Bosh sahifa E'tirof Пойтахтимизда ўтказилган сайилда муносиб иштироки учун вилоятимиз жамоаси Маданият вазирлиги томонидан рағбатлантирилди

Пойтахтимизда ўтказилган сайилда муносиб иштироки учун вилоятимиз жамоаси Маданият вазирлиги томонидан рағбатлантирилди

0

Пойтахтимизда ҳар йилгиданда ўзгача жозибадорликда ўтган Наврўз сайли ўлмас қадриятларимиз, ҳамжиҳатлигимизни теран ифода этгани билан нафақат юртдошларимиз, балки чет эллик меҳмонлар эътирофига ҳам сазовор бўлди.

Кеча ниҳоясига етган тадбирнинг “Наврўз” мажмуаси, Абдулла Қодирий номидаги истироҳат боғи ва “Ўзэкспомарказ” майдонида бўлиб ўтган тантаналарида вилоятимизнинг 300 нафарлик жамоаси ҳам қатнашди.

 Байрам дастурида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри вакиллари ўз ҳудуди тарихи, маданияти, урф-одат ва анъаналарини акс эттирган чиқишлар, миллий таомлар ва ҳунармандлик маҳсулотларини намойиш этишди. Ҳунарманд-усталар, ганчкорлар, каштадўзу чеварларнинг рангин либослари, дўмбира, доира, чанқовуз каби халқ чолғу асбоблари, воҳамизга хос бўлган миллий буюмлар барча меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Ранг-баранг ашула ва рақслар, вилоятимиз турли бадиий жамоаларининг чиқишлари, халқ ўйинлари, лапарларда қадимий байрамимизнинг ноёб қирралари ўз аксини топди.

Навоийликлар уч кун давомида палов, сумалак, кўксомса, бешбармоқ, чучвара, ҳалиса каби ўнлаб миллий таомлар тайёрлаб, ўтовлар тикишди, сўрилар безатилиб, ҳудудимиз ҳунармандлари, каштадўзлари, кулолларининг маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди. Бадиий жамоалар, қизиқчи ва сўз усталари пойтахтликлар ва бошқа ҳудудлардан келган меҳмонларга, қардош халқлар вакилларига ўз истеъдодини намойиш этдилар.

Навоий шаҳридаги “Ширин”, “Фарҳод” маданият саройи бадиий жамоаларининг воҳамиз миллийлигига хос бўлган концерт дастурлари айниқса, кўпчиликни лол қилди.

– “Сардоба”, “Нуржаҳон”, “Ёр-ёр” фольклор гуруҳлари, “Анорбобо” дорбозлик жамоаси, “Истиқлол” ва “Марварид” рақс дасталари сайил иштирокчилари олқишига сазовор бўлишди, – дейди биз билан суҳбатда навоийлик хонанда Ғайрат Атақулов. – Чиқишларимизда кўпроқ вилоятимиз туманларига хос бўлган миллий урф-одатлар тараннуми ҳамда анъаналарни ифода этишга эътибор қаратяпмиз. Сайилда санъаткорларимиз билан бирга спортчиларимиз ҳам қатнашмоқда.

IMG_0953

– Сайилда иштирок этиб Навоийда нафақат саноат, балки каштадўзлик, зардўзлик, кулолчилик каби миллий ҳунармандчик ҳам юксак ривожланганига амин бўлдим, – дейди тошкентлик Шоядбек Машраббоев. – Ҳар бир анъана ва қадриятларнинг ҳудудга хос жиҳатларини вилоят жамоаси томонидан ташкил этилган кўргазмаларда бевосита кузатдик. Вилоятингиз вакиллари сайилга пухта тайёргарлик кўргани уларнинг ҳар бир чиқишида сезилди. Менда айниқса, воҳага хос Наврўз байрами мадҳ этилган қўшиқлар катта таассурот қолдирди.

 Вилоятимиз жамоаси фаол иштироки учун Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан қимматбаҳо совғалар билан рағбатлантирилди.