Bosh sahifa Mualliflardan ШАХСНИНГ ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ ЯНАДА КАФОЛАТЛАНАДИ

ШАХСНИНГ ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ ЯНАДА КАФОЛАТЛАНАДИ

0

Бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жарёнида суд-ҳуқуқ тизими ҳам тубдан такомиллашмоқда. Мазкур соҳага халқаро амалиётларнинг жорий этилаётгани суд-тергов ишларининг адолатлилиги ва шаффолигини таъминлаяпти. 

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 10 августда эълон қилинган “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида ҳам мамлакатимизда етакчи хорижий амалиётни инобатга олган ҳолда жиноят ишларини тергов қилиш фаолиятини яхшилаш, қонун устуворлигини таъминлаш ва жавобгарликни муқарарлиги принципини таъминлаш жиноят процессуал қонунчилигини янада такомиллаштириш назарда тутилган. 

Фармонга мувофиқ эндиликда гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчидан ариза, тушунтириш ёки кўрсатувлар олишни мазкур жиноят иши юритувида бўлган суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судьянинг ёзма рухсатига асосан ва фақат ҳимоячи иштирокида амалга ошириш, жиноят содир этишда гумон қилинаётган шахсни ушлаб туриш муддатини у ҳақиқатда ушланган вақтдан бошлаб ҳисоблаш, шахс амалда ушланган ёки уни жиноят устида ушлаш билан боғлиқ тезкор тадбир амалда якунланган ёхуд гумон қилинувчи деб эътироф этилганлиги ҳақидаги қарорунга маълум қилинган пайтдан бошлаб у билан боғлиқ процессуал ҳаракатларни ўтказишдан олдин унинг адвокат билан холи учрашиши таъминланиши шартлигини белгиланди. 

Шунингдек айбига иқрорлик бўйича келишув институтини жорий қилиш, бунда эса айрим жиноятлар тоифалари бўйича шахс айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилган, чин кўнгилдан пушаймон бўлган, жиноятнинг очилишига фаол ёрдам берган ва келтирилган зарарни бартараф қилган ҳолларда суриштирув ва дастлабки тергов органлари билан ёзма келишув тузилиши ҳамда унга нисбатан суд томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси Махсус қисмининг тегишли моддасида назарда тутилган энг кўп жазонинг ярмидан кўп бўлмаган миқдори ва (ёки) муддатигача жазо тайинлаш кўзда тутилган. 

Шу билан бирга жиноят ишини судга қадар юритиш босқичида гувоҳ ва жабрланувчини оғир касаллиги ёки узоқ муддатга чет давлатга чиқиб кетиш зарурати туфайли кечроқ сўроқ қилиш имконияти бўлмаган тақдирда, уларнинг кўрсатувларини гумон қилинувчи, айбланувчи, жабрланувчи, гувоҳ, прокурор ёки адвокатнинг илтимосномасига кўра суд томонидан тарафларнинг иштирокида олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш (депонирование) тартиби ҳам жорий қилинади.  Ўта оғир жиноят содир этганликда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахсларга оид ишлар бўйича, шунингдек, шахсга нисбатан қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи кўриб чиқилаётганда ҳимоячинингиштирок этиши шартлигини белгиланди. 

Агар суд тергови вақтида судланувчининг унга илгари айблов қўйилмаган жиноятни содир этганлигини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланса, судланувчини янги айблов бўйича жиноий жавобгарликка тортиш асосларини аниқлаш ҳақида илтимосномани судга киритиш ҳуқуқини иш бўйича ҳамда суд тергови вақтида жавобгарликка тортилмаган шахс томонидан жиноят содир этилганлигини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланса, ушбу шахсни ишда айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш учун асосларни аниқлаш ҳақида илтимосномани судга киритиш ҳуқуқини иш бўйича барча тарафларга бериш тартиби қўлланилади. 

