Bosh sahifa Mualliflardan ҚОНУНИЙИШ ЎРИНЛАРИ БАНДЛИК КАФОЛАТИДИР

ҚОНУНИЙИШ ЎРИНЛАРИ БАНДЛИК КАФОЛАТИДИР

0
Солиқ қонунчилигидаги ислоҳотлар солиқ юкини камайтириш ва тизимни янада соддалаштириш, мажбурий тўловларни оптималлаштириш, пировардида қулай иқтисодий муҳитни яратишга хизмат қилмоқда.
Дарҳақиқат, жорий йилдан бошлаб солиқ тизимида янги босқич бошланди. Биргина, солиқ юки даражасини камайтириш мақсадида 2019 йилдан юридик шахсларнинг фойда солиғи ставкаси 14 фоиздан 12 фоизга, мол-мулк солиғи ставкаси 5 фоиздан 2 фоизга, ягона солиқ тўлови ставкаси 5 фоиздан 4 фоизга ва ягона ижтимоий тўлов ставкаси 15 фоиздан 12 фоизга туширилди.Жорий йил 1 октябрдан қўшилган қиймат солиғи ставкаси 20 фоиздан 15 фоизга пасайтирилгани муҳим қадамлардан бири бўлди.
Президентимизнинг 7 ноябрь куни жорий йилда давлат бюджетига тушумлар прогнози ижросини таъминлаш, тадбиркорлик ва кичик бизнесни жойларда янада ривожлантириш учун қўшимча имкониятларни аниқлаш ва ишга солиш бўйича кўрилаётган чоралар самарадорлиги ҳамда бу борадаги долзарб вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида мамлакатимизнинг барқарор ривожи, ижтимоий соҳаларнинг узлуксиз қўллаб-қувватланиши учун давлат бюджети ва уни шакллантирадиган тушумлар муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, йиғилишда замонавий усуллар ва ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда, яширин фаолият юритиш орқали солиқдан қочишнинг олдини олиш чораларини кўриш зарурлиги таъкидлаб ўтилди. Барча соҳаларда “хуфиёна иқтисодиёт” кўламларини кескин қисқартириш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, ижроси таъминланиши белгиланди.
Аммо айрим тадбиркорлар ўтказилаётган кенг тарғибот-тушунтириш ва профилактик тадбирларга, хусусий бизнес вакиллари учун яратилаётган кенг имкониятларга қарамай, биргина ишчи кучини жалб қилишда оғзаки келишувга асосланиш, яъни меҳнатга “конверт усули”да ҳақ тўлаш тартибида фаолият кўрсатиши, меҳнат шартномаси тузмасдан ишчи кучидан фойдаланиш, меҳнат қонунчилигига зид равишда фаолият олиб бораётган ишчи ёки ходимнинг орттирган даромадларидан солиқ тушумини тўламаслик каби хуфиёна ҳолатлар ҳам учраб турибди.
Хусусан, Навоий вилоятида жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида қарийб 8 минг 200 та корхонадаги 37 минг 782 та иш ўринлари легаллаштирилиб, аҳолининг қонуний иш ўринлари яратилди. Натижада, бюджетга 16 миллиард 600 миллион сўм маблағ даромад солиғи сифатида ҳисобланди.
Жумладан, иш ўринларини яшириб кўрсатиш савдо ва умумий овқатланиш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш, қурилиш, қишлоқ хўжалиги соҳаларида кўпроқ кузатилган. Масалан, 5 минг 800 та ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш тармоқларида қарийб 22 минг 930 та, 1 минг 417 та қишлоқ хўжалиги соҳасида 8 минг 107 та иш ўринлари яширилган.
Мухтасар айтганда, иш ўринларини қонунийлаштириш ишчи ёки ходимнинг кафолатланган иш жойини таъминлашга хизмат қилади.
Нуриддин РАҲИМОВ,
ЎзА мухбири