Bosh sahifa Mualliflardan ОГАҲИЙ – ШОИР, ТАРЖИМОН ВА ДАВЛАТ АРБОБИ

ОГАҲИЙ – ШОИР, ТАРЖИМОН ВА ДАВЛАТ АРБОБИ

0

Ўзбекадабиёти ривожига улкан ҳисса қўшган, уни янга тараққиёт поғонасига кўтарган, ўзининг серқирра ижодий мероси билан маданиятимиз тарихида чуқур из қолдирган ижодкорлардан бири Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий (1809-1874)дир. Унинг юксак бадиият намунаси бўлган лирик шеърлари, халқимиз ҳаётини ёритувчи тарихий асарлари ва таржималари асрлар оша китобхон маъна-вий-руҳий камолотига хизмат қилиб келмоқда. Зотан, барча асарларида ахлоқий поклик, маънавий етуклик, ботиний гўзаллик, ҳаётсеварлик, инсонпарварлик, ишқ-вафо, ҳақиқат, адолат сингари мавзуларнинг бадиий талқини ўз аксини топган.

Шоир, тарихчи, таржимон Огаҳий Хива яқинидаги Қиёт қишлоғида мироб оиласида таваллуд топган. Хива мадрасаларида таҳсил олиб, араб, форс, турк тилларини пухта эгаллаган. Хоразмнинг машҳур шоир ва олимлари, адабиёт мухлисларининг суҳбатларида иштирок этган.

Огаҳийнинг лирик мероси «Таъвиз ул-ошиқин» («Ошиқлар тумори») девонида жамланган. Ундаги шеърлар жанр ва ғоявий йўналишига кўра, ранг-баранг бўлиб, мумтоз адабиётнинг 19 жанрига оид шеърлар жамланган. Шеърларнинг асосий қисмини ғазал ва мухаммаслар ташкил этади. Шоир шеърларида инсон, ҳаёт, борлиқ, илоҳиёт, табиат ва жамият ҳақидаги фалсафий қарашлар бадиий талқин этилади. Инсоннинг турфа хил руҳий ҳолати, маънавий-ахлоқий юксаклиги шоирона тасвирланади. Мамлакат тинчлиги, эл-юртфаровонлиги, миллат келажаги учун қайғуриш Огаҳийнинг бошқа турдаги асарларида бўлганидек шеърларининг ҳам асосий моҳиятини ташкил этади.

Огаҳий шеъриятида ижтимоий ҳаёт, ўз замонаси ҳақидаги қарашлар билан бирга турли зиддиятлар, адолатсизлик, тенгсизлик ҳақида ҳам сўз юритилади. Эл-юртосойишталиги, миллат тақдири учун қайғуриш, муҳтожларга ёрдам бериш, карам ва мурувватли бўлиш сингари масалалар шоир ижтимоий қарашларининг асосини ташкил этади. Жамият кишиларини иллатлардан холи, юксак маънавиятли кўришни истаган шоир инсон табиати ва хулқ-атворидаги бахиллик, кибру ҳаво, ҳасад, тама, алдамчилик, риёкорлик, бойликка ружу қўйиш сингари камчиликларни қоралайди. Одамийлик, сахийлик, покизалик, тўғрилик, ҳалоллик, шукроналик сингари инсоний сифатларулуғланади.

Шоир назарида кишининг бошига келадиган балолар ҳам, эзгуликлар ҳам унинг амаллари ва хатти-ҳаракатларига боғлиқ. Зеро, ҳар қандай ёмонлик бу дунёда жавобсиз қолмайди.

Ахлоқий-дидактик характерга эга бўлган ушбу қитьада яхшилик инсоннинг эзгу хислати сифатида улуғланади, ёмонлик эса инсонга берилган энг қаттиқ жазо экани талқин этилади. Ёмон иллатларни тарк этиб, яхши хислатлар сари юз буриш инсонни руҳан поклашига ишора қилинади.

Огаҳийнинг кўпгина шеърларида дунёнинг тескарилиги, фалакнинг шафқатсизлиги, тақдир олдида инсоннинг чорасизлиги поэтик жилолантирилади.

Шоир ташбеҳ санъати воситасида халқнинг аҳволини, ғам-ҳасратларини бадиий талқин этади. Шоир халқнинг аянчли турмушини, йўқсил ва қашшоқ кишиларнинг ҳаётини маҳорат билан тасвирлайди. Шубҳасиз, Огаҳий лирикасидаги бундай шеърлар замондошларимизни аждодларимиз ҳаёти ҳақида муайян тасаввурга эга бўлишига ёрдам бериш билан биргаликда, улар қалбида бугунги тинч ва осойишта ҳаётимизнинг қадрига етиб, шукроналик туйғуларини камол топтиради.

Огаҳий шеъриятининг асосий қисмини ишқ мавзусидаги шеърлар ташкил этади. У мумтоз адабиётдаги бу анъанавий мавзуни ўзига хос тарзда ёритади. Шеърларидаги ошиқ кўплаб руҳий қийноқ ва машаққатларга сабрли, мустаҳкам ирода, эътиқодли кишидир. Зеро, Огаҳий ошиқҳижрон изтироблари ва азобларга бардош қилсагина, маъшуқа васлига етишиши мумкинлигини зътироф этади.

Cодиқ ТЕШАЕВ,  Навоий шаҳар ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ ЖҚГ тезкор вакили,  катта лейтенант.