Bosh sahifa Mualliflardan ОЛТИНКЎЗ — МЎЛ ҲОСИЛ УЧУН СОЗ

ОЛТИНКЎЗ — МЎЛ ҲОСИЛ УЧУН СОЗ

0

Олтинкўз энтомофагини биолаборатория шароитида кўпайтириш ва уни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда қўллаш инсонлар саломатлиги учун муҳим жиҳатдир. Одатда, бозордан мева-чева, полиз маҳсулотларини сотиб олмоқчи бўлган харидор маҳсулотнинг қурт тушмаганига эътибор қаратади. Мевани ёки полиз маҳсулотларини ҳар хил ҳашаротлардан тозалаш учун деҳқонлар, кўпинча кимёвий моддалардан фойдаланишади. Бу эса уни истеъмол қилган одам саломатлигига салбий таъсир қилиши мумкин.

Бугунги фан ва техника тараққий этаётган замонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини турли зараркунандалардан сақлашнинг табиий, биологик усули ҳам ишлаб чиқилдики, унга кўра, маҳсулотлар фойдали ҳашаротлар ёрдамида зарарли ҳашаротлардан тозаланади. Фақат бу жараён бироз кўпроқ меҳнатни талаб қилади. Айнан деҳқоннинг мана шундай меҳнатини қадрлаб, табиий маҳсулот учун яхшигина ҳақ тўлайдиган бўлса, бу усулни қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда қўллаш, инсонлар саломатлиги учун фақат фойда бўлади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини зараркунадалардан тозалайдиган ҳашаротнинг номи “Олтинкўз энтомофаги” деб номланиб, у биолаборатория шароитида кўпайтирилади.

Ўсимликлар карантини илмий-тадқиқот марказининг Карантин зараркунандаларини ўрганиш ҳамда уларга қарши биологик усуллар ишлаб чиқиш лабораторияси ходимлари томонидан зараркунандаларга қарши курашда кенг кўламда қўлланилиб келинаётган Олтинкўз ҳамммахўр кушанда ҳисобланиб, қишлоқ хўжалик экинларидаги ўсимлик битлари, трипслар, ўргимчаккана, тунлам капалакларининг тухуми ва ёш қуртларига қарши қўлланиладиган фойдали энтомофаг, яъни ҳашарот ҳисобланади.

Олтинкўз ҳақида қисқача маълумот. Олтинкўз тўрқанотлилар туркумига мансуб бўлиб, улар личинкалик ва вояга етган фазаларида турли хил ҳашоратлар, каналар билан озиқланади. Марказий осиёда уларнинг 24 тури, Қозоқистонда 15 тури, Ўзбекистонда эса 12 тури аниқланган. Бу турлар орасида энг кўп тарқалгани оддий олтинкўз (Chrysope cornea Steph) ҳисобланади.

Оддий олтинкўзнинг вояга етган зоти яшил-сарғиш, кузда оч рангсиз холатга киради. Тухумини ўсимлик баргларига поясига ўсув нуқталарига биттадан 3,5мм қалинликда пояча қилиб қўяди. Тухумлари чўзинчоқ, яшил, катталиги 0,9-х 0,4 мм. Эмбрионал ривожланиш тугаш даврида кулранг ёки оч жигарранг тусга киради. Личинкалари тумсоқсимон шаклда ривожланади.Улар 3 марта пўст ташлайдилар. Овқат хазм қилиш системаси ёпиқ бўлиб ахлат чиқармайдилар. Лекин улар пўст ташлаш даврларида анал тешиги орқали томчидек суюқлик чиқарадилар. Ғумбаги яшил,очиқ типда бўлиб, пилла ичига жойлашади.

Етук зотлари хар ҳил ўсимлик нектарлари, гул чанглари, ғўза ва бошқа ўсимликларнинг барг орқасидан чиққан ширин суюқлик билан озиқланадилар. Олтинкўз личинкалари ўта хўра бўлиб, ғўзанинг, буғдой, сабзавот экинлари, боғ ва токзорларда учрайдиган 100 дан ошиқ қишлоқ хўжалик экинларининг хашарот ва каналари билан озиқланади. Айниқса ўсимлик шираларига, каналарга, трипслар ва бошқа зараркунандаларнинг энтомофаги ҳисоланади.(Рашидов М.И. Амантурдиев А.Б. 2011й )

Олтинкўз энтомофагини биолабораторияда кўпайтириш. Олтинкўз энтомофагини биолабораторияда кўпайтириш учун энг аввал дон куяси капалагини кўпайтириш лозим. Бунинг учун арпа қайнаган  сувда 1-2 дақиқа зарарсизлантирилиб олинади ва бир кун давомида димланади. У махсус патнисларда 2-3 см қалинликда ёйиб чиқилади ва намлиги 16% га етгунча шамоллатилади. Патнисга солинган зарарланган арпанинг бешта томонига ситотрога тухумидан ( 1 кг арпага 1 гр ситотрога тухуми) қоғозчаларга қўйиб чиқилади. Ситотрога тухуми термостатда (24 С харорат, 80% намлик) 3-4 кун сақланган бўлиши лозим.

