Bosh sahifa Jamiyat САЙЁР СОЛИҚ ТЕКШИРУВИНИ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ ҚАНДАЙ?

САЙЁР СОЛИҚ ТЕКШИРУВИНИ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ ҚАНДАЙ?

0

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 139-моддасига асосан солиқ органларига солиқ тўловчилар фаолиятида сайёр солиқ текширувларини ўтказиш ҳуқуқи берилди. Бу “солиқ органи солиқ тўловчини хоҳлаган пайтда бориб текширади” ёки “текширувлар ёппасига бошланди” дегани эмас. 

Аввало, солиқ тўловчиларнинг солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлаш соҳасидаги айрим мажбуриятларини, шунингдек солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа мажбуриятларини текшириш сайёр солиқ текшируви деб белгиланди.

Бунинг учун солиқ органларида ҳавфни таҳлил этиш тизими жорий этилади ва ушбу тизим ёрдамида инсон омили аралашувисиз, солиқ тўловчилар 3 та тоифага, яъни қонунчиликни бузиш кўрсаткичига қараб “хавфи паст”, “хавфи ўртача” ва “хавфи юқори” солиқ тўловчиларга ажратилади.

“Хавфи паст” солиқ тўловчилар умуман текширилмайди, “хавфи ўртача” солиқ тўловчиларга масофадан туриб камерал солиқ текширувлари тайинланади.

Солиқ тўғрисидаги қонунчиликни мунтазам равишда бузиб келган, солиқ органларининг қонуний талабларини бажармаган солиқ тўловчилар фаолиятида сайёр солиқ текширувлари ўтказилади ва бундай текширувнинг натижаси қонунбузилишни тўлиқ очиб ташлашга қаратилади.

Сайёр солиқ текшируви солиқ органи раҳбари ёки унинг ўринбосари буйруғи асосида Солиқ кодексига мувофиқ ўн кундан кўп бўлмаган муддатда ўтказилади. Текширувни тайинлаш тўғрисидаги буйруқда кўрсатилган сана ушбу текширувни ўтказиш муддатининг бошланиши деб ҳисобланади.

Сайёр солиқ текширувларини ўтказишда солиқ органлари профилактика тадбирлари, шу жумладан, давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳолатларини аниқлаш ва бартараф этиш, савдо ва хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш ҳажмини аниқлаш бўйича хронометраж кузатувларини амалга ошириш, назорат-касса машинаси ва тўлов терминаллари ўрнатиши шарт бўлган ҳолларда уларни ўрнатмаслик, харид чеки бермаслик, пластик карточкалар орқали тўловларни қабул қилишни асоссиз рад этиш ҳолатларини текширувдан ўтказиши мумкин. Шунингдек, тегишли рухсатномаларсиз алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг ишлаб чиқарилиши ёки реализация қилиниши, қалбаки акциз маркали ёки акциз маркаси мавжуд бўлмаган алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг ишлаб чиқарилишини, шунингдек тақиқланган товарлар (хизматлар) ишлаб чиқарилиши ва реализация қилиниши фактларига барҳам бериш бўйича ҳамда контрабанда ва контрафакт маҳсулотларни муомалага киритиш, савдо қоидаларини бузиш, тушумни яшириш, ҳисобга олинмаган ишчилар хизматидан фойдаланиш ҳолатларини аниқлашга қаратилган назорат ишларини амалга ошириши мумкин.

Сайёр солиқ текшируви якунлари бўйича солиқ органининг мансабдор шахслари ўзлари амалга оширган ҳаракатлар тўғрисида далолатнома тузади ва далолатноманинг кўчирма нусхаси солиқ тўловчига тақдим этилади. Далолатнома топширилган кун эса сайёр солиқ текшируви муддатининг тугаши деб ҳисобланади.

Сайёр солиқ текширувининг ўзига хос жиҳатларидан бири, уни ўтказиш натижаси бўйича солиқ органлари томонидан солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаш амалга оширилмайди.

Аввалги тартибда солиққа оид ҳуқуқбузарликлар бўйича молиявий жарималар энг кам иш ҳақига нисбатан белгиланган бўлса, Солиқ кодексининг янги таҳририда жарималар аниқ суммаларда белгиланган.

Хусусан, янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 221-моддаси биринчи қисмига асосан, назорат-касса техникасининг ва (ёки) ҳисоб-китоб терминалларининг қўлланилиши мажбурий бўлгани ҳолда, уларни қўлламасдан савдони амалга оширганлик ва хизматлар кўрсатганлик, шунингдек сотиб олувчига квитанциялар ёзиб бериш, талонларни, чекларни ёки уларга тенглаштирилган ҳужжатларни бермасдан товарларни реализация қилганлик ва хизматлар кўрсатганлик, шунингдек ҳисоб-китоб терминаллари орқали тўловларни қабул қилишни рад этганлик, беш миллион сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Солиқ органларида рўйхатга олинмаган назорат-касса техникасини қўллаган ёки сотиб олувчига квитанциялар, талонлар, чеклар ёки уларга тенглаштирилган ҳужжатларни берган ҳолда савдони амалга оширганлик ва (ёки) хизматлар кўрсатганлик, етти миллион сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Охирги йилларда айрим солиқ тўловчилар тушумни яшириш мақсадида бошқа субъектларга, асосан якка тадбиркорларга тегишли тўлов терминалларидан фойдаланиш ҳолатлари кузатилар ва бундай ҳолатлар учун жавобгарлик чораси Солиқ кодексида аниқ кўрсатилмаган эди. Эндиликда янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 221-моддаси, учинчи қисмига асосан бошқа шахслар номига расмийлаштирилган терминаллардан фойдаланиш йигирма миллион сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Бундан ташқари, техник талабларга мувофиқ бўлмаган ёки хизмат кўрсатиш дастури бузилган назорат-касса техникаларидан фойдаланганлик, йигирма миллион сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Шу каби, Солиқ кодексининг 222-моддасида якка тартибдаги тадбиркор томонидан даромадлар ва (ёки) харажатларни ҳисобга олиш (даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритиш китоби) қоидаларини бузиш, беш юз минг сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгиланди.

Солиқ базасини яшириш (камайтириб кўрсатиш) учун жавобгарлик Солиқ кодексининг 223-моддасида белгиланиб, камайтириб кўрсатилган солиқ базаси суммасининг йигирма фоизи миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгилаб қўйилди.

Хуллас, ҳалол тадбиркор доимо давлат ва қонун ҳимоясида. Давлат ғазнаси, юрт равнақи учун йўналтириладиган солиқлардан қочиш албатта, жавобгарликка сабаб бўлади.

Навоий вилоят ДСБ матбуот хизмати.