Bosh sahifa Jamiyat Сектор раҳбари ва ёшлар учрашувида 300 миллион сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилди

Сектор раҳбари ва ёшлар учрашувида 300 миллион сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилди

0

Навоий вилояти ҳокими, 1-сектор раҳбари Қобулжон Турсунов навбаҳорлик банд бўлмаган ёшлар билан учрашди.

“Камалак” болалар оромгоҳида ўтказилган тадбирда юзлаб ёшлар қатнашди. Унда “Yoshlar — kelajagimiz” давлат дастурининг ижроси таҳлил қилиниб, яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.

Шундан сўнг чеварликни ният қилган 40 нафар қизга имтиёзли кредит асосида замонавий русумдаги тикув машиналари топширилди. Шунингдек, 3 нафар коллежни тамомлаган йигитга пайвандлаш ускунаси, эҳтиёжманд оила фарзандларидан 4 нафарига қимматбаҳо совғалар тақдим этилди. Имконияти чекланган 3 нафар йигит тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун вилоят ҳокими жамғармаси ҳисобидан 50 миллион сўмлик кредит маблағларига эга бўлишди.

– Вилоятимиз ҳокими билан юзма-юз учрашиб, мулоқот қилганимдан беҳад хурсанд бўлдим. – дейди Б. Пирматов. — Имкониятим чекланган бўлсада, тадбиркорликни бошлашга иштиёқим баланд. Бунинг учун менга 25 миллион сўм маблағ берилди. Иссиқхона ташкил этиб, ўзим сингари ёшларни иш билан таъминламоқчиман.

Нурота туманидаги Эргаш Жуманбулбул боғида ҳам вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, 3-сектор раҳбари Рустам Турсуновнинг ҳудуд ёшлари билан ана шундай учрашуви бўлиб ўтди.  Унда 350 нафар йигит-қиз иштирок этиб, 70 га яқин савол билан мурожаат қилишди.

Сектор раҳбари ёшларнинг мурожаатларини ўрганиш ва ҳал этиш учун мутасадди ташкилот раҳбарларига топшириқ ва тавсиялар берди.  Тадбир давомида 50 нафар қизга 5 йиллик муддат билан имтиёзли кредит асосида тикув машиналари, 20 нафар йигитга майда шохли чорва моллари сотиб олиши учун сертификатлар топширилди. 22 нафар йигит-қизнинг тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун ер-жой ва кредит сўраб қилган мурожаатлари юзасидан ҳам тегишли соҳа ходимларига топшириқлар берилди. Бундан ташқари, 10 нафар ёшга тумандаги фермер хўжаликларидан такрорий экин экиб олишлари учун 1 гектардан ер ажратилди.

– Мен ер эгаси бўлиш, ундан унумли фойдаланишга жуда қизиқаман, — дейди “Янги ҳаёт” маҳалласидан учрашувга келган Жаҳонгир Абдураупов. —  Ушбу фаолиятда ўзимни синаб кўриш учун ер сўраб мурожаат қилгандим. Тумандаги “Нарзулло эркин” фермер хўжалигидан 1 гектар ер берилди. Унга такрорий экин сифатида маккажўхори экинини экишни бошладим. Хўжалик ишчилари менга кўмакдош бўлиб туришибди.

Учрашув доирасида ташкил этилган полиз маҳсулортлари ва мева-сабзавотлар етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликларининг кўргазмалари, қовун сайли ҳамда муваффақиятга эришган тадбиркорларнинг мастер-класслари йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

Учрашувлар доирасида ёшларга жами 300 миллион сўмдан ортиқ имтиёзли кредитлар ажратилиши белгиланди.

Зебо Қутлиева.