Bosh sahifa Jamiyat ҚОНУНИЙ ИШ ЎРИНЛАРИ БАНДЛИК КАФОЛАТИДИР

ҚОНУНИЙ ИШ ЎРИНЛАРИ БАНДЛИК КАФОЛАТИДИР

0

Солиқ қонунчилигидаги ислоҳотлар солиқ юкини камайтириш ва тизимни янада соддалаштириш, мажбурий тўловларни оптималлаштириш, пировардида қулай иқтисодий муҳитни яратишга хизмат қилмоқда.

Дарҳақиқат, 2019 йилдан бошлаб солиқ тизимида янги босқич бошланди. Биргина, солиқ юки даражасини камайтириш мақсадида юридик шахсларнинг фойда солиғи ставкаси 14 фоиздан 12 фоизга, мол-мулк солиғи ставкаси 5 фоиздан 2 фоизга, ягона солиқ тўлови ставкаси 5 фоиздан 4 фоизга ва ягона ижтимоий тўлов ставкаси 15 фоиздан 12 фоизга туширилди. Жорий йил 1 октябрдан қўшилган қиймат солиғи ставкаси 20 фоиздан 15 фоизга пасайтирилгани муҳим қадамлардан бири бўлди. 

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида тадбиркорлик ва кичик бизнесни жойларда янада ривожлантириш учун қўшимча имкониятларни яратиш ва ишга солиш бўйича кўрилаётган чоралар самарадорлиги ҳамда бу борадаги долзарб вазифаларга алоҳида эътибор қаратди. Мурожаатномада мамлакатимизнинг барқарор ривожи, ижтимоий соҳаларнинг узлуксиз қўллаб-қувватланиши учун давлат бюджети ва уни шакллантирадиган тушумлар муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидлади.

Бугунги кунда замонавий усуллар ва ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда, яширин фаолият юритиш орқали солиқдан қочишнинг олдини олиш чораларини кўриш долзарб вазифага айланди. Барча соҳаларда “хуфёна иқтисодиёт” кўламларини кескин қисқартириш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, ижроси таъминланиши белгиланди.

Тадбиркорлар ўртасида ўтказилаётган кенг тарғибот-тушунтириш ва профилактик тадбирларида хусусий бизнес вакиллари учун яратилаётган кенг имкониятлар хусусида батафсил маълумотлар берилмоқда. Айниқса, ишчи кучини жалб қилишда оғзаки келишувга асосланиш, яъни меҳнатга “конверт усули”да ҳақ тўлаш Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига зид эканлиги кенг тарғиб этилмоқда. Меҳнат шартномаси тузмасдан ишчи кучидан фойдаланиш, фаолият олиб бораётган ишчи ёки ходимнинг орттирган даромадларидан солиқ тушумини тўламаслик каби хуфёна ҳолатларга олиб келиши мумкин.

Хусусан, Навоий вилоятида 2019 йил давомида қарийб 8 минг 873 та корхонадаги 35 минг 644 та иш ўринлари легаллаштирилиб, аҳолининг қонуний иш ўринлари яратилди. Натижада, бюджетга қарийб 18 миллиард 274 миллион сўм маблағ даромад солиғи сифатида ҳисобланди.

Жумладан, иш ўринларини яшириб кўрсатиш савдо ва умумий овқатланиш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш, қурилиш, қишлоқ хўжалиги соҳаларида кўпроқ кузатилган. 

Шунингдек, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 613 та корхонада 1 минг 989 та яширин иш ўринлари қонуний расмийлаштирилди. 

Мухтасар айтганда, иш ўринларини қонунийлаштириш ишчи ёки ходимнинг кафолатланган иш жойини таъминлашга хизмат қилади.

Иноят МУҲАММАДИЕВ, Навоий вилоят Давлат солиқ  бошқармаси бошлиғи ўринбосари