Bosh sahifa Jamiyat ОИЛАВИЙ ТАДБИРКОРЛИК УЧУН ИМТИЁЗЛИ КРЕДИТ ОЛИШ НЕГА МУАММО?

ОИЛАВИЙ ТАДБИРКОРЛИК УЧУН ИМТИЁЗЛИ КРЕДИТ ОЛИШ НЕГА МУАММО?

0

Бугун паррандачилик кўпчилик учун даромад манбаига айланган. Эндиликда паррандалар нафақат гўшти, тухуми балки пати учун ҳам боқилмоқда. Шу асосда, жойларда оилавий тадбиркорлик ҳам ривожланаяпти. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Паррандачиликни янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастурини амалга ошириш тўғрисида»ги қарори ва уларда белгиланган имтиёзлар муҳим омил бўлмоқда. Навбаҳор тумани “Пахтакор” МФЙда яшовчи фуқаро Манзура Тўхтаева ҳам ана шу имкониятлардан илҳомланиб, паррандачилик орқали тадбиркорликни йўлга қўймоқчи бўлди. Имтиёзли кредит учун ҳужжатларини АТ “Халқ банки” Навбаҳор филиалига топшриб, таъминотчидан қарзга 1000 бош жўжа олди.

  М.Тўхтаева ёлғиз она, 3 нафар фарзанди бор. Бу оила маҳаллада кам таъминланганлар рўйхатида туради. Рўзғор тебратиш қийинлашганидан тўнғичини Россия давлатига юборган она, кредит маблағларига ишониб боласини ўз юртига чақиртириб олади. Мақсад, тадбиркорликни бошлаш, оиланинг кам-кўстини бутлаш эди. Аммо, банк томонидан кредит маблағларини ажратиш пайсалга солинди.

    — Бу ишларга киришганимда февраль ойи эди. Банкдагилар кредитни тез орада чиқариб берамиз деганлари учун, таъминотчидан жўжаларни олгандим. Пул бўлмагандан кейин жўжанинг яшаши учун шароитни ҳам озиқ-овқати, дорисини ҳам белгиланган даражада қилиш қийин экан. Уйимга нон олайми, жўжамга донми, билмай қолдим. Орада жўжаларга касаллик тегди. Ўртада таъминотчи қарашиб турарди. Россиядан чақиртирган ўғлим, бундан иш чиқмайди деб қайтиб кетишга тушганди. Ҳалиям ёрдам қўли вақтида узатилди. — дейди М.Тўхтаева

Адлия аралашувидан сўнг, банкда ҳужжатлар тахламида узоқ муддат қолиб кетган М.Тўхтаеванинг аризаси ва керакли хужжатлари асосида фуқарога 30 миллион  сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратиб берилди.

Эндиликда Манзура опа  кредит маблағлари эвазига анчагина этга кириб қолган жўжалари учун қулай шароит ҳозирлаган. Уларнинг сонини янада кўпайтириш ният қилинмоқда. Ўғли ҳам онасига тадбиркорлик юмушларини бажаришда ёрдамчи бўлаяпти.

Нурали ИСРОИЛОВ, Навбаҳор тумани адлия бўлими бошлиғи.