Bosh sahifa Jamiyat Рақамли иқтисодиёт: қулай, шаффоф ва коррупциядан холи

Рақамли иқтисодиёт: қулай, шаффоф ва коррупциядан холи

0

“Кадастр” сўзи халққа яқин кунларгача бир уюм қоғоз ва 3-4 ойлаб вақт талаб қиладиган юмушни эслатарди. Барча соҳалардаги каби Давлат ер геодезия кадастр тизимида ҳам босқичма-босқич ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Фуқароларнинг уй-жой қуриши, тадбиркорлик юритиш учун ер участкасини олишдан тортиб, кадастр хужжатларини расмийлаштириш, давлат рўйхатидан ўтказишгача бўлган жараён ихчамлашди. Кадастр китоблари ўрнига смарт карталарнинг жорий этилиши эса тизимнинг рақамлашаётганидан далолатдир. Ҳадемай, Навоийда ҳам бу ислоҳотлар бошланади, боиси     Тошкент, Фарғона, ва Андижонда фуқаролар уй жойлари кадастр китоби ўрнига смарт карталарга эга бўлишмоқда.

 Маҳаллий ишбилармон Шерзод Турсунов ҳам тадбиркорлик объектини фойдаланишга топшириш учун Навоий шаҳар давлат хизматлари марказига ташриф буюриб , кўчмас мулкка бўлган хуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш, қурган бино ва иншоотини фойдаланишга топшириш учун ариза ташлади. Маҳаллий тадбиркорнинг таъкидлашича, “Ишонч гиламлари” хусусий корхонаси ишбилармонлари ўз бизнесини кенгайтириб, аҳолига қурилиш моллари етказиб беришни ҳам йўлга қўйишган. Тадбиркор мурожаати ўша заҳотиёқ, “Ермулккадастр” тизимининг электрон базасига тушди. Тизим ходимлари бир кундан сўнг тадбиркорнинг фойдаланиш учун мурожаат қилган обеъктида бўлдилар. Мутахассислар бино атрофи ва ички қисмини текшириб, қурилган иморат корхона ишчи ходимлари ҳаётига хавф солмаслигига амин бўлишди.

IMG_20200716_074501_424

Тадбиркор белгиланган муддатда яна Давлат хизматлари марказида бўлди. Мурожаатига кўрсатилган давлат хизматидан мамнун ишбилармон ҳар иккала тизимда тезкорликда бажарилган  юмушдан қаноатланди.

Тизим тадбиркорлар билан бир қаторда аҳолига ҳам сифатли хизмат кўрсатишни йўлга қўйган. Фуқаро Кенжагул Ҳамроева хонадонида қўшимча бино қургани боис кадастр китобини янгиламоқчи бўлиб, Кармана тумани Давлат хизматлари марказидан мурожаат қилди. Ариза саноқли дақиқаларда тизимга интеграция қилинган ташкилотга электрон шаклда ташлаб берилди. Фуқаро истиқомат қиладиган ҳудуддаги Ермулккадастр давлат корхонаси мурожаат юзасидан ходимларни хизмат кўрсатилиши лозим бўлган объектга жўнатди. Фуқаро мурожаатидан сўнг иккинчи кунда “Ермулкадастр” давлат корхонаси Кармана тумани филиали ходимлари Кенжагул Ҳамроева хонадонида бўлиб ўлчаш ишларини амалга оширишди. Қурилган иморат оила аъзолари ҳаёти учун хавф туғдирмаслиги аниқлангач, амалга оширилган иш юзасидан далолатнома тузилади. Хуллас, беш иш кунида фуқаро Давлат хизматлари марказига янгиланган кадастр китобини олди.

Навоий вилоятида мазкур тизим фаолиятига албатта баҳони халқ беради. Давлат хизматлари Агентлиги Навоий вилояти бошқармаси бўлим бошлиғи Фаррух Рўзиевдан олинган маълумотга кўра, жорий йилнинг июнь ойига қадар Давлат хизматлари марказлари орқали жисмоний ва юридик шахслар томонидан Ермулккадастр давлат корхонасига юборилган 10 га яқин хизмат турлари бўйича  7723 мурожаатдан 522 тасига рад жавоби берилган. Тизим берган рад жавоблари асослими деган хақли саволга Навоий вилояти “Ермулкадастр” давлат корхонаси ахборот таҳлил бўлими бошлиғи Акбарали Иброҳимовнинг  жавоби шундай бўлди.

-Аксарият ҳолларда фуқаролар ҳужжатларни тўлиқ тақдим этилмаслиги, мулкка нисбатан ўзаро зиддиятлар бўлганда рад жавоби берилади. Асосан ўлчаш ишларини амалга ошириш жараёнида фуқароларнинг улар билан боғланиш учун  қолдирган телефон рақамларига тушиб бўлмайди. Натижада мутахассислар хабарлашмай кўрсатилган манзилга борганида мурожаатчиларни тополмай қайтиш ҳоллари иш унунмига салбий таъсир етказмокда. 

Тўғриси, “Давлат ер геодезия кадастр” тизимида ҳали амалга оширилиши лозим бўлган ишлар бисёр. Айни кунда тизим коррупция ва таъмагирликка қарши курашда халоллик вакцинасини қўллашни биринчи галдаги вазифа деб билади. Мутахассислар учун иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва ижтимоий соҳада хизматлар кўрсатишда сансоларликка чек қўйиш билан аҳоли ишончини қозониш муҳим омилдир. Зеро, халқ ишончи ҳар икки тизим учун аҳамиятли.

ДХА Навоий вилояти бошқармаси ахборот хизмати.