Bosh sahifa Mualliflardan ШОШИЛГАН МАНЗИЛГА ЕТИБ БОРА ОЛМАЙДИ

ШОШИЛГАН МАНЗИЛГА ЕТИБ БОРА ОЛМАЙДИ

0

Ҳайдовчилар тезликни меъёридан оширмасликлари, қувиб ўтиш қоидаларига амал қилишлари борасида Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБ томонидан мунтазам равишда тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Аммо фуқароларнинг йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмасликлари ўзлари ва бошқаларга ҳам қимматга тушмоқда.
Жумладан, 2020 йилнинг 15 август куни соат 14:00ларда Хатирчи тумани “Бунёдкор” МФЙ ҳудудидан ўтган 4N 374 маҳаллий аҳамиятга эга автомобиль йўлининг 3 километрида 1999 йилда туғилган ҳайдовчи Ф.У. “Тико” русумли автомашинани бошқариб келаётган эди. Ўзи билан бир йўналишда ҳаракатланиб келаётган фуқаро А.А. бошқарувида бўлган “Дамас” русумли автомашинани чап томондан қувиб ўтиш мақсадида манёврни амалга ошириб, ҳаракатланишда давом этаётиб, қарама қарши йўналишда ҳаракатланиб келаётган транспорт воситалари билан тўқнашиб кетиши мумкинлигини англаб, автомашинасини ўз йўналишига олган вақтда мазкур автомашинанинг ён қисми билан тўқнашиб кетиши оқибатида автомашиналар бошқаруви йўқолиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.
Натижада, “Дамас” русумли автомашина ҳайдовчиси А.А. оғир тан жароҳати олиб, туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.
Мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБ Матбуот гуруҳи