Bosh sahifa Mualliflardan “САХОВАТ ВА КЎМАК” УМУМХАЛҚ ҲАРАКАТИ ХАЛҚИМИЗНИНГ МАТОНАТИ ВА ИРОДАСИНИ ИФОДА ЭТМОҚДА

“САХОВАТ ВА КЎМАК” УМУМХАЛҚ ҲАРАКАТИ ХАЛҚИМИЗНИНГ МАТОНАТИ ВА ИРОДАСИНИ ИФОДА ЭТМОҚДА

0

Хабарингиз бор, Муҳтарам Президентимиз томонидан жорий йилнинг 20 апрель куни саноат, қурилиш ва инфратузилма тармоқлари корхоналарининг тўлиқ ишлашини таъминлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида халқимизнинг тарихий ва маънавий қадриятларини, меҳр-саховат, оқибат ва ҳиммат каби юксак фазилатларини инобатга олган ҳолда “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурилди. Халқимиз учун муқаддас бўлган Рамазон ойида эҳтиёжманд ва муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш ҳам қарз, ҳам фарз ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини фаол қўллаб-қувватлаш мақсадга мувофиқ эканлиги алоҳида эътироф этилди. Шундан сўнг “Саховат ва кўмак” жамғармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилди. Мазкур умумхалқ ҳаракати короновирус пандемияси ва карантин даврида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кўп фарзандли оилаларга, ногиронлиги бўлган шахсларга ва ёлғиз қарияларга, ўз даромадини йўқотган вақтинча ишсиз бўлган жисмоний шахсларга пул маблағлари, кундалик истеъмол товарлари, дори воситалари ва бошқа маҳсулотлар тақдим этишда муҳим омил бўлмоқда.
Воҳамизда ҳам нафақат ҳудуддаги, балки мамлакатимиз бошқа жойларида яшовчи муҳтожларга яқиндан ёрдам бериш, уларнинг муаммоларини бартараф этиш юзасидан кўплаб саховатпеша инсонлар мазкур ҳаракатга қўшилишмоқда. Хусусан, жорий ҳафта бошида вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши, вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ҳамда бир қатор ҳамкор ташкилотлар кўмаги билан қарийб 200 миллион сўмдан ортиқ 5 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва 7 турдаги антисептик ва гигиеник воситалар наманганлик ҳамюртларимизга кўмак сифатида юборилди.

IMG_20200428_134715_417Таъкидлаш керак, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати бугунги синовли кунларда халқимизнинг сабр-матонати ва иродасини янада намоён этмоқда. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши ташаббуси билан “Ёшлар келажагимиз” жамғармаси ҳамда вилоятдаги ёш тадбиркорлар ҳамкорлигида “Биз юртимизга елкадошмиз, халқимизга мададкормиз” шиори остида ижтимоий ҳимояга муҳтож 1000 та хонадонга жами 110 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. Хусусан, Кармана туманидаги балиқчиликка ихтисослашган “Экспорт фиш продукт” корхонамиз томонидан умумхалқ ҳаракати доирасида 400 та хонадонга бирламчи озик-овкат махсулотлари етказиб берилди. Шу билан бирга уч ой давомида 80 та хонадонни бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашни ҳам зиммамизга олганмиз.
Бу каби ташаббуслар ёш ишбилармонлар томонидан олиб борилаётган саъй-ҳаракатларнинг ҳали ҳаммаси эмас. Томорқа маданиятини янада ривожлантириш борасида ҳам фаол ёшлар томонидан аҳолига турли хилдаги кўчатлар ҳам тақдим этилиб келинмоқда. Мазкур хайриялар айни экин-тикин экиш даврида томорқалардан унумли фойдаланиб, зарур озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришда муҳим аҳамиятга эга. Мазкур жараёнлардан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки, ёшлари елкадош бўлган халқимиз бугунги коронавирус пандемияси даврини, албатта, талафотларсиз енгиб ўтади.
Шунингдек, “Кармана голден эгс” МЧЖ ҳам “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатида муносиб иштирок этиб келмоқда.  Корхона томонидан 100 нафар кам таъминланган оила оталиққа олинган бўлса, 500 нафар оилага бир марталик 10 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари тақдим этилмоқда. Бундан ташқари, яна 100 нафар ишсиз аҳолини ишлаб чиқариш корхоналаримизга ишга қабул қилдик. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар  давом этяпти.
Албатта, синовли кунлар ортда қолади. Қилинган эзгуликлар, савоб амалларгина абадий қолади. Юртимизнинг пандемиядан кейинги иқтисодий ва ижтимоий инқирозни тез фурсатларда енгиб ўтиши айнан бугунги паллага – бирдамлигимизга боғлиқ.
Азиз СУВОНОВ, Халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши депутати.