Bosh sahifa Mualliflardan СЕНТОБДА БЎЛГАНМИСИЗ?

СЕНТОБДА БЎЛГАНМИСИЗ?

0

Нуротаи азимнинг Сентоб қишлоғи. У қўшни вилоят Жиззахнинг Фориш туманига туташ. Бу ҳудуд маназараси бир мўъжиза. Асло бошқа жойда учратмайсиз. Йилнинг тўрт фаслида ҳам Сентобсой табиати инсон ақлини шоширади. Тоғдан тушаётган зилол сув мусаффолиги, табиат инъом этган экоиқлимни таърифлашга тил ожиз. Назаримда, сентоблик аҳоли учун бундай баҳаво масканни Яратганнинг ўзи инъом этган. Қишлоқ Фозилвон тоғ этакларида  жойлашган. 646 та хонадонда 2264 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудда чорвачилик ва экотуризм ривожланган. Мактаб, қишлоқ шифокорлик пунти, замонавий кутубхона аҳоли фойдаланишида. Тоғ этагида 10 дан ортиқ уй мехмонхоналари мавжуд. Айтишларича, Сентобда баҳор ва ёз чилласида ички туризм ривожланади. Айни пайтда хорижлик сайёҳларнинг экотуристик саёҳат уюштириш даври.

Ўрганишлар натижасида билдикки, Нурота тумани давлат хизматлари марказига айни шу ҳудуддан давлат хизматидан фойдаланувчилар кам. Сентоб марказидан 130 километр узокликда жойлашган. Балки, одамларнинг марказга келишига имкони бўлмас, деган тахмин билан шу ҳудуд томон йўл олдик.  Мобил автобус тоғ этаклари буйлаб ҳаракатланиб, ҳар бир хонадон учун сайёр хизмат кўрсатди, давлат хизматларидан фойдаланиш борасида ҳуқуқий тушунчалар берилди. Кун давомида аҳолидан 68 та мурожаат қабул қилинди ва сайёр хизмат кўрсатилди.

Қишлоқнинг энг олис тоғ этагида Гулобод манзилида эса халқ учун туман ҳокимлиги, адлия ҳамда Давлат хизматлари агентлигининг вилоят бошқармалари ташаббусида сайёр қабул ташкил этилди. Унда тумандаги барча ташкилот ва муассасаларидан вакиллар иштирок этди. Ҳалқ дарди тингланди. Аҳолининг давлат хизматларига бўлган эҳтиёжи ўрганилди. Қишлоқ оқсоқоллари ёшлар боғи, мактаб учун қўшимча бино, спорт зали, мачит қуриш ҳамда болалар учун дам олиш оромгоҳлари ташкил этиш, тарихий  қадамжоларни ободонлаштириш сингари таклифларни ташлади. Сайёр қабулда оилалардаги муаммолар ўрганилди, никоҳ ва ажрим масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Яна Сентобда бир қатор соҳаларда кадрлар етишмаслиги таъкидланди. Малакали шифокор, чет тилларини ўқитувчи  мутахассислар, ички ишлар ходимлари фаолият кўрсатмаётганлиги мурожаати ўрганилди.

Барча мурожаатлар ечимига киришилди. Қишлоқда ички йўллар  таъмирланадиган, спорт зали қуриладиган,  болалар учун дам олиш оромгоҳлари тадбиркорларнинг ҳомийлиги остида барпо этиладиган, қишлоқ кутубхонасига 1000 та бадиий адабиёт келтириладиган бўлди. Шифокор ва ўқитувчи кадрлар масаласи ҳам жойида ўз ечимини топди. Айрим масалалар эса ечимига муддат сўралди. Асосийси қишлоқ оқсоқоллари юзма-юз ташкил этилган бундай қабулдан миннатдор бўлди.

Баҳодир ТОШЕВ, ДХА Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи