Bosh sahifa Mualliflardan САЙЁР ХИЗМАТДАГИ МОБИЛ ОФИС

САЙЁР ХИЗМАТДАГИ МОБИЛ ОФИС

0

Мобил автобус икки йўналишда Конимехнинг «Боймурад», «Учтепа» томонларига йўл олди. Илк манзил Боймурад овули бўлди. Маҳалла биноси атрофида йиғилган аҳоли бирин-кетин автобусга давлат хизмати олиш учун интилди. Ким солиқдан қарздорлиги йўқлиги учун маълумотнома олди, ким фарзандини боғчага қўйиш учун навбатга қўйди. Яна биров янги турар жойига электр энергияси улаш учун мурожаат қилди. Боймурад овулидаги аҳолининг ҳар биридаги ечимини кутаётган масалаларни эса овул фуқаролари йиғини раиси Бахт Раметов бирма бир айтиб, мурожаатлар эса тегишлилиги юзасидан идораларга етказиш учун қабул қилинди. 

Мобил автобусда хизмат кўрсатаётган марказ ходимлари эса чўлдаги аҳолига кўрсатган давлат хизматидан, фуқароларнинг оворагарчиликсиз юмуши битганидан мамнун. Кейинги йўналиш «Учтепа» овули бўлди. Мобил автобус одамлар гавжум масканни танлаб, уларга овул бозори олдида хизмат кўрсата бошлади. Аҳолини қизиқтирган масалалар юзасидан мурожаатларга бирма-бир ҳуқуқий тушунчалар берилди. Овул одамлари ҳафтанинг бир кунида «Учтепа» шахобчаси орқали давлат хизмати олишга одатланган. Чунки, узоқ йўл босиб туманга боришдан наф йўқ. Мобил офис доимо халқ ихтиёрида.

Марказ ходимлари томонидан фуқароларга барча хизмат турига оид флаер ва буклетлар тарқатилди. Тизим фаолиятига келиб қўшилаётган янги хизмат турлари бўйича оғзаки ҳуқуқий тушунчалар берилди. Ҳудуд аҳолисининг мурожаатлари ва сайёр хизмат давомида тушунганимиз овул одамлари ўз ҳудудларини изғирин совуқда ҳам турмуш кечириши беками кўст бўлган йирик шаҳарлар-у, вилоят марказларига  алмашмайдилар. Кўз кўзга тушишида ҳикмат кўп. Фуқаро мурожаатини тинглаб, уни кўриб эшитганга не етсин. Икки овулда аҳолига 61 та давлат хизмати кўрсатилди. Мобил офиснинг қулайлиги ва беминнатлигидан мамнун одамларнинг давлат хизматига бўлган эҳтиёжи қаноатлантирилди.

Фарход БЎРИЕВ,  Конимех тумани ДХМ директори