Bosh sahifa Jamiyat Республика ишчи гуруҳи маҳаллалардаги муаммоларни ўрганди

Республика ишчи гуруҳи маҳаллалардаги муаммоларни ўрганди

0

Ҳудудларда аҳолини кўп йиллардан буён қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаш, мутасадди ташкилотларни жалб қилган ҳолда уларни жойида бартараф этиш мақсадида республика ишчи гуруҳи  вилоятимизда 18-20 сентябрь кунлари ўрганиш ишларини олиб борди.

Ишчи гуруҳ томонидан вилоят Халқ қабулхонаси ҳамда шаҳар-туман ҳокимликлари билан ҳамкорликда бир қатор маҳаллаларда уцчрашувлар ўтказилиб, аҳолининг муаммолари тингланди.

Жумадан, Кармана тумандаги “Боғишамол” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи аҳоли билан худди шундай учрашув ўтказилди.

Туман ҳокими Ф. Умаров олиб борган учрашувда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати З. Султонов, республика ишчи гуруҳи раиси ўринбосари О. Тошходжаев, вилоят Халқ қабулхонаси раҳбари И. Раззоқов ҳамда тегишли ташкилот ва корхоналар мутасаддилари иштирок этди.

Савол-жавоб тарзида ўтказилган учрашув жараёнида фуқаролар ўзларини қийнаётган муаммолар бўйича мурожаат қилишди.

88 018

Жумладан, фуқаро Б. Фармонов мазкур маҳаллада 6500 нафардан ортиқ фуқаро истиқомат қиладиган ҳудудда дорихона мавжуд эмаслиги ҳақида шикоят қилди. Ушбу масала бўйича туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Б. Базаровга ҳафтанинг белгиланган кунларида ҳудудга кўчма дорихона келиб-кетишини таъминлаш вазифаси топширилди. Шунингдек, туман ҳокими томонидан ҳудудда дорихона қуриш истагида бўлган тадбиркорлар учун имкониятлар яратиб берилиши маълум қилинди.

— Хонадонларимиз сел йўлига яқин жойлашган, – дейди яна бир фуқаро М. Мирзаев. – 130 дан ортиқ оила хавфли ҳудудда яшайди. Икки йилдан буён ёғингарчилик мавсумларида сел келиб, турар-жойларимизга зарар етказмоқда. Ушбу масала ижобий ечимини топса, ёғинли кунларда бехавотир яшардик.

Албатта, сув тошқинлари, жумладан, сел келиши катта талафотларга сабаб бўлиши мумкин. Шу боис ҳудуднинг тоғолди қисмидан келгуси йилда 1 километрдан ортиқ масофада тўғон қурилиши режалаштирилган. Бу борада тегишли ишлар олиб борилаётганлигини туман ҳокими ўринбосари Д. Эргашев маълум қилди.

Учрашув жараёнида фуқаролар томонидан ичимлик суви, табиий газ, бандлик, кадастр хизматлари ҳамда ижтимоий соҳаларга оид 20 дан ортиқ савол ва таклифлар билдирилди. Ушбу мурожаатларнинг барчасига ечим топиш юзасидан мутасаддиларга кўрсатма ва топшириқлар берилди.