Bosh sahifa Mualliflardan Саховатпеша тадбиркордан маҳалла аҳли миннатдор

Саховатпеша тадбиркордан маҳалла аҳли миннатдор

0

Тошкент зилзиласи — 1966 йилнинг 26 апрелида содир бўлган мудҳиш воқеа туфайли хонадонидан айрилган минг-минглаб инсонлар янги уйга кўчиртирилаётган маҳал ўзларининг аввалги қўшнилари билан ёнмаён яшашни хоҳлаб, мутасаддилардан буни кўз ёшлари ила илтимослар қилишгани ҳақида ўқиган эдим. 

Бу халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган муқаддас Ислом динимиз таълимотлари ҳамда “Ҳовли олма, қўшни ол”, деган нақлга боболаримиз нечоғли амал қилиб яшашганларини яққол кўрсатиб берганди мен учун.

Юртимизда карантин жорий қилингач, қарийб олти минг нафар аҳоли яшайдиган бизнинг маҳалламизда ҳам табиийки оилалар учун бир қатор қийинчиликлар пайдо бўлди. 70 та оила даромаддан узилиб қолди. Яъни, улар таксичилик, умумий овқатланиш шахобчаларида ошпазлик ва шу каби фаолият турлари билан шуғулланишар эди. 

Буни қарангки, ўзига тўқ, ойлик даромадини йўқотмаган қўни-қўшнилар бу ҳолатни кўриб, бир чеккада қараб туришмади. Карантин бошланганидан бери кўплаб шундай саховатпеша инсонлар маҳалла фуқаролар йиғинига озиқ-овқат маҳсулотлари келтириб, “Маҳалла номидан шуларни фалон қўшнимизга бериб қўйинг. Биз ҳақимизда билишмасин”, дея илтимос қилишмоқда. Савоб учун чин кўнгилдан қилинаётган бу яхшилик менга ўша азим Тошкентнинг оғир тарихини эслатиб юборди.   

 Албатта, тинч-осуда даврларимизда ҳам мазкур жараён давом этиб келаётганди, бироқ бугунги кунларда ушбу қадрият яна бир карра бўй кўрсатяпти. Шунингдек, хайрия ишларига тадбиркорлар ҳамда депутатларимиз ҳам фаоллик кўрсатишмоқда. 

Яқинда Халқ депутатлари Навоий шаҳар кенгаши депутати Санжар Қурбонов ташаббуси билан ёш қурувчи тадбиркор Меҳрож Раҳматов томонидан 50 нафар оилага мўлжалланган озиқ-овқат маҳсулотлари эҳсон қилинди. 

IMG_20200413_090445_803

Маҳалламизда бугунги кунда даромаддан узилиб қолганлар билан бирга олти нафар кам таъминланганлар, 17 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтожлар ва 133 нафар ногиронлар мавжуд. Ҳомийлик ёрдамлари аввло ана шу тоифадаги аҳоли учун кўрсатилмоқда.  

Мазкур жараёнлар халқимизнинг жипслиги, бирдамлигини кўрсатади. Бу эса пандемияни якдиллик билан бартараф этишимзда муҳим аҳамиятга эга. Шу ўринда ана шундай оғир дамларда ўзининг беминнат ёрдамини аямаётган жонкуяр, фидойи юртдошларимизга самимий миннатдорчилигимни билдирмоқчиман.   

78 минг оилани бошпанасиз қолдирган Тошент зилзиласи ва бугунги кунларимизни яна бир хёл қиламан. Таассуфки, яқин ўтмишимиздаги мудҳиш воқеа айнан апрель ойида содир бўлган ва айни бугун ҳам биз баҳор ойларида пандемия билан курашяпмиз. Тўғри, навбатдаги балонинг зилзиладан фарқи бор. Бироқ, у бутун дунё аҳлини, қалбларни-да титратди, десак муболаға эмас.

Бугунги жараёнларни кузатиб туриб фақт бир нарса хаёлимга келади: биз албатта, тез фурсатларда вирусни енгамиз. Вайрон бўлган шаҳар ўрнида муҳташам Тошкент пайдо бўлганидай пандемиядан сўнг яхшиликлар ва меҳрга тўла қалбларга эга бўламиз. Шубҳасиз!  

Муҳаммад НУРЖАНОВ, Навоий шаҳридаги “Ишонч” маҳалла  фуқаролар йиғини раиси.