Bosh sahifa Mualliflardan САЙЁР ҚАБУЛДА АҲОЛИНИНГ МУАММОЛАРИГА ЕЧИМ ТОПИЛДИ

САЙЁР ҚАБУЛДА АҲОЛИНИНГ МУАММОЛАРИГА ЕЧИМ ТОПИЛДИ

0

Томди тумани асосан, чорвачиликка ихтисослашган ҳудуд бўлсада, ерости бойликлари, бой заҳираси ҳали бу ерда саноатнинг жадал ривожланишига асос бўлади. Кейинги вақтларда туман аҳолисининг турмуш фаровонлигини ошириш, ҳудудлар инфратузилмасини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Навоий вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, 4-сектор раҳбари Азамат Бозоров Томди тумани “Томдибулоқ” овул фуқаролар йиғинида ўтказган сайёр қабулда бу борада амалга оширилаётган ишлар аҳоли кайфиятини кўтариши ва бугунидан рози бўлиб яшашига хизмат қилишини таъкидлади.

Халқ билан мулоқотда 64 нафар фуқаро иштирок этиб, 11 нафар фуқаро томонидан 16 та масала кўтарилди. Шундан 4 та масала бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Яна 12 та масала назоратга олинди.

Сайёр қабулда туман ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Томди туманидаги Халқ қабулхонаси мудири, туман прокуратураси, ички ишлар бўлими ва вилоят ташкилотлари мутасаддилари, тумандаги корхона-ташкилот раҳбарлари иштирок этиб, ҳар бир кўтарилган муаммоларга амалий ечим топишга алоҳида эътибор қаратди.

Овулда истиқомат қилувчи фуқаро Жалғас Жусипов Томди-Зарафшон йўналишида қатновчи таксилар нархининг асоссиз кўтарилганидан норози бўлиб мурожаат қилди. Мазкур масала маҳаллий ҳокимлик назоратига олинди. Тез орада ушбу масала ҳал этиладиган бўлди.

Жазира Телеубаеванинг турмуш ўртоғи маълум муддат туманда тез тиббий ёрдам машинаси ҳайдовчиси бўлиб ишлаган. Лекин туман тиббиёт бирлашмасида штатлар қисқартирилгач оила бошлиғи ишсиз қолган. Вилоят 4-сектор раҳбари мазкур мурожаатни қонуний ўрганиб чиқиб, ҳал этиш мақсадида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва бандлик бошқармасига зарур топшириқлар берди.

Бахт Кушербаев “Томдибулоқ” овулида ўтувчи йўл ёқасида бекат қуриш масаласида амалий ёрдам сўради. Туман ҳокимлиги бу масалани ўз назоратига олиб, белгиланган муддатда ҳал этадиган бўлди.

Шунингдек, “Обод қишлоқ” дастури доирасида Томди тумани Сукетти, Керизбулоқ, Керегетов ОФЙларида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Мазкур мақсадлар учун 29 миллиард 810 миллион сўм маблағ ажратилган бўлиб, овуллар қиёфаси тубдан ўзгармоқда. Асосийси, аҳоли учун энг қулай шароитлар яратилмоқда.

Дарҳақиқат, туманда аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, оилаларнинг даромад манбаини яхшилаш мақсадида “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури асосида имтиёзли кредитлар ажратилаётгани хонадонларда паррандачилик, тикувчилик, қандолатчилик, чорвачилик каби йўналишларда оилавий тадбиркорликни ташкил этишда муҳим омил бўлмоқда.

Учрашувда аҳолига 50 та бадиий адабиётлар тарқатилди.

Навоий вилоят Давлат солиқ бошқармаси матбуот хизмати