Bosh sahifa Tahlil “Қоракўз”нинг қора қисмати ёҳуд уйингизга соғлом чақалоқ келсин…

“Қоракўз”нинг қора қисмати ёҳуд уйингизга соғлом чақалоқ келсин…

0

Одамнинг кўзи қаримайди, деганлари рост экан. Йигирма йилдан кейин уни ўша бир жуфт қуралай кўзлари орқали танидим. Сочларига оқ оралаб, чеҳрасини ажин қоплаган бўлса-да, бир пайтлар кўрган-билганлар ҳавасу ҳасад билан қараган мафтункор кўзлари ўзгармабди унинг. Фақат аввалги виқорли нигоҳларга мунг чўккан энди, чарос чашмга қўриқчиликка шайланган киприкларда тўкилиб битган…

Сездим, у ҳам мени таниди. Бироқ, нимагадир ўзини олиб қочди, гаплашгиси келмади. Рўйхатхона бекасидан ўғилчамнинг тиббий картасини оларканман, хаёлим унда эди, нега у бунчалар фаромуш, турмуш ташвишларидан чарчаган, руҳияти эзгин аҳволда… — Бу боласи ҳам яшамайди, барибир. Ўн йил елкалаб юрди-я бечора. — Уч марта ҳам ногирон фарзанд кўрган экан-а, бояқиш, шундай чиройли аёл, эри тарафда бир гап бормикан ё? — Эри тарафда-ку ҳеч гап йўқ, кўрсанг, барваста, келишган одам. Эшитишимча, бу эр-хотинлар бир жойда ва бир кунда туғилишган экан. Авваллари туғруқхонада янги бўшанган аёлнинг сути тиқилмаслиги учун, идишга соғдириб олишаркан. Булар ҳам бир-бирининг она сутини ичишганми… — Кечирасизлар, унинг исми нима, сўрадим, гарчи таниб турсам-да, шу тобда адашган бўлишимни жудаям истаган ҳолда. — Дилбар, «Дилбар тикувчи» деб номи чиққан, бизнинг маҳаллада яшайди. Устма-уст мажруҳ бола туғиб, ўзи ҳам адо бўлгач, тикувчилик қилмай қўйди. Икки ўғли фалаж ҳолатда 5-6 йил яшаб, нобуд бўлди. Қизи ҳам на юролади, на гапиролади, бадбахт она шунга ҳам рози, ўн йил авайлади, ҳозир оғир эмиш, узоққа бормайди, дейишаяпти… Рўйхатхона бекаси яна нималар деди, қулоғимга кирмади. Дилбар. Ростдан ҳам у ўша экан. Қишлоқнинг энг олди қизи, мактабнинг энг аълочи ўқувчиси, «Қоракўз»нинг қисмати шундай бўлибди-да…

— Соғлом зурриёт — давлат ва жамиятнинг олий мақсади, —  дейди аёллар шифокори Гуландом Жўраева. — Бунинг учун давлатимиз томонидан етарли даражада ғамхўрлик кўрсатилаяпти. Лекин, фақат шу билан иш битмайди. Бунинг моҳиятини халқимиз англаб етиши лозим. Оилада соғлом чақалоқ туғилиши учун ҳамма ҳисса қўшиши керак, она, ота, буви, бобо, ҳатто, аммаю амакиларгача. Чунки, ҳомиладор онанинг овқатланиш маданиятига риоя қилиши, асаби бузилмаслиги, хотиржамлиги бу жараёнда муҳим аҳамиятга эга. Бугунги кунда бош мияда қон айланиш мувозанати бузилиши хасталиги билан туғилаётган чақалоқлар сонининг ортаётгани бизни ташвишга солади. Бу аёлнинг ҳомиладорлик пайтида асабийлашишидан келиб чиқади. Соғлом зурриётга салбий таъсир кўрсатувчи омиллардан бири қон-қариндошлар ўртасидаги никоҳдир. Кўпчилик ҳануз бунинг иллат эканини англаб етмаяпти. Қариндош бўлмаган ота-оналардан ногирон бола туғилиш хатари 2 ёки 3 фоиз бўлса, бу хавф қондошлар жуфтлашганда 2 баравар ортади. Бундай никоҳдан соғлом фарзандлар туғилса ҳам, кейинги авлодларда икки қондаги умумий иллатлар бирлашиши, яна муаммолар вужудга келиши мумкин. Маълумотларга кўра, одам ирсий ҳужайралари 46 та хромосомадан ташкил топган бўлса, 23 таси отадан, 23 таси онадан ўтар экан. Афсуски, баъзи оилаларда фарзанд сиҳати билан боғлиқ барча юкни аёлнинг гарданига ортишади. Мажруҳ гўдак туғилса, биринчи галда онани айблашади.

Тўғри, соғлом фарзандни соғлом аёл дунёга келтиради, ҳомиланинг нормал ривожи учун онанинг сиҳати меъёрида бўлиши лозим. Аммо, репродуктив саломатлик объекти фақат она эмас, балки ота, қолаверса, қайнана-қайната ҳам. Эркак гиёҳванд бўлса, мунтазам спиртли ичимлик ичса, ҳатто ҳаддан зиёд кўп чекса, нопок ҳаёт кечирса — ҳаммаси наслга таъсир этади. Шунингдек, хонадондаги муҳит, қайнона-қайнотанинг руҳий мадади ҳам она жонидан жон бериб, танидан тан улашиб, юраги остида улғайтираётган ҳомиланинг соғлом ривожланишига омил бўлади.

Айтишларича, иккиқат аёл оламнинг энг гўзал мавжудоти экан. Чунки, унинг вужудида янги бир дунё, бокиралик, беғуборлик шаклланаяпти. Ана шу беғуборлик мукаммал дунёга келишига ёрдам берайлик, гўзал мавжудот  — ҳомиладор аёлни асраб-авайлайлик! Ахир, уйимизга ЧАҚАЛОҚ келаяпти!

Холбиби САФАРОВА.