Bosh sahifa Mualliflardan Овуллар аҳолисининг давлат хизматларидан фойдаланиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда

Овуллар аҳолисининг давлат хизматларидан фойдаланиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда

0

Давлат хизматлари Агентлиги Навоий вилояти бошқармаси ҳудуднинг энг олис овулларида истиқомат қилаётган одамларга мобил хизмат кўрсатишни давом этмоқда. Бу галги ҳудуд Конимех туманининг Боймурат ва Янгиғазғон овул фуқаролар йиғинлари бўлди. Вилоят марказидан 210-250 километр узокликда чўл шароитида яшаётган аҳолининг давлат хизматларига бўлган эҳтиёжини қаноатлантириш мақсадида ташкил этилган мобил хизмат вилоятда ҳудуд одамлари учун «маърифат карвони» номи билан  ташкил этилган тадбир доирасида ҳаракатланди.

Чўл ҳудудида яшашнинг ўзи бўлмайди. Қиши совуқ изғирин, ёзи иссиқ гармсел. Дов-дарахт ўсиши мушкул бўлган ҳудудда одамлар чорвачилик билан шуғулланади, холос. Тадбир иштирокчилари, жумладан давлат хизматлари маркази ходимлари ҳам овулда кўкаламзорлаштиришни ният қилиб кўчат ўтказдилар. Ёшларга китоб хадя этдилар. Шу куни мобил хизмат олишга келган ҳар иккала ҳудудда 200 нафардан ортиқ чўлқуварлар йиғилдилар. Ким мобил поликлиникада ўз соғлигини текширтирди. Кимдир мобил автобусда давлат хизматини олди. Мутасаддилар аҳоли муаммоларини ўргандилар.

Конимех туманидаги чорвачиликка ихтисослашган маъсулияти чекланган жамиятга тегишли бино Янгиғазғонда анчадан буён ташландиқ авҳолда эди.  Улбазар Сулейманова «чўл шароитида яшаётган одамларга нафим тегсин» дея, мазкур бинода умумий овқатланиш шахобчасини очди. Чўл шароитида ошхона очишнинг ўзи бўлмайди. Аммо, тадбиркор фарзандлари билан бу юмушни эплашига кўзи етди. Фаолиятини эса оилавий корхона сифатида давлат хизматлари марказидан рўйхатдан ўтказди.

photo_2019-04-26_18-23-43

Энг асосийси, марказ ходимлари икки  ҳудудда 36 нафар фуқаронинг ўзбошимчалик билан қурган уйига мулк ҳуқуқини эътироф этиш мурожаатларини қабул қилдилар. Аҳоли эса яшаб турган жойида, ҳеч қандай йўлга отланмай, вақт ва маблағ сарфламай олган сайёр хизматлари туфайли қатор масалаларига ечим топганидан мамнун. «Баймурат» ва «Янгиғазғон» овулларида икки кун давомида 79 нафар фуқаронинг давлат хизматлари марказига мурожаатлари қабул қилинди. Мобил автобус яна янги манзили томон шошилди.

photo_2019-04-26_18-23-57

Ҳали олдинда Нуротанинг олис тоғ этакларидаги қишлоқлар-у, Хатирчининг  кенг яйловлари, қадим сойларида жойлашган ҳудудлари бор.

Фарход БЎРИЕВ, Конимех ДХМ директори.