Bosh sahifa Mualliflardan Ота-онанинг вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбурияти

Ота-онанинг вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбурияти

0

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасига кўра,        ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенция асосида ишлаб чиқилган қонун ҳужжатларида вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз болаларнинг моддий таъминот олиш ҳуқуқи белгилаб қўйилган.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 96-моддасига кўра, Ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт. Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади. Вояга етмаган болаларга алимент тўлаш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаганда ёки алимент ихтиёрий равишда тўланмаганда ва ота-онадан бирортаси ҳам алимент ундириш тўғрисида судга даъво ёхуд ариза билан мурожаат қилмаган ҳолларда, васийлик ва ҳомийлик органлари, шунингдек ўн тўрт ёшга тўлган бола вояга етмаган боланинг таъминоти учун ота ёки онадан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақлидир. Ота-она ва бола алоҳида-алоҳида яшаган тақдирда, васийлик ва ҳомийлик органлари, шунингдек ўн тўрт ёшга тўлган бола бир вақтнинг ўзида ота ва онадан вояга етмаган болаларнинг таъминоти учун алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақли.

Оила кодексининг 97-моддасида вояга етмаган болаларига алимент тўлаш ва уларга таъминот беришда ота-онанинг мажбуриятлари тенгдир. Вояга етган, меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига таъминот беришда ота-онанинг мажбуриятлари тенгдир. 

Ушбу кодексининг 98-моддасига кўра, ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериш учун алимент тўлаш тартибини ўзаро келишган ҳолда белгилашга ҳақлидирлар. Вояга етмаган болаларига таъминот бериш учун алимент тўлаш тартиби ва шакли ҳақида ота-она ўртасидаги келишув қонунда белгиланган қоидаларга ва боланинг манфаатларига зид бўлмаслиги керак. 

 Маълумки, фарзанд тарбияси ҳар бир ота-она, қолаверса, жамият зиммасидаги ўта шарафли ва айни пайтда масъулиятли вазифалардан бири саналади. Лекин ҳаётда ўз фарзандини тарбиялаш ва таъминлашдан бош тортувчи ота-оналар ҳам учраб туради. Биргина 2020 йилнинг 9 ойи давомида Учқудуқ туманида вояга етмаган фарзандининг таъминоти билан ихтиёрий шуғулланмаган 58 нафардан зиёд фуқародан суд қарорлари асосида алимент ундирилганлиги бу фикрнинг тасдиғидир.

Вояга етмаган фарзанд қачон имкони бўлса, отам ёки онам алимент тўласа, кейин еб-ичаман, деб кутиб туролмайди. Шунингдек, ўз вақтида моддий таъминлаш боланинг соғлом вояга етишида муҳим омил ҳисобланади.

Шунинг учун ота ёки она фарзандини моддий таъминлашдан бош тортса, манфаатдор томон алимент ундириш ҳақида ўз вақтида судга мурожаат қилиши лозим. Ўз навбатида, бунинг учун тегишли қонун талабларини ва ўрнатилган тартибни билиш тақозо этилади.

Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 09 январдаги “Айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги                            ЎРҚ-459-сонли Қонун талабларига кўра, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексларига бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Яъни суд ҳал қилув қарори ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик — 15 сутка муддатга маъмурий қамоққа олиш ёки маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга энг кам иш ҳақининг
20 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу ҳаракат маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса, икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланилади.

Бу ҳаракат илгари ҳукм қилинган жиноятига ўхшаш жиноят содир этган, яъни муқаддам вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаган шахс, хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликдан марҳум қилиш билан боғлиқ жазо белгиланади.

Яна бир муҳим жиҳат: агар шахс алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни тўлиқ тўлаган бўлса, у жавобгарликдан озод қилинади. 

Шу билан бирга алимент тўловчиларга алиментни бир йўла тўлаш ва гаров мулки эвазига алимент тўловини тўлиқ бажариш имконияти берилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 06 октябрдаги 808-сонли Қарори билан тасдиқланган “Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек, алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби тўғрисида”ги Низомни алоҳида таъкидлаш зарур.  

Ушбу низомга мувофиқ, вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек вояга етмаган болалар, эр (хотин), собиқ хотин (собиқ эр) ва бошқа меҳнатга лаёқатсиз шахслар таъминоти учун алимент тўлаш мажбуриятини таъминлашда гаров шартномасини тузиш тартибини белгиланди.

Эндиликда, давлат ижрочиси иш юритувида бўлган ижро ҳужжати бўйича қарздор томонидан ундирувчига алиментларни олдиндан тўлаш ҳисобига кўчмас ёки кўчар мулк ёхуд бошқа қимматли ашё тақдим этилиши мумкин.

Алиментлар суммасини олдиндан тўлаш ёки алиментлар тўлаш мажбурияти бўйича гаров тузиш фақат қарздорнинг алимент тўловларидан қарздорлиги мавжуд бўлмаганда амалга оширилади.

Алимент тўлаш бўйича гаров шартномасининг тузилиши алимент тўловчи шахсга белгиланган Ўзбекистондан чиқишини вақтинча чеклашни олиб ташлаш учун асос ҳисобланади.

Алиментларни олдиндан тўлаш бола вояга етгунига қадар ҳар қандай давр учун амалга оширилади.

Бунинг учун фуқаролик ишлари бўйича судга ариза билан мурожаат этилади.

Аризага Мажбурий ижро бюросининг туман (шаҳар) бўлими томонидан берилган алимент тўловларидан қарздорлиги мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотнома, шунингдек, давлат ижрочисининг олдиндан тўлаш белгиланган алиментлар суммасини ҳисоблаш тўғрисидаги қарори илова қилинади.

Олдиндан тўлаш белгиланган алиментлар суммасини ҳисоблашда, келгуси даврлар учун тўланадиган алиментлар суммасига, тўлов вақтидаги ҳар йилги алиментлар суммасининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган қайта молиялаш ставкасига капитализация коэффициенти қўлланилади.

Алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлаш тўғрисидаги гаров шартномаси нотариал тартибда тасдиқланади. Қарздор томонидан кетма-кет икки ой давомида алимент тўловлари тўланмаган тақдирда, давлат ижрочиси ундирувни гаров предметига қаратиш чораларини кўради. 

Алимент тўловларини тўлиқ тўламаслик ҳам тўланмаган алимент ҳисобланади.

Амалдаги қонун талабига биноан, агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг:

бир бола учун — тўртдан бир қисми;

икки бола учун — учдан бир қисми;

уч ва ундан ортиқ бола учун — ярмиси миқдорида алимент ундирилади.

Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори энг кам иш ҳақининг 75 фоизидан кам бўлмаган миқдорда белгиланади.

Ҳозирги кунда вояга етмаган болалар таъминоти бўйича алимент ундириш учун аризаларни уйдан чиқмасдан, фуқаролик ишлари бўйича тегишли судларга электрон равишда юбориш имконияти мавжуд.

Ушбу жараённи Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва БМТ Тараққиёт дастурининг «Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик» қўшма лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилиб, айни пайтда самарали татбиқ этиб келинаётган E-SUD миллий электрон судлов ахборот тизими орқали тез ва қулай тарзда амалга ошириш мумкин. Бунинг учун қуйидаги оддий ҳаракатларни бажариш кифоя:

1) интернет-браузер орқали v3.esud.uz сайтига кириш;

2) рўйхатдан ўтиш;

3) логин ва паролни териб, ўз «шахсий кабинети»га кириш;

4) «янги ариза» менюсига кириб, кўрилаётган иш тури (суд буйруғи) ни танлаш;

5) аризани топширмоқчи бўлган судни танлаш;

6) талаблар туркумидан «вояга етмаган болалар таъминоти учун алимент ундириш»ни танлаш;

7) қарздор ҳақидаги маълумотларни тўлиқ ва аниқ киритиш;

8) талаб турига кўра, тегишли маълумотларни киритиш;

9) тўланган давлат божи миқдорини кўрсатиш;

10) ариза ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг, шу жумладан, давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатнинг электрон нусхасини ахборот тизимига юклаш;

11) «Сақлаш ва жўнатиш» тугмасини босиш лозим.

Мурожаат қабул қилинганлиги ҳақидаги маълумотни ва уч кун ичида натижаси бўйича суд қарорини электрон шаклда олиш, яъни судга келмасдан туриб, вояга етмаган фарзанд таъминоти учун алимент ундириш мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу қўшимча ва ўзгартишлардан кўзланган мақсад, бир томондан, вояга етмаганлар ва меҳнатга лаёқатсиз шахсларнинг моддий таъминот олиш ҳуқуқларини тўла ҳимоя қилиш бўлса, иккинчи томондан, уларнинг моддий таъминотига жавобгар шахсларнинг масъулиятини ошириш сифатида намоён бўлади.

Р.ЖЎРАЕВФуқаролик ишлари бўйича Учқудуқ туман суд аппарати ходими.