Bosh sahifa Bu qiziq “Сармишсой”да ҳеч бўлганмисиз?

“Сармишсой”да ҳеч бўлганмисиз?

0

Вилоятимиздаги қадимий масканлардан бири бўлмиш Сармишсой Навбаҳор туманида, шарқдан Хатирчи, шимолдан Нурота ва Конимех, ғарбдан эса Қизилтепа туманлари билан чегарадош Қоратоғнинг жанубий ён-бағрида, Навоий шаҳридан 30-40 километр шимолий шарқда жойлашган. У ерга илк бор қадам қўйган инсон олис ўтмиш аждодларимизнинг ёрқин излари акс эттирилган қоятош битикларини кўриб, чексиз ҳайрат оғушида қолади.   Қадимда бу даранинг одамлар билан гавжум, ҳаёт қизғин маскан бўлганлигига қоятошларга муҳрланган минглаб расмлар гувоҳлик беради. Ҳар бир тасвир қошида унинг нақадар нафис ва ҳайратомуз ишланганлигидан инсон ақл-заковати шошади. Гажакдор шохли архар, тоғ эчкилари, ёввойи буқалару тўнғизлар суратини тортиб камонли овчилар, ов жараёнлари суратини томоша қилиб, етти минг йил аввалги мозий кўз олдимизда гавдаланади. Турли ҳайвонлар галасининг дупурию овчиларнинг қийқириғи қулоққа чалингандай сергак тортади киши. Аждодларимизнинг шу қадар моҳирлик билан мангуга муҳрланган санъат асарлари тошларга жон киритгандек, гўё… Бу уларнинг ниҳоятда зукко, маҳоратли ҳунарманд бўлганлигидан ёрқин далолат беради.

Дарҳақиқат, юртимизда турли тарихий даврларга оид шундай ноёб археологик ёдгорликлар топилганки, улар орасида 7 минг йиллик тарихни ўз бағрида асраб келаётган Сармишсой тахминан 10 мингдан зиёд ноёб қоятош битикларини бизнинг замонамизгача етказиб берган қутлуғ заминдир. Ушбу битиклар мазмуни, ифода этилган манзаралари билан ҳанузгача тадқиқотчи ва сайёҳларни ўзига жалб этиб келмоқда.

Сармишсойда тош даври макон ва манзилгоҳлари, қадимги мозорлар ҳамда суғориш тармоқларининг қолдиқлари, кўҳна қишлоқ харобалари сақланган. Кўп минг йиллик тектоник ҳаракатлар натижасида чақмоқтош ва гранит қатламлари тоғ жинсларини сиқиб қўйганлиги натижасида тасма тузилишидаги тоғбурмаланишлари пайдо бўлган. Уларнинг жозибадор кўринишлари киши диққатини тортади.

  Сармишсойнинг одамларни ўзига оҳанрабодек тортадиган яна бир жиҳати – унинг мафтункор табиатидир. Дара, айниқса, кўклам келиши билан ажиб гўзаллик касб этади. Ушбу масканда 62 оилага мансуб 650 дан ортиқ турдаги ўсимликлар олами бўлиб, уларнинг 27 таси айнан шу водийга хосдир.

 Мазкур дарадан 200 дан зиёд турли тарихий даврларга оид археологик ёдгорликлар топилган. Тош даври маконлари, устахоналар, шахталар, қадимги ва ўрта аср қишлоқ ўринлари, қўрғон мозорлари ва қоятош расмлари шулар жумласидандир.

Олимларнинг айтишича, Сармишсой водийсида ҳаёт ўрта палеолит давридан бошланган. Бу археологик топилмаларда ҳам ўз аксини топган. Лекин бу ерда ҳаётнинг узлуксиз давом этиши, неолит даври (милоддан аввалги VI-IV минг йилликлар)га бориб тақалади. Бу ҳақда Сармишсойдан топилган 4000 дан ортиқ бўлган расм-петроглифлар гувоҳлик беради. Уларни археологлар 15 гуруҳга бўлиб ўрганишган.

Дара 2009 йил 14 июлда табиий археологик музей комплекси – қўриқхонага айлантирилди. Ҳозирда Сармишсой табиий-археологик мажмуа музей қўриқхонасининг умумий майдони 5000 гектарни ташкил этади. У 2004 йил 3 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги Қонуни асосида назорат қилинади.

Бугунги кунда Сармишсой петроглифлари нафақат республика, балки жаҳон миқёсида аждодларимиздан қолган энг сара гавҳар – маданий ёдгорлик сифатида тан олиниб, қалбимизга фахр-ифтихор бағишлаб турибди. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, 2002 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси ҳузуридаги Археология институти, ЮНЕСКО ҳамда Норвегия атроф-муҳитини муҳофаза қилиш вазирлиги маданий мерос директоратининг мутахассис олимлари Анна-Софие Хюген ва Кнут Хелског билан ҳамкорликда Сармишсой маданий ёдгорликлари бўйича илмий-тадқиқот ишлари олиб борилаётир.

Зеро, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 16 августдаги “2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори жойлардаги маданият, санъат муассасалари, театр, музей, маданият ва дам олиш масканларини моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш, юртимизга келадиган сайёҳлар оқимини кўпайтириш, шунингдек, миллий туризмни янада ривожлантиришга эътибор қаратилгани билан аҳамиятлидир.

         М. ИБРАГИМОВА,

вилоят тарихий-ўлкашунослик

 музейи директори.