Bosh sahifa Jamiyat Сессияда ўз ишига эътиборсиз ёндашган масъуллар танқид қилинди

Сессияда ўз ишига эътиборсиз ёндашган масъуллар танқид қилинди

0

21 июль куни вилоят ҳокимлигида халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдан ташқари қирқ учинчи сессияси бўлиб ўтди.

Ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш Республика комиссияси, сенатор ва депутатлар, масъул идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатган сессия ишида вилоят ҳудудида жиноятчиликни бартараф этиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, унга қарши курашишнинг долзарб масалалари муҳокама этилди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Йўлдошев, Бош прокурор ўринбосари Э.Юлдашев ва вилоят ҳокими Қ.Турсунов иштирок этди.

Унда кун тартиби юзасидан дастлаб, Ишчи гуруҳ томонидан вилоятимизда жорий йилнинг олти ойида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш борасида амалга оширилган ишларни ўрганиш натижалари таҳлил этилди. Хусусан, ўтган давр мобайнида жиноят кўп содир этилган 10 та маҳалла танланиб, ушбу аҳоли пунктларини “намунавий маҳалла”га айлантиришга қаратилган “Йўл хариталари” ишлаб чиқилди ва шу асосда иш олиб борилди. Шунингдек, сўзга чиққанлар томонидан жами 305 та маҳалланинг 107 тасида бугунгача биронта жиноят содир этилмаганлиги ҳам таъкидлаб ўтилди. Бундан ташқари, вояга етмаганлар, ишламайдиганлар, илгари судланганлар, аёллар ва ёшлар томонидан жиноят содир этилиши ҳолатлари ҳам сезиларли даражада камайган.

Бироқ ютуқлар қаторида айрим йўналишларда камчиликлар ҳам борлиги аниқланган. Хусусан, жиноятчилик хавфини эрта ниқлаш ва унинг келиб чиқишини бартараф этиш, ҳуқуқбузарликка қарши курашиш борасида секторлар фаолияти ҳамда давлат ва жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлиги тўғри йўлга қўйилмаганлиги натижасида ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари, Кармана ва Конимех туманларида безорилик, Учқудуқ шаҳрида автотранспортни олиб қочиш, Нурота ва Хатирчи туманларида товламачилик каби жиноятларнинг кўрсатгичи ошган. Бундан ташқари, 52 та маҳаллада криминоген вазият ва жиноятлар тўлиқ таҳлил қилинмаганлиги, профилактика инспекторларини тайинлашда уларнинг малакаси, тажрибаси, меҳнат стажи ва ҳудуддаги мавжуд вазият тўлиқ инобатга олинмаганлиги, куч ва воситалар тўғри тақсимланмаганлиги олиб борилаётган кенг кўламли тадбирлар самарадорлигига салбий таъсир кўрсатганлиги боис жиноятларнинг ошишига йўл қўйилган.

Содир этилган 6 та қасддан одам ўлдириш жиноятининг 1 таси
оила-турмуш муносабатлари доирасида келиб чиққан жанжаллар оқибатида юзага келган. Бу эса ўз ўрнида маҳалла, айниқса, хотин-қизлар қўмитаси ва бошқа мутасадди идораларнинг ички ишлар органлари билан жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш борасидаги ҳамкорлигини янада кучайтиришни тақозо этмоқда.

Жамиятда оила муқаддаслиги ҳамда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш борасидаги тушунтириш ва тарбиявий тадбирлар етарли даражада олиб борилмаганлиги сабабли, 12 та оила қонуний никоҳдан ўтмасдан шаръий никоҳ асосида яшаб келаётгани маълум бўлди.

Сессияда вилоятда фуқароларнинг ўз жонига суиқасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш юзасидан давлат органлари ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорликда амалга оширган чора-тадбирларга қарамай бундай нохуш ҳолатлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 16 тага ошганлиги қайд этилди. Шунингдек, ички ишлар идоралари ва маҳалла тизимининг ўзаро ҳамкорлиги самарали тарзда йўлга қўйилмагани, коллеж ўқувчиларини таълимга тўлиқ жалб қилиш чоралари кўрилмаётганига ҳам танқидий баҳо берилди.

Хусусан, бугунга қадар ёшларни иш билан таъминлаш мақсадида ўтказилган 44 та меҳнат ярмаркасида иштирок этганларнинг фақат 16,1 фоизи ишга жойлаштирилгани бу каби тадбирларнинг юзакилик билан ташкил этилаётганидан дарак беради. Шу билан бирга, соғлиқни сақлаш муассасалари ҳисобида турган аксарият гиёҳвандлар, ичкиликка ружу қўйганлар ва тажовузкор руҳий касалларнинг мажбурий даволаниши таъминлаш борасида ҳам ҳали ечимимни кутаётган масалалар талайгина. Вилоятда ушбу тоифадаги шахсларни даволаш учун фақат Кармана туманида 60 ўринли наркология диспансери мавжуд холос. Ваҳолангки, воҳада доимий рўйхатда турадиган гиёҳванлик иллатига чалинган фуқаролар сони бундан кўпни ташкил этади.

Сессияда мазкур масалалар билан бирга, айни пайтда дорихоналарда айрим психофаол ҳисобланган дори воситалари билан қонунга хилоф равишда савдо қилувчи шахсларни аниқлашга қаратилган тадбирлар ўтказилмагани боис, ёшлар ўртасида мазкур воситаларни “лаззат” манбаи сифатида фойдаланишига имконият яратаётгани, бу каби ҳолатларнинг олдини олиш зарурлиги таъкидланди.

Тадбир якунида ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш бўйича Республика комиссияси ҳамда халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгашининг қўшма қарори қабул қилинди.