Bosh sahifa Jamiyat Республика ишчи гуруҳи Навоий вилояти солиқ тизимида олиб борилаётган ишларни ўрганмоқда

Республика ишчи гуруҳи Навоий вилояти солиқ тизимида олиб борилаётган ишларни ўрганмоқда

0

Навоий вилоятида солиқ тизимидаги ислоҳотларни сифатли амалга ошириш, солиқ тўловчиларга кўмаклашиш ва улар билан манзилли ишларни йўлга қўйиш бўйича Республика ишчи гуруҳи фаолият олиб боряпти.

Ишчи гуруҳ давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 24 декабрь куни эълон қилинган “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2019 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ Солиқ кодексига киритилган ўзгартиришлар, 1 январдан эътиборан қўлланадиган солиқ ставкалари, солиқ ҳисоби, ҳисоботларини тақдим этиш, қўшилган қиймат солиғи тўғрисида ҳамда эксперимент тариқасида жорий этилаётган электрон ҳисобварақ-фактураларнинг афзалликлари хусусида жойларда корхона ва ташкилотларга тушунтириш ишларини амалга оширяпти.

Хусусан, яқинда Кармана туманида ўтказилган семинарда йиғилганлардан кўплаб саволлар тушганлиги тадбиркорларнинг солиқ борасидаги ўзгаришларга қизиқиши жуда юқори эканлиги, яратилаётган енгилликлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва тадбиркорлар манфаатини ҳимоя қилишга қаратилгани, ислоҳотларнинг самарадорлигини англатмоқда.

Бундан ташқари, ишчи гуруҳ раҳбари А.Икрамов ва аъзоси Д.Омоновлар Навоий шаҳридаги “M — Гранд отель” меҳмонхона мажмуаси маъмурияти билан учрашиб, уларнинг ютуқлари ва муаммолари тўғрисида қизиқди. Бу ерда янгидан кучга кирган солиқ ставкалари хусусида суҳбат олиб борилди. Қўшилган қиймат солиғи, уни ҳисоблаб чиқариш ва бюджетга тўлаш тартиблари, стандарт ва соддалаштирилган солиқ турлари тўғрисида вилоят солиқ бошқармаси масъуллари тушунтириш бердилар.

4 январда ишчи гуруҳ вилоят Давлат солиқ бошқармасида тадбиркорлик субъектлари билан юзма-юз суҳбат ўтказиб, ўзгараётган солиқ тизимидаги янгиликларни амалиётга татбиқ этиш борасида солиқ хизмати органлари, “Солиқ-сервис” давлат унитар корхонасининг тадбиркорларга яқин кўмакдош бўлиш борасидаги вазифаларига алоҳида эътибор қаратилди. Солиқ тизимидаги ўзгаришлар юзасидан саволларга ишчи гуруҳ аъзолари ва солиқ хизмати ходимлари батафсил жавоб қайтарди.

5 январь куни эса ишчи гуруҳ аъзолари, вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, вилоят солиқ бошқармаси маъмурияти ва вилоят прокуратурасининг соҳалар бўйича масъуллари, савдо-саноат палатаси вилоят бўлими вакиллари иштирокида вилоят телевидениесида очиқ мулоқот ўтказилди. Унда олиб борилаётган солиқ сиёсатининг устувор жиҳатларига эътибор қаратилди, давлат раҳбари белгилаб берган топшириқларни сифатли бажариш учун ҳаракатлар дастури белгилаб олинди.

Мулоқотлардан кўзланган мақсад – барча турдаги солиқ тўловчилар манфаати мувозанатининг тенглигига эришишдир.

Ж.УМИРЗОҚОВ, Навоий вилоят ДСБ ходими.