Bosh sahifa Ijod Қорбобонинг планшети (ҳажвия)

Қорбобонинг планшети (ҳажвия)

0

   Тасаввур қилинг агар чинакам Қорбобо ростдан ҳам уйингизга ташриф буюрса, сиз бунинг гувоҳига айланиб қолсангиз, нима қилган бўлардингиз?:

а) Ҳайратдан ёқа ушлайсиз, кўзларингизга ишонмай, нима қилишингизни билмай қоласиз.

б) Ҳеч ҳам иккиланмай, Қорбобонинг қайси танишингиз эканини аниқлашга тушасиз, унга яхшилаб разм соласиз.

 в) Бундай қизиқ воқеани қўлдан бой бермай, буни планшетингиз ёки қўл телефонингизга видеотасвирга ола бошлайсиз, вассалом!

Баъзан хориж ОАВларида Қорбобо қиёфасидаги жиноятчиларни ҳам кўрсатиб туришади. Худо кўрсатмасин-ку, бу кутилмаган меҳмон бир зумда уйингизни шип-шийдам қилиб, жуфтакни ростлаб қолишини ҳам унутманг. Бироқ, биз айтмоқчи бўлган Қорбобо ҳақиқий! Соқоли ҳам, ҳассаси ҳам, кийими ҳам аслидек!

Янги йил арафасида уйига ғирт маст ҳолатда қайтган Матрайим билан бир куни ана шундай ғалати воқеа юз берди. У ўша куни шу даражада маст эдики, қаерда ким билан ичганини ҳам, уйигача қандай келганини ҳам эслолмасди. Гарчи ҳар доим машинасида юрса-да, негадир ўша куни аранг чайқалиб-чайқалиб, пиёда қайтишга қарор қилади. Тун қоронғисида рўпарасидан ўтиб кетган бир-икки машина фаралари кўзини олганини-ю, ана шу ёруғликда кимларгадир кўзи тушганини ғира-шира эслайди, холос. Шу куни хотини болалари билан онасиникига кетган эди. Матрайим кўнгли айниб, чор атрофи гир айланаётганидан зўр-базўр зина тутқичларидан ушлаб, иккинчи қаватга кўтарилди. Уйининг эшиги очиқмиди ёки унинг ўзи амаллаб калитни қулфга солиб, бураб очдими, бу ҳам номаълум. Хонадонига кириши билан ваннага йўналди. Раковинага калласини жонсарак тиқаркан, жўмракни бураб сув қуйди.

– Хо-о-о-т-и-и-н! – деди у зўрға. Бир зумда квартирани ароқ-пиво аралаш ҳид эгаллади.

– Х-о-от-тт. Бу гал ярим гапи оғзида қолиб кетди. Шундан сўнг негадир квартирадаги барча хоналарнинг чироқлари бирдан ёришиб кетди. Матрайим парво ҳам қилмади бунга. Кейин чироқлар қандай ёнган бўлса, худди шундай ҳолатда ўчиб қолди. Ғалати! Бу сафар Матрайим ванна ва ошхона чироқларини қайта ёқиб кўрмоқчи бўлди – ёнмади! Шаҳарда чироқ ўчди, шекилли. Меҳмонхонада қандайдир ёруғлик унинг эътиборини тортди. Телевизорни ёқиб қўйишганми, деган хаёл келди унинг лўқиллаб оғриётган калласига гарчи боягина шаҳарда чироқ ўчганига амин бўлган бўлса-да.  Кейин ўша хонадан эшитилган эркак ва аёлнинг қиқир-қиқир кулгиси уни янада таажжубга солди. Қизиқ! Матрайим меҳмонхона эшиги деразасидан диванда ўтириб олиб, планшетида ниманидир томоша қилаётган аллакимни кўрди. Планшетнинг ёруғида унинг юзи аниқ кўзга ташланди. Хотини, йўғ-е хотини эмас! Қор-бо-бо!? Қорбобо кийимидаги кимдир, деб ўйлади Матрайим. Бояги эркак ва аёлнинг кулгиси планшетдан таралаётган экан. Эркакнинг овози негадир унга таниш! Ие, бу ўзининг овози-ку! Маст ҳолатда мириқиб кулаётган аёл ҳам бегона эмас! Бу анави… Кечагина… Йўқ! Бугун! Ҳозир! Боягина унинг ёнида эди-ку! Матрайим ҳаммасини эслади. Ким билан қаерда ичганини ҳам, кейин нима бўлганини ҳам! Бу ҳолат унинг кайфини бироз тарқатиб юборди. Ким бўлди манави нусха?! Ичкарига бостириб кираркан, Қорбобо дафъатан ўғирлик устида қўлга тушгандек ўзини бесаранжом сезди. Планшетининг ёруғлигини Матрайимга йўналтираркан, кейин негадир қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди.