Шахсга эълон қилинган айблов, жиноят иши суднинг қайси инстанциясида кўрилаётганлигидан қатъи назар, ярашув институти доирасига тушадиган Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси Махсус қисмининг моддаси ёки қисмига ўзгартирилган ҳолларда  ярашув институтини қўллаш тартиби жорий қилинади. Судланувчининг жиноят содир этилишига дахли бўлмаганлиги асоси билан оқлов ҳукми чиқарилган ҳолларда жиноятни ҳақиқатда содир этган шахсни аниқлаш ваа йбланувчи тариқасида ишга жалб қилиш учун жиноят ишини прокурорга юбориш тартиби ҳам ўрнатилади. 

Шунингдек, терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов органлари ходимлари томонидан шахсни ғайриқонуний ҳаракатлар содир этишга ундаш ва бундай ундаш оқибатида содир этилган жиноят учун уни айблаш, шахсни жиноят ишида гумон қилинувчи ёки айбланувчи сифатида жалб қилиш учун асослар мавжуд бўлган ҳолларда (экспертиза ёки тафтиш ўтказиш талаб этиладиган ҳоллар бундан мустасно), уни гувоҳ тариқасида сўроқ қилиш, шунингдек, унга гумон қилинувчи ёки айбланувчининг процессуал ҳуқуқлари тушунтирилгунига қадар ундан бирон-бир ёзма ёки оғзаки кўрсатувлар олиш, ушланган гумон қилинувчи ёки айбланувчининг яқин қариндошларини процесс иштирокчиси сифатида жалб қилиш учун асослар мавжуд бўлмаган ҳолларда уларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга чақириш ва сўроқ қилиш, суриштирув ва дастлабки тергов органлари ходимлари томонидан мазмунан кўриб чиқиш учун судга юборилган жиноят иши доирасида судланувчи, жабрланувчи, гувоҳ, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва бошқа суд процессии иштирокчиларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга чақириш ёки сўроқ қилиш тақиқланади.

Шунингдек, терговга қадар текширув ёки терговда ушланган шахсни ва озодликдан маҳрум қилиш жойларида жазони ўтаётган маҳкумни тиббий кўрикдан ўтказиш, шунингдек, вақтинча сақлаш ва тергов ҳибсхоналарида сақланаётган гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчини гувоҳлантириш уларнинг ёки адвокатининг илтимосномасига асосан 24 соат ичида вақтинча сақлаш ва тергов ҳибсхоналари ёки жазони ижро этиш муассасалари тасарруфида бўлмаган тиббий муассасалар ходимлари томонидан амалга оширилиши шарт, бунда харажатлар илтимоснома киритувчи тараф ҳисобидан қопланади.

Оғир ёки ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар ярашилганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод этилмаслигига оид қоида воягаетмаганлар, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлари, аёллар, олтмиш ёшдан ошган эркаклар ва эҳтиётсизлик орқасида жиноят содир этган шахсларга нисбатан қўлланилмайди.

Вояга етмаганлар, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлари ҳамда пенсия ёшига етган шахсларга нисбатан уч йилдан ортиқ бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо назарда тутилган қасддан содир этилган жиноятларга доир, шунингдек, эҳтиётсизлик оқибатида содир этилиб, бунинг учун беш йилдан ортиқ бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо назарда тутилган жиноятларга доир ишлар бўйича қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашга йўл қўйилмаслиги каби тартиб ўрнатилади.

“Электрон жиноий-ҳуқуқий статистика” ягона ахборот тизимида яратилган жиноятга оид ариза, хабар ва бошқа маълумотларни электрон рўйхатга олиш ва уларни кўриб чиқиш натижаларининг ягона электрон ҳисобини юритиш имконини берувчи дастурий модулни барча терговга қадар текширувни амалга оширувчи органларга уланишини ва 2021 йил 1 январдан бошлаб тўлиқ ишга туширилиши таъминланади.

Хулоса ўрнида, мазкур Фармон мамлакатимизда ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига бўлган ишончини ошириш, жамиятда жиноят процессуал ва жиноят қонунчилиги устуворлигини таъминлашга хизмат қилади.

Озод ИСЛОМОВ, Жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят судининг судья катта ёрдамчиси.