Bosh sahifa Mualliflardan Ойлик ўрнига ғўзапоя ёхуд фермерлар ишчиларига маош бериб ишлатадиган давр қачон келади?

Ойлик ўрнига ғўзапоя ёхуд фермерлар ишчиларига маош бериб ишлатадиган давр қачон келади?

0

Бугун дунёда ривожланган мамлакатлар фермерлари ўз хўжалигидаги экинлар парваришини дронлар ёрдамида назорат қилиб боришни ўйлаётган бир пайтда бизнинг “бободеҳқон”ларимиз ғалла ўримидан сўнг ушбу майдонлардан нечта прессланган сомон чиқиши, уларни қанчадан сотиб, жами қанча даромад қилишни ўйлаш билан оввора.

Таъкидлаш керак, бугунги кунда мамлакатимизда туб ислоҳотга “муҳтож” соҳалардан бири бу қишлоқ хўжалиги саналади. Мавжуд экин майдонларидан самарали фойдаланиш, инновацион суғориш усулларини жорий этиш, хўжаликлар ишчилари учун муносиб меҳнат шароитлари яратиб бериш, ғаллачилик ва пахтачиликдан ташқари хўжаликлар таркибида тармоқларни кўпайтириш айниқса долзарблигича қолмоқда.

 Навоий вилоятидаги фермер хўжаликларида қарийб 30 минг киши фаолият олиб бормоқда. Бу ярим “НКМК – комбинат” билан баробар…

Бугунги кунда Навоий вилоятида 2,5 мингдан ортиқ фермер хўжаликлари фаолият олиб бормоқда. Улар қарийб 700 минг гектар майдонда ғаллачилик ва пахтачилик, чорвачилик, сабзавотчилик ва полизчилик, боғдорчилик каби йўналишларда фаолият олиб бормоқда.

Юқоридаги сарлавҳадан келиб чиқадиган бўлсак, мавзу асосан мингга яқин ғалла ва пахта экиш билан шуғулланадиган хўжаликлар ҳақида. Улар таркибида бугунги кунда ўртача 50-60 гектар экин ерлари мавжуд. Хўжаликларда камида 5 кишидан доимий 10 кишидан мавсумий ишчилар фаолият олиб бораяпти, дейдиган бўлсак, уларнинг жами сони 30 минг нафардан ошади .

Мазкур фермерлар – иш берувчилар нечта ходими билан меҳнат шартномаси имзолаган, деб ўйлайсиз? Агар саволни оддийроқ айтадиган бўлсак, чопиқчи ва сувчи ҳамда тракторчиларнинг неча фоизи маошга ишлайди-ю, неча фоизи ғалла ўримидан кейин буғдой, сомон, пахта тугагач ғўзапоя олади?

Вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси билан боғланганимизда, афсуски, хўжаликлар сонини айта олишди, холос. Уларда фаолият олиб бораётган ишчилар ҳақида билишнинг иложи бўлмади. Ҳаттоки вилоят Фермер, деҳқон хўжаликлари ва тморқа ер эгалари кенгашидан ҳам мазкур маълумот топилмади.

Бу ҳолат мазкур икки ташкилот вилоятдаги фермерлар – иш берувчилар (бу масала вилоят бандлик бошқармасига ҳам бевосита алоқадор) ходимлари билан меҳнат шартномалари тузганми-йўқми, улар учун қандай шарт-шароитлар яратиб бергани билан умуман қизиқмаслигини англатади.

Шу ўринда яна бир гап: вилоят “Дўстлик байроғи” газетасида май ойида Фермерлар кенгашининг фермерларга мурожаати чоп этилган эди. Унда Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан фермерларга пул ажратилгани, ишчиларга ҳар бир гектар майдондаги экин чопиғи учун 300 минг сўм, ягана учун 200-250 минг сўм маош бериш таъкидланган эди. Навбаҳор туманининг (Арабхона, Оқолтин, Бешрабод қишлоқлари) бир қатор ҳудудларидаги фермер хўжаликлари ишчилари билан гаплашганимизда фермерлар уларга ҳеч қандай маош бермаганлигини таъкидлашди. Бу бошқа ҳудудларда ҳам жамғарма маблағлари фермернинг чўнтагида қолиб кетганини билдирмайдими?

Нега ёшлар фермер хўжаликларида ишлашни истамайди?

Ҳар бир соҳа ривожи ўша йўналишда иш олиб бораётган мутахассисларга, улар ўз ишига қанчалик иштиёқ билан ёндашаётганига боғлиқ.

Бугунги кунда фермер хўжаликларида ойига ўртача 400-500 минг сўмдан даромад топиб ишлаётганлар (асосан сувчилар, тракторчилар, чопиқчилар ва бошқа ишчилар) аслида кимлар? Нега ёшлар фермер хўжаликларида ишлашни исташмайди?

Бунинг сабаблари оддий, албатта. Тўланадиган маош меҳнатга яраша эмас. Қолаверса иш шароитлари умуман талабга жавоб бермайди. Ижтимоий ҳимояланиш даражаси ўта паст.

Табиийки, бу ҳолатлар соҳа ривожида катта тўсиқ. Зеро, яхши ойлик йўқ жойда самара ҳам, натижа ҳам бўлмайди. Яхши ойликни ким беради? Аввало, фермерлар ташаббускор бўлса, янги-янги лойиҳалар устида иш олиб борса, ҳар бир қарич ердан ҳам унумли фойдаланса

Ҳозир хоҳлаган пахта майдонингизни айланиб чиқинг. Унинг четлари  (энг камида 70-80 сўтих мадон) албатта, янтоқзорга айланган, экишга тайёр бироқ ҳеч нарса экилмаган ёки экишга яроқсиз ҳолатга келиб қолган бўлади. Бир фермер хўжалиги майдонининг четларидаги ёнтоқларнинг ўзи камида 20-30 бош молни боқишга етади.

Бугунги кунда кўп тармоқли фермер хўжаликлари сонини ошириш (2021 йилдан улар тўлиқ шу тартибда иш олиб боради) юзасидан ҳаракатлар олиб бориляпти. Бироқ, номигагина “кўп тармоқли” бундай хўжаликлар кимга керак?

Нима учун битта қишлоқдаги минг-минглаб гектар ер бор йўғи 15-20 нафар фермернинг оиласини боқиши керак, холос? Ўша қишлоқнинг камида 20 фоиз аҳолиси замонавий шарт-шароитларга эга хўжаликларда иш билан таъминланиши зарур эмасми, аслида?

Бундай фермер хўжаликларини ташкил этиш эса ўзимизга, инновацион ёндашувларимизга, чет эл тажрибасини ўрганишимизга боғлиқ.

 “Ер давлатники” деган тушунча йўқолмаса ҳолат ўзгармайди

Мақолада айтиб ўтганимиздек,  ҳар бир ишнинг охири аввало уни бошлашда қилинган ниятга — мақсадга боғлиқ. Янгидан фермер хўжалиги тузган киши энг биринчи ўзининг бойишини – машина олишни, уйини замонавий кўринишда қуришни ёки бўлмаса квартира харид қилишни (ўзи фермер, лекин шаҳарда яшайдиганлар ҳам йўқ эмас!) ўйлайди. Шнинг учун ҳам топганини ўзининг эҳтиёжлари, қисман хўжалик ривожи учун сарфлайди.

Фермерларнинг бундай хаёлга берилиши ҳам бежиз эмас. Сўнгги 3-4 йил ичида бир неча бор оптималлаштириш жараёни кечди. Илгари кенгайтирилган ерлар энди яна камайтирилди.

Бу жараён эса фермерларда давлат билан тузиладиган шартномаларга ҳамма вақт ҳам амал қилинавермайди, деган қарашни вужудга келтиради.

Мисол учун жорий йилда Навоий вилоятида оптималлаштириш жараёнидан олдин 5 мингга яқин хўжаликлар бор эди. Ушбу жараёндан кейин уларнинг ярми фаолиятини тўхтатди.

Фермер қачонки “ер ўзимники” деган кайфият билан иш бошласагина, у ўзига ҳам, ишчиларига ҳам фойда келтириши мумкин.

Озод МУСТАФОЕВ.