– Наҳотки бу яна сен!

Матрайим кўзини пана қиларкан, планшет экранида ўзи билан ҳалиги аёлнинг стол атрофида ўтирган тасвирларини кўриб қолди.

– Қаердан олдинг буни? – деди Матрайим аввалига дўқ-пўписа билан. Шу чоғ унинг тиллари ҳам бурро-бурро бўлиб кетганди. Шундай мартабали одамни бу ҳолатда бошқалар кўрса унинг обрўсига путур етарди-да албатта! – Ҳазиллашма, эй! К-кимсан сен?

– Боягина ўша ерда эдим, – Қорбобо диванга қайтиб ўтирди. – У аёлнинг нечта фарзанди бор ўзи? Ҳисобда адашдим чоғи. Болаларга янги йил совғаси улашиб юрибман! Кўрмаяпсанми, Қорбобоман! Қор-бо-бо, – деди у дона-дона қилиб.

– Бугун янги йил кечаси эмас, — Матрайим бунақа ҳолатдан қандай чиқишни яхши биларди. Ана шундай пайтларда унинг ич-ичидаги қандайдир айёрлик тилига кўчарди. Қорбобога яқинлашаркан, унга яхшилаб разм сола бошлади. Гап асносида унинг қайси дўсти эканлигини аниқламоқчи бўлди. Қайси бири экан-а? Бунақа янги йил ҳазили етти ухлаб тушига ҳам кирмаганди.

– Сенингча минг йил аввал билан бугуннинг фарқи йўқми? – деди Қорбобо хотиржам кўзини планшетдан узмай. – Сенинг асрингда ҳаммага бир кундаёқ совға улашиб бўларканми?

Негадир Қорбобонинг овози Матрайимнинг хаёлига келтирган дўстиникидек дўрриқ эмасди. Аниқ дўсти эмас! Э Худо! Бу видеотасвирларни бошқа биров кўрса борми, оиласи барбод бўлади. Хотини аниқ ажрашади! Болалари етим қолади! Бу нусха ҳойнаҳой хотини томонидан кимдир. Матрайимни кузатиб юрган ва унинг хиёнатини фош қилмоқчи! Лекин эру хотиннинг ажрашишини истамайди. Йўқса, Қорбобо кўринишига киришга бало борми? Матрайим ўз уйида унга таҳдид қилиши, куч ишлатиши ҳам мумкин эди. Бироқ таваккал қилгиси келмади. Тиззасини ерга ташлади-ю, Қорбобо томон юриб борди. Унга ёлворди.

– Мен сени танимадим! Ҳайрон қолдирдинг! Хоҳласанг яхши иш бераман. Хоҳласанг катта пул!

Қорбобо тирсагини унинг қўлларидан тортиб олди. Матрайим Қорбобонинг соқолларига қўл теккизиб кўрди. Соқол худди ўзи ўсиб чиққандек, оппоқ, узун.

– Жинни бўлдингми? Мен Қорбобоман, Қор-бо-бо! – деди бояги оҳангда меҳмон. – Кичкинангга манави, ўртанчасига буниси, – дея қопидан қанақангидир ўйинчоқларни столнинг қоронғи бурчагига териб қўя бошлади. Матрайим бунга аҳамият ҳам қаратмади. Қорбобо яна бир совға бериши керак эди. Бироқ халтасини титкилаб ҳеч вақо тополмади.

– Аттанг! – деди у. – Каттангни нима қиламиз? – Планшетга кўзи тушиши билан юзида кулги пайдо бўлди. – Катта ўғлингга мана шу планшет! – дея уни Матрайимнинг қўлига тутқазди. Қорбобонинг шундан кейинги гапини Матрайим эшитмай қолди. У туриб кетди. Матрайим эса пайтдан фойдаланиб, ҳалиги видеотасвирни ўчириб ташламоқи бўлди – уддалолмади! Кейин Қорбобонинг орқасидан борди. Қани у? Матрайим ҳар бир хонага кириб чиқди. Умумий эшикни тортиб кўрди. Қулф! Балкон тарафдан ичкарига совуқ шамол кирди. Дераза очиқ эди. Матрайим деразадан бир пастга бир тепага қаради. Йўғ-э, бўлиши мумкин эмас! Осмонга учиб кетмагандир ҳарқалай! Совиткичдан ароқ олиб, яна меҳмонхонага ўтди. Қўллари қалтираб рюмкага ароқ қуйиб, босиб-босиб ичди. Олтинчи қадаҳдан кейин боши билан диванга йиқилдими ёки диваннинг ўзи келиб унга урилдими – чор атрофи гир айланаётганидан у буни билмай қолди.

