Bosh sahifa Jamiyat ҚҚСНИ БИР ЙЎЛА ҲИСОБГА ОЛИШ МУМКИНМИ?

ҚҚСНИ БИР ЙЎЛА ҲИСОБГА ОЛИШ МУМКИНМИ?

0
Навоий шаҳридаги Ёшлар марказида Навоий вилоят Давлат солиқ бошқармаси томонидан вилоятдаги ишлаб чиқариш ва қурилиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг ҳисобчилари, иқтисодчилари иштирокида янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг мазмун-моҳияти тарғиботига бағишланган кўргазмали семинар ўтказилди.
Семинарда солиқ тўловчилар учун яратилган имтиёз ва енгилликлар, солиқ турлари ва текширувларини қисқартиришдан мақсад, рақамли иқтисодиётга ўтишнинг афзалликлари хусусида тўхталиб ўтилди. Аҳамиятли жиҳати, янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг мазмуни, асосий ўзгариш ва янгиликларни кенг жамоатчиликка етказиш юзасидан тарғибот тадбирларида солиқ тўловчиларнинг амалиёт давомида дуч келаётган масалалар муҳокама этилди. Шунингдек, Солиқ кодексига киритилган янгилик ва ўзгаришларга мувофиқ маълум бир тадбиркорлик фаолиятида учраётган ечимталаб муаммолар семинар давомида ўрганиб чиқилиб, асосли жавоблар қайтарилди.
– Бизнинг ташкилотимиз қурилиш фаолиятига ихтисослашган бўлиб, қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғи тўловчиси ҳисобланамиз, – дейди “Қурилиш” масъулияти чекланган жамияти бош ҳисобчиси Дилшода Ярқулова. – Семинарда мутхассислар берган маълумотларга кўра, биз тадбиркорлар учун қатор қулайликлар яратилган. Масалан, жорий йилдан даромади 5 миллиард сўмдан ортмаган тадбиркорлар учун фойда солиғидан аванс тўлови маълумотномаларини солиқ органларига тақдим этиш тартиби бекор қилингани яна бир янгиликдир.
Вилоят давлат солиқ бошқармаси масъул ходимлари ўз маърузаларида янги Солиқ кодексининг солиқ тўловчиларга афзаллик жиҳатлари, солиқ идораларининг тадбиркорлар билан ҳамкорлик принциплари ҳақида тўлиқ маълумот беришди.
Шунингдек, маърузачилар томонидан янги таҳрирдаги Солиқ кодексида солиқ қонунчилиги нормалари қўлланилишини соддалаштириш, ундаги зиддиятлар ва тушунмовчиликларни тугатиш, солиқ объектлари, солиқ тўловчиларнинг ҳисобини юритишни таъминлайдиган ахборот коммуникация технологияларини кенг жорий этиш билан боғлиқ бир қатор муҳим янгиликлар назарда тутилгани айтиб ўтилди. Тадбир давомида мутахассислар Кодексдаги ўзгаришларни вилоятдаги маълум бир корхона фаолияти мисолида таҳлил этиб беришди. Семинарда тадбиркорлар ўз фаолияти давомида дуч келган айрим муаммоларни қонуний ечишда маслаҳат сўраб, янги солиқ тизими бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.
– Семинарда кўплаб янгиликлардан хабардор бўлдик, – дейди ҳисобчиси Ҳабиб Муҳаммадиев. – Масалан, бизнинг фаолиятимиз ишлаб чиқаришга йўналтирилган бўлиб, ҳозирги кунда корхоналарга бетон маҳсулотлари етказиб берамиз. Корхонамиз учун асосий воситаларни қўшилган қиймат солиғи билан харид қилган бўлсак, аввалги тартибга кўра, қўшилган қиймат солиғини ойма-ой ўсиб бориш тартибида ҳисобга олишга мажбур эдик. Эндиликда мазкур солиқни бир йўла ҳисобга олиш имкониятининг яратилгани биз учун муҳим қулайлик бўлди.
Мухтасар айтганда, соҳага оид амалга оширилаётган ишлар бюджет даромадларини ошириш, аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалтириш ҳамда мамлакатимиз тараққиётини изчил таъминлашга хизмат қилади.
Нуриддин РАҲИМОВ,
ЎзА мухбири