Bosh sahifa E'tirof Рўзанинг мукофоти қай даражада?

Рўзанинг мукофоти қай даражада?

0

Ислом уламолари рўзанинг фазилати ва унинг бошқа амаллардан ажралиб турувчи хусусияти хусусида кўплаб фикрлар билдириб, бу борада кўпдан-кўп китоблар битишган. Пайғамбари­миз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Аллоҳ таоло «Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг муко­фо­тини Мен — Ўзим берурман», деган ҳадиси қудсийлари бунга сабаб бўлган асосий омиллардандир.

Дарҳақиқат, Аллоҳ рўзани бандаси­нинг амаллари ичидан Ўзи учун хос қи­либ олганини айтмоқда. Уламолар ушбу ҳадиси шариф устида фикр юритиб, қуйидаги сўзларни айтишади: охират куни мазлумлар золимдан қасос олиб, қилган зулми эвазига яхши амаллари­ни тортиб олишлари мумкин. Ҳатто зо­лим­нинг яхшилиги тугаб, ҳеч нарса қол­магач, энди мазлумнинг гуноҳидан зо­лим­га юкланади ва гуноҳи кўпайиб кет­ган кимса шу тариқа дўзахга ташланади.

Фақат рўза орқали тўпланган савоб­лар­гина бундан мустасно. Аллоҳ рўзани унинг эгаси учун шу даражада сақлаб қўяр эканки, ундан олишга ҳатто ҳакдор­лар ҳам журъат қила олмас экан. Яъни, одам боласининг амаллари қасос са­баб­ли талафот кўриб, ҳақдорлар тортиб олиши сабабли камайиши мумкин, аммо бари­бир рўзага дахл қила олишмас экан.

Яна баъзи уламолар «Рўза ботиний амал бўлиб, уни фақат Аллоҳ билади. Бошқа амалларга хилоф ўларок, у қалб­даги ният билан адо этилади. Демак, у банда билан Робби орасидаги сирли амалдир», дейишган. Рўзадан бошқа ҳамма ибодатларда амал қилувчи хоҳ­ласа-хоҳламаса, бир оз риё, обрў-эъти­бор, ўзгаларнинг ҳаваси, мақтови пайдо бўлади. Мисол учун, намоз ўқиган одам­нинг ҳолатини бошқа­лар кўриб, унга ҳурмат-эътибор билан қарайди. Шу­нингдек, закот берувчи ҳар қанча яшир­са ҳам, ҳеч бўлмаганда закотни олган киши билади, ҳаққига дуо қилади. Ҳаж ибодатига бориб келган киши тўғри­сида ҳатто маҳалласида кўпчилик тилга олиб, бу ҳолат шов-шувга ҳам айланиб кетиш эҳтимоли бор. «Ҳожи ака» ёки «ҳожи она» деган мақом инсонга қан­чалик ёқмасин, баъзи ҳолатларда у бу номга нолойиқ амаллар ҳам қилиб қўйиши кузатилган.

Рўзада эса бу нарсаларнинг бирорта­си йўқ: уни тутмоқчи бўлган одам кеча­си — ҳеч ким кўрмайдиган вақтда саҳар­лик қилади. Кундузи эса ҳамма қатори юраверади. Ифтор вақти кирмагунча ҳеч кимсиз, ёлғиз ўзи қолса ҳам Аллоҳ таоло кўриб турганини ҳис қилиб, оғзини очиб юбормайди. Шунинг учун ҳам ёлғиз Аллоҳ учун бўлган ибодатнинг мукофоти­ни Тангри таолонинг Ўзи беришни ваъ­да қилмокда. Бу ҳақиқат пайғамбаримиз томонидан қилинган қуйидаги ри­воят­да ҳам яна бир бор тасдиқланади: «Одам боласи­нинг ҳамма амали (савоби) кў­пай­тириб берилур. Бир яхшиликка унинг ўн мислидан то етти юз бароба­ригача. Аллоҳ азза ва жалла: «Магар рўза Мен учундир. Унинг мукофотини Мен берурман. У (одам боласи) шаҳвати ва таомини мен учун тарк қилур», деди».

Демак, рўзадан бошқа амалларнинг савоби қай микдорда кўпайтириб берилиши аниқ айтилган. Бир амал учун савоб ўн мартадан то етти юз мартагача кўпайтирилиши ҳам мумкин.

Рўза учун бериладиган савоб эса шу даражада кўп бўладики, уни Аллоҳ тао­ло­дан бошқа ҳеч ким билмай­ди, идрок хам қила олмайди. Рўзадорнинг амали бунча­лар юқори баҳоланишининг саба­би шуки, у таоми ва шаҳватини фақат Аллоҳ таоло учун тарк қилиб, рўза тутганидир.

З. ОРИПОВ, Қизилтепа тумани бош имом-хатиби.