Эртаси куни шанба бўлгани учун ҳам ўрнидан тургиси келмади. Ошхонада хотинининг овқатга уннаётган овозидан уйғонди. Ўрнидан зўрға тураркан, оғзидан чиқаётган бадбўй ҳид кўнглини айнитди. Буришган афти-ю, қип-қизарган кўзларини ишқаб-ишқаб қўйди. Бошида кучли оғриқни сезди. Ошхонага борди. Хотини унга қовоқ-тумшуқ қилиб салом ҳам бермади.

  • Қаерда эдинг? – деб сўради столга ўтираркан эр.
  • Онамни сал мазалари бўлмай қопти. Кеча болалар билан кўришга боргандик, – деди хотин қозонни ковларкан, Матрайимга парво қилмай.

Унинг гап оҳангидан хавотир йўқлиги учун Матрайим қайнонасининг ҳол-аҳволини сўраб ўтирмади.

– Телефон қилиб айтиб қўйиш керак эди.

 – Ўғлингиз телефон қилди. Жавоб бермадингиз, – хотини атайин қозоннинг қопқоғини зарб билан ёпди.

  • Ҳа…– тараддудланди Матрайим. – Банд эдим.
  • Ароқ бор жойда болаларингиз эсга тушармиди? – Хотин заҳрини сочди.

Матрайим одатда бундай пайтда хотини билан тортишиб ўтирмасди. Балконда болалари нимагадир қизиқиб қараб турганига кўзи тушди. Бири олиб, бири қўйиб нимага қараяпти улар? Китобми? Йўғ-э – планшет! Матрайим шошилиб балконга чиқди-ю, болаларидан уни юлқиб олди.

  • Ким берди буни сенларга?!

Отанинг важоҳатидан ўғиллари гапиролмади.

  • Тоғаси катта ўғлингизга жўнатипти. Янги йил совғаси, – изоҳлади хотин.
  • Кеча ўзи келмаганмикан уйимизга? – жонсарак сўради Матрайим.
  • Жўнатипти деяпман-ку, мастмисиз ҳалиям? Ўзи келаси ой келаркан.

Матрайим планшет қайтариб берилишидан умидвор болаларига эътибор ҳам қилмай, меҳмонхонага қайтиб кирди. Планшетдан кечаги видеотасвирларни қидирди. Хотира картасига кириб, экранда кўриниб турган барча папкаларга қайта-қайта кириб чиқди. Йўқ! Излаган нарсаси йўқ! Матрайимнинг боши қотди.

  • Бошқа бирор нарса жўнатмаптими уканг? – овозини баландлатиб сўради у хотинидан. Кўзи билан кеча Қорбобо ташлаб кетган аллақандай ўйинчоқларни қидирди.
  • Нима қайнукангизни пул заводи борми сизга?!

 Шундан сўнг Матрайимнинг калласига ҳар хил фикрлар кела бошлади. Ким эди ўзи кечаги одам? Муддаоси нима эди?

  1. Кечаги Қорбобо аслида чиндан ҳам хотинининг бирор қариндоши – қайнукаси, эҳтимол хотинининг ўзи! Йўғ-э, агар шундай бўлса, бугун нақд “ўлдирарди!”. Қайнукасига келсак, у узоқда бўлса, лип этиб келиб, лип этиб кетолмайди-ку – у эмас! Аниқ у эмас!
  2. Балки ўзининг ҳазиллашмоқчи бўлган бирор таниши. Бироқ, планшетни тоғаси жўнатди дедику, хотини. Чиндан ҳам гаплашгандирда! Бу ҳам унча тўғри келмаяпти.
  3. Эҳтимол ҳақиқий Қорбобо минг йилдан кейин қайтгандир! Чиндан ҳам Матрайимнинг жазманиникига кейин уникига билмай келиб қолган! Бу шунчаки тасодиф, та-со-диф!