Bosh sahifa Jamiyat Самарқандда журналистлар учун минтақавий конференция ўтказилди

Самарқандда журналистлар учун минтақавий конференция ўтказилди

0

Бугунги жадал янгиланишлар ҳар бир соҳа вакилини фаоллик ва ташаббускорликка чорлаётган экан, шу ўринда айниқса, жамиятдаги ижтимоий-иқтисодий жараёнларга теран нигоҳ ташлаб, воқеа-ҳодисаларни тезкор ва холис ёритишда журналистлардан алоҳида масъулият талаб этмоқда.

Самарқанд шаҳрида “Модернизация – янгиланиш жараёнларининг туб моҳиятини халқимизга етказишда журналистнинг таъсирчан сўзи ва фаол гражданлик позициясининг ўрни ва аҳамияти” мавзусида Тошкент шаҳри, Самарқанд, Бухоро, Жиззах ва Навоий вилоятлари оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ўтказилган минтақавий конференцияда ҳам шу ҳақда сўз борди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг 2018 йил 27 июнда матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган байрам табригидан келиб чиқадиган вазифалар ижросига бағишланган анжуман Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси, Республика товар-хомашё биржаси ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг Самарқанд вилояти бўлими ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тадбир дастлаб Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти мақбарасига гул қўйиш маросими билан бошланди. Шундан сўнг, вилоят марказидаги “Матбуот уйи” мажлислар залида конференция ўтказилиб, унда амалдаги қонун ҳужжатларига ахборот соҳасини янада демократлаштириш ва эркинлаштиришга қаратилган ўзгартиришлар киритиш борасида олиб борилаётган ишлар, жамиятда ошкораликни таъминлашда ОАВнинг роли ҳақида сўз борди. Шундан сўнг, ҳудудий оммавий ахборот воситалари фаолиятини такомиллаштиришнинг долзарб вазифалари муҳокама қилинди.

– Яқинда республика миқёсида махсус ишчи гуруҳлари тузилиб, улар томонидан 1500 тага яқин таҳририятлар фаолияти ўрганилди, – дейди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси С. Ҳакимов. – Афсуски, айрим шаҳар-туманларда газеталар фаолияти, уларнинг адади, моддий-техника базаси, шарт-шароитлар умуман талабга жавоб бермайди. Баъзи муассисларнинг бунга беэътиборлиги шу каби ҳолатларга сабаб бўлмоқда. Эндиликда мазкур масалалар тизимли ҳал этиб борилади. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан соҳани ривожлантириш мақсадида уюшмамизга ҳомий ташкилот бириктирилиб “Дўстлар клуби” ташкил этилгани, қолаверса, “Илҳом” жамоат фонди фаолияти тубдан ўзгаргани бунда муҳим асос саналади.

Анжуман давомида Пахтачи туман газетаси таҳририятига компьютер жамланмаси топширилди. Шунингдек, бир гуруҳ фахрий ҳамда ёш ижодкорларга рағбатлантирувчи мукофотлар тақдим қилинди.

39344149_277740699489771_6842634315646369792_n

Конференция иштирокчилари Самарқанд шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан ҳам танишдилар. Шундан сўнг Пайариқ тумани “Хўжа Исмоил” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳудуд фаоллари билан учрашув ўтказилиб, маҳалла кутубхонасига китоблар жамланмаси топширилди.

Имом ал-Бухорий мажмуаси рўпарасидаги махсус жойда жонлиқ сўйилиб, ижодкорлар номидан ўтганлар руҳига атаб қурбонлик адо этилди. Улуғ бобокалонимиз қабри зиёрат қилиниб, буюк муҳаддис хотирасига Қуръон тиловат қилинди.

Юз нафарга яқин журналистларни бирлаштирган конференция ўзаро тажриба алмашиш, соҳада учраётган муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан аниқ чора-тадбирларни белгилаб олишда муҳим аҳамият касб этди.