Қуртлар тўлиқ донга кириб кетгунига қадар арпага тегилмайди. Капалаклар учиб чиқа бошлагунига қадар арпа хар куни намланиб турилади. Арпанинг намлиги 16% дан ошиб кетмасли керак. Хона харорати 24-25 С, намлик 75-80% бўлиши лозим.

Дон куяси капалаклари уча бошлагач 3 л. ли банкаларга 300 гр арпадан солинади. Капалакларнинг 50-60% учиб чиқа бошлагандан кейин мато тасмаларига янги қўйилган олтинкўз тухумлари 300 донадан солиб чиқилади. Тухумдан чиққан олтинкўз личинкалари дон куяси капалагининг тухуми, личинкаси ва хатто капалаклари билан ҳам озиқланади, 15-18 кунда озиқланишдан тўхтаб пилла ўраб ғумбакка айланади. Олтинкўз имаголари 6-8 кундан кейин пайдо бўла бошлайди. Улар дарҳол 3л. ли банкаларга 70-80 тагача учириб ўтказилади ва банкалар ичига олтинкўз тухумларини олиш мақсадида тоза мато тасмалари солинади. Олтинкўз имаголарини ҳар куни тоза 3л. ли банкаларга учириб олиш тавсия этилади. Олтинкўз имаголари хар куни тоза банкаларга кўчириб ўтказилмаса, тез касалликка чалинади.

3 л.ли банкаларга учириб олинган олтинкўз имаголарини озиқлантириш учун банкалар четига асал сурилган мато осилади ҳамда 4-5 та эзилган қурт қоғозчаларга солиб банка тагига тушурилади. Олтинкўз тухумини янада пуштдорлигини ошириш мақсадида пива ачитқиси, қоғозчаларга сурилиб банка ичига солинади.

Олтинкўз имаголари озиқланиб бўлгач 3-4 кундан кейин тухум қўя бошлайди. Мато тасмаларига қўйилган олтинкўз тухумлари хар 2-3 кунда олиниб, тоза мато тасмаларига алмаштирилади. Олтинкўз имаголари ҳар куни тоза банкаларга учириб олиниб юқоридагича усулда озиқлантирилиб борилади. Олтинкўз бир ойгача тухум қўя олади.

Зарарланган арпадан олтинкўз имаголари тўлиқ чиқиб бўлгач, арпалар янгиларига алмаштирилади. Олинган олтинкўз тухумларини қишлоқ хўжалигида фойдаланиш учун тадбиқ этилади, ёки яна олтинкўз кўпайтиришда қўлланилади. Олтинкўз энтомофагидан қишлоқ хўжалигида фойдаланишда 3-4 кунлик тухумлари ёки личинкалари қўлланилади.

Биолабораторияларда кўпайтирилаётган олтинкўз энтомофагидан яхши самара олиш учун табиий шароитда ривожланган яъни дала экинзорларидан йиғиб олинган оддий олтинкўздан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

Қишлоқ хўжалиги экинларига катта зарар келтираётган фитофагларга қарши кенг турдаги кимёвий препаратларни қўллаш нафақат табиатга балки, сабзавот, полиз ва бошқа қишлоқ ҳўжалик маҳсулотларини имкони борича кимёвий моддалар ишлатмасдан етиштириш, одамлар саломатлигини сақлаш, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш билан бир қаторда, табиатда учрайдиган жуда кўп турдаги тирик мавжудодларни сақлаб қолиш хар биримизнинг вазифамиз бўлмоқда. Биолаборатория шароитида кўпайтирилаётган энтомофаглар табиат кушандаларига қарши курашда табиий восита бўлиб хизмат қилмоқда.

Хулоса қилиб шуни айтиш жоизки, ҳар бир фермер хўжаликлари ўз экин майдонларида табиат зараркунандаларига қарши курашишда энтомофаглардан яъни фойдали хашоратлардан кенг фойдалансалар, бу келгусида албатта яхши самара беради. Зеро, фуқаролар саломатлигини сақлаш, келгуси авлодларга маҳсулотларни табиий ҳолича етказиш бугун қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимлари олдида турган энг муҳим масалалардан ҳисобланади.

М.ОСТОНОВ, Д.ЭГАМҚУЛОВ, Навоий вилояти ўсимликлар карантини давлат инспекцияси инспекторлари.