Bosh sahifa Yangiliklar Шаҳар-туман адлия бўлимлари ҳисоботи: жойларда меҳнат қонунчилигини бузиш ҳолатлари кўплаб учрамоқда

Шаҳар-туман адлия бўлимлари ҳисоботи: жойларда меҳнат қонунчилигини бузиш ҳолатлари кўплаб учрамоқда

0

Навоий шаҳридаги “Коворкинг” марказида Навоий вилояти шаҳар-туман адлия бўлимларининг 2019 йилдаги фаолияти якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Мазкур тадбир вилоят Адлия бошқармаси, шунингдек Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилди.

Унда ОАВ вакиллари Навоий шаҳар ҳамда Қизилтепа, Кармана, Навбаҳор ва Хатирчи туманлари Адлия бўлимлари масъулларининг ҳисоботларини тинглашди. 

Ҳудудлардаги адлия идоралари фаолияти шуни кўрсатмоқдаки, иш берувчилар, турли давлат органлари томонидан инсонларнинг ҳуқуқлари поймол қилинаётган ҳолатлар кузатилмоқда. Хусусан, биргина Хатирчи тумани мисолида айтадиган бўлсак, Адлия бўлимига келиб тушган 350 га яқин мурожаатларнинг 100 дан зиёди меҳнат қонунчилигининг бузилиш ҳолатларига алоқадор. 

— Йил давомида қарийб иш берувчилар томонидан 60 миллион сўмлик тўланиши асоссиз рад этилган ойлик маошларни ундириб бердик, – дейди бўлимнинг бош маслаҳатчиси Аброр Сатторов. – Афсуски, мазкур ташкилотлар асосан давлат муассасалари саналади. Масъулларнинг меҳнат қонунчилигини пухта билмаслиги шу каби ҳолатлар келиб чиқишига омил бўлаяпти.                                         —   Кўпчилик корхоналар ногиронларни ишга қабул қилишни рад этади, – дейди Навоий шаҳар Адлия бўлими бошлиғи Азамат Икромов. – Бироқ, ҳар бир давлат ташкилоти мавжуд штатларининг маълум қисмини ногиронларга ажратишга мажбур – бу қонунда белгиланган. Йил давомида бизга ушбу масалада ўнлаб мурожаатлар келиб тушди. Уларнинг барчаси юзасидан мутасаддиларга тушунтиришлар берганимиздан сўнг, ижобий ҳал бўлди. 

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бугунги кунда жойлардаги пенсия жамғармаларининг қонунга зид хатти-ҳаракати ҳам ёшга доир пенсияга чиқиш арафасидаги фуқароларнинг сарсон бўлишига олиб келмоқда. Гарчи меҳнат дафтарчасида иш стажлари кўрсатилган бўлса-да, афсуски айрим ҳолатларда архив идораларидан тегишли ҳужжатларнинг топилмаслиги натижасида пенсия жамғармалари баъзи кишиларнинг ўнлаб йиллар давомидаги иш стажини инобатга олмаяпти. Йил давомида Адлия бўлимларига ўнлаб ана шундай кишилар мурожаат қилган бўлиб, уларнинг ҳуқуқлари тўлиқ  тикланиб, тайинланган пенсия миқдорлари оширилишига эришилган. 

Анжуман давомида Адлия бўлимларининг ОАВ билан ҳамкорлик масаласида муаммолар борлиги, ахборот алмашиш жараёни сустлиги ҳақида фикр юритилиб, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгиланди.