаётганлигига шукрона келтиришади. Аслида мазкур хизмат фаолияти билан  эндиликда фуқаронинг нафақат вақти тежалди, балки турли сарсон-саргардонликлар, таъмагирлик ва бошқа бир қатор нохушликларга ҳам чек қўйилди. “Енг ичида иш битириш”ларга барҳам берилмоқда. Одамлар давлат уларга хизмат қилиши лозимлигини чинакам ҳис эта бошладилар.
Бугун биргина Навоий вилояти мисолида кузатадиган бўлсак, Агентлик бошқармаси ва унинг ҳудудий марказлари томонидан аҳолига 130 дан ортиқ турдаги давлат хизматлари кўрсатилмоқда. Йил бошидан буён 332 086 та давлат хизматлари кўрсатилиб, фуқаролар ўз ташвиши ва масаласи ечимини топди. Туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказлари томонидан жорий йил давомида жами 12 441 та тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилган.Шундан,  7 463 та юридик шахслар, 4 978 таси юридик шахс бўлмаган тадбиркорлик субъектлари ҳисобланади.Туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказлари томонидан жорий йил давомида 11 028 та сайёр тартибда давлат хизматлари кўрсатилган бўлиб, унда жами 701 та тадбиркорлик субъектлари сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, 2018 йилга нисбатан 2019 йилда тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатдан ўтказиш 4 маротабага ортди. Хизмат кўрсатиш эса 2 баробарга. Юқорида кўрсаткичлар билан келтирган солиштирмаларимиз шуни англатики, бу хизмат халққа манзур бўлган улар кутган хизматдир.
Тизим барча учун шаффоф. Жумладан, оммавий ахборот воситалари учун ҳам. Шу боисдан жамоатчилик учун номаълум бўлган айрим ҳуқуқбузарликлар ҳакида гапиришни ўринли деб биламан. Кўпчиликка маълумки, давлат хизматларида марказлари турли ташкилот ва идораларнинг электрон базаларига интеграция қилинган  ҳолда фаолият олиб боради. Бунда аҳоли ва тадбиркорларнинг мурожаатларига қонунларда белгиланган маъмурий регламентлар асосида хизмат кўрсатилади. Айрим ташкилот ва идораларга тушаётган мурожаатларни кўриб чиқиш ҳолатларида қоидабузарликлар содир этилгани туфайли аҳолидан  шикоятлар тушиши бор гап.
Хусусан, 2019 йил давомида жами 73та ташкилотда  ўрганиш ўтказилиб, ўрганишлар давомида жами 2 653 та қонун бузилиш ҳолатлари аниқланди. Ушбу аниқланган қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан ваколатли идораларга жами 52 та тақдимнома лар киритилди. Киритилган таъсир чораси натижасида ваколатли идораларнинг 32 нафар ходимларига нисбатан интизомий жазо чоралари (шундан 7 нафари билан меҳнат шартномаси бекор қилинган) қўлланилди.Шунингдек, бошқарма томонидан 124 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар расмийлаштирилиб, 124 нафар масъул ходимлар маъмурий жавобгарликка тортилган.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоиз, давлат хизматлари турли идора ва фуқаролар ўртасидаги ўзига хос кўприк. Кўприк фаолияти эса ҳар доим қатъий тартибни талаб этадиган воқелик. Унга амал қилмаслик эса нафақат ҳаракатдагилар балки кўприкка ҳам нисбатан эътирозларни келтириб чиқариши табиий. Умумлашганда буларнинг барчаси жамиятда маънавий муҳит соғломлигининг кўзгуси. Соғлом муҳит эса қудратлидир.
БАҲОДИР ТОШЕВ,
ДХА Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи