Bosh sahifa Jamiyat ПАНДЕМИЯ ВА ТАДБИРКОРЛИК: МУАММОЛАРГА АНИҚ ЕЧИМЛАР ТОПИЛМОҚДА

ПАНДЕМИЯ ВА ТАДБИРКОРЛИК: МУАММОЛАРГА АНИҚ ЕЧИМЛАР ТОПИЛМОҚДА

0

Дунёда пандемия ҳукм сурар экан, бу ҳолат табиий равишда бизнес субъектлари фаолиятига ҳам салбий таъсир ўтказмоқда. Республикамизда, жумладан 20 мингдан зиёд хусусий корхоналар фаолият олиб бораётган вилоятимизда ҳам шундай вазиятни кузатиш мумкин. 

Шунга қарамай мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолиятини янада ривожлантириш, шунингдек, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар жараёни тўхтаб қолгани йўқ. Пандемия даврида ҳам тадбиркорлик субъектларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда давлат органлари қаторида Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг ўрни алоҳида аҳамият касб этмоқда, десак хато бўлмайди.  Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 19 мартда эълон қилинган “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида” Фармони ижроси бўйича карантин даврида тадбиркорлар мурожаатларини ўрганиш ва тезкорлик билан ҳал этиш юзасидан штаб фаолият олиб бормоқда. Карантин даври бошлангандан буён қабулхонага 300 нафардан зиёд тадбиркорлар мурожаат қилди. Асосан кредит муддатларини узайтириш, бир ҳудуддан иккинчи ҳудудга маҳсулот ёки ишчиларни олиб ўтиш, солиқ, маҳсулот сотиш, дезенфекция ишларини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган мазкур муаммолар штаб томонидан 87,2 фоизи ижобий қаноатлантирилди. Жумладан, палата аъзоси бўлган хусусий компанияга Туркия Республикасидан жами миқдори 257 минг 500 АҚШ долларга тенг табиий тошни қайта ишлаш ва пардозлаш ускунарини келтириш лойиҳаси “Covid-19” сабабли тўхтаб қолган эди. Палата аралашуви билан тегишли юклар ортиқча оворагарчиликсиз Нурота туманига олиб келинишига амалий ёрдам кўраситилди. 

Умуман олганда, жорий йилнинг ўтган даврида палатанинг вилоят ҳудудий бошқармасига тадбиркорлик, хўжалик юритувчи субъектларидан бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишни сўраб қарийб 500 га яқин мурожаат келиб тушган. Ушбу мурожаатларнинг аксарияти томонлар ўртасида имзоланган ёки шартлашилган келишувлар лозим даражада бажармаганлик оқибатида вужудга келган низоларни ҳал этишда кўмаклашишдан иборатдир. Мурожаатларни таҳлил этишда айрим ҳолатларда давлат ва хўжалик бошқаруви ёки назорат органлари томонидан тадбиркорлик субъектининг ҳуқуқларини чеклашга доир ҳолатларни бартараф этишда амалий ёрдам кўрсатишни сўраш ҳолатлари ҳам мавжуд. Қонун билан Палатага берилган ваколатлардан келиб чиқиб, тадбиркорлик субъектларининг манфаатида судларга жами бўлиб 1300 дан зиёд даъво аризалари билан мурожаат қилинган. Ушбу даъво аризаларининг эса 90 фоизи ижобий ҳал қилиниб, тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари тиклаб берилди.   

Палата томонидан ҳудудда фаолият кўрсатаётган маҳаллий тадбиркорлик субъектлари маҳсулотларини ташқи бозорларга етказиб бериш бўйича тижорат таклифларини тайёрлаш, хорижий ҳамкорларга юборишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада бугунги кунда Ўзбекистон-Германия савдо уйи билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилди. Савдо уйи орқали мева-сабзавот, текстиль, ҳунармандчилик маҳсулотларини Европа давлатларига экспорт қилиш бўйича тижорат таклифлари юборилмоқда. Бундан ташқари, Белорусия Республикаси Гомель вилояти Савдо-саноат палатаси билан келишув тўғрисидаги битим имзоланган. Шунинг доирасида Гомель вилояти Савдо-саноат палатасининг таклифларига асосан мева-сабзавот, текстиль, минерал сув ва турли хилдаги экспортбоп маҳсулотлар учун тижорат таклифлари юборилмоқда.

Бошқарма томонидан шунингдек, тадбиркорлик субъектлари учун ускуна ва минитехнологияларни қидириб топиш ва олиб келиб бериш бўйича намунали ишлар йўлга қўйилган. Хусусан, бу борада 1000 га яқин хорижий компаниялар билан музокаралар ўтказилиб, деярли барча турдаги минитехнологиялар ва ускуналар базаси соҳалар бўйича ажратилган. Жумладан, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш технологиялари бўйича Италия, Туркия, Россия, Корея, Тайван, Ҳиндистон, Хитой, Эрон, Белгия, Франция, Швеция, Украина каби мамлакатлардан жорий йилнинг ўтган даври давомида 3 та тадбиркорга 630 минг 859 АҚШ долларига тенг ускуналар харид қилишда амалий ёрдам кўрсатилган. Яна 16 та тадбиркорлар учун ускуналар бўйича музокаралар ўтказилмоқда. 

Албатта, тадбиркорлик соҳасининг жадал ривожи ҳар бир ҳудуд тараққиётида бирдан-бир ечим саналади. Шу боис, ҳар бир муаммоли вазиятга беэътибор бўлмай, бевосита жойида бориб ўрганилмоқда. Натижада бизнес эгалари фаолияти турғунлик ҳолатидан олиб чиқилмоқда. Бундай саъй-ҳаракатларимиз эса иш ўринларининг йўқотилиши, қолаверса янги иш ўринлари ташкил этиш жараёнларининг сустлашиши олдини оляпти. 

Раҳматулло ИБРОҲИМОВ, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи.