Bosh sahifa Yangiliklar Навоийда 1059 та тадбиркорлик субъекти фаолияти қайта тикланиб, уларнинг 3,3 миллиард...

Навоийда 1059 та тадбиркорлик субъекти фаолияти қайта тикланиб, уларнинг 3,3 миллиард сўмлик солиқ қарзи ҳисобдан чиқарилди

0

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27  июлда эълон қилинган “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва Қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида вилоятимизда бугунги кунга қадар 1059  нафар фуқароларимиз тадбиркорлик фаолиятини қайта тиклаб, уларнинг 3 миллиард 349 миллион сўмлик солиқ қарзи ҳисобдан чиқарилди.

Мазкур ҳужжатга кўра молиявий-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган, фаолиятини вақтинча тўхтатган якка тартибдаги тадбиркорлар, давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик билан шуғулланган жисмоний шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган тақдирда уларнинг солиқ қарзлари, молиявий жарималар ҳамда пенялар ҳисобдан чиқарилади. Шунингдек, якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият олиб бораётган жисмоний шахслардан тегишли фаолият тури бўйича ўрнатилган ставкадан келиб чиқиб ҳисобланган бир йиллик миқдордаги қатъий белгиланган солиқларни бир йўла ундириш тартиби ҳам бекор қилинди.

– Бир неча йилдан бери давлатдан молиявий жарима бўйича қарзларимни тугатиш масаласини ечолмай қийналиб юрган эдим, – дейди фуқаро Аъзам Супонов. – Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорликка қаратаётган юксак эътибори туфайли менинг 67,8 миллион сўмлик солиқ қарзларим ҳисобдан чиқарилди. Айни дам бир туйғуни хис қилаяпман: бу юртда туғилиб ўсган ҳар бир фуқаро бахтли яшаши мумкин, фақатгина шукур қилиб берилган имкониятдан оқилона фойдаланиши лозим.

Солиқ қарзига эга тадбиркорларга юқоридаги фармон асосида 2019  йилнинг 1 январига қадар ана шундай имконият яратилган эди.