Bosh sahifa Jamiyat Соғлом овқатланишга ҳар бир оила эътибор қаратиши лозим

Соғлом овқатланишга ҳар бир оила эътибор қаратиши лозим

0

Соғлом овқатланиш – соғлом турмуш тарзининг асосий йўналишларидан биридир. 

 Инсоннинг ўсиши, меъёрий ривожланиши ва ҳаёт фаолиятини, унинг саломатлигини мустаҳкамлашга ҳамда касалликларнинг олдини олишни таъминлашга имконият берувчи овқатланиш  Соғлом овқатланишдир. 

 Овқат киши ҳаётининг асосий шарти ҳисобланади. Шунинг учун одам ҳар куни мунтазам равишда бевосита маълум бир вақтда овқатланиши зарур. 

 Инсонни фаол ҳаёт кечиришида албатта куч-қувват сарфлайди, меҳнат қилади, турли ишлар билан шуғулланади ва ҳаказо. Жисмоний кучни кўпроқ талаб қиладиган меҳнат эса кўпроқ энергия (куч) сарфлашни талаб қилади. Инсон организмида мунтазам янги ҳужайралар ва тўқималар тўхтовсиз равишда янгиланиб туради, бунинг учун эса албатта «қурилиш материали» зарур бўлади, одам организми эса уни фақат ейиладиган овқатдан олади.

 Кимёвий табиати ва биокимёвий хусусиятига кўра бир-биридан фарқ қиладиган 100 дан зиёд озиқ-овқат моддаларининг организмга овқат билан тушиши аниқланган. Нормал ҳаёт кечириш учун бу моддалар одам организмида муайян миқдорда ва нисбатда бўлмоғи лозим. Улардан биттаси ёки бир нечтасининг етишмаслиги моддалар алмашинувининг бузилишига олиб келади ва инсон организмини касалликларга қарши курашишини сусайтиради. Бир сўз билан айтганда соғлиғига путур етказади. Ҳозирги кунда коронавирус инфекциясига чалинмаслик учун ҳам тўғри ва соғлом овқатланиш, тозаликка риоя қилиш, қўлларни тез-тез ювиб туриш тавсия этилади.

 Табиатда организмнинг зарур моддаларга бўлган эхтиёжини тўла-тўкис таъминлай оладиган ягона бир маҳсулотнинг ўзи йўқ. Буни оқсиллар, ёғлар, углеводлар, минерал моддалар, витаминлар ва бошқа моддаларга бой бўлган ҳар хил озиқ-овқат маҳсулотлари таъминлай олади. Шунга кўра тўғри овқатланиш учун одам хилма-хил маҳсулотларни еб туриши лозим.  Озиқ овқат маҳсулотлари организм сарфлаган энергия ва моддалар ўрнини қоплай оладиган даражада бўлиши шарт.

 Тўғри овқатланишни ташкил қилишнинг муҳим талаби овқатланиш тартибига қатъий риоя қилиш ҳисобланади. Овқатланиш тартиби деганда овқат ейиш вақти, неча марта овқатланиш ва овқат калориялигининг ҳар сафар ейиладиган овқатга тақсимланиши тушунилади..

 Овқатни ҳар куни маълум вақтда ейиш керак. Шундай қилинганда овқат ейиш олдидан меъда-ичак шираси кўп ажралади. Овқатни вақтида еганда яхши ҳазм бўлади ва унинг кимевий компонентлари тўла ўзлаштирилади. Овқатланиш тартибининг бузилиши бу жараёнларни бузибгина қолмай, балки гастрит, меъда ва ўн икки бармоқ ичак яраси каби турли касалликларнинг пайдо бўлишига ҳам олиб келади. Пала — партиш овқатланиш моддалар алмашинувининг бузилишига сабаб бўлади. Углеводлар алмашинувининг бузилиши ва у туфайли тана вазнининг ошиб кетиши ёки қонда холестерин миқдорининг кўпайиши бунга яққол мисол бўла олади. 

 Шундай экан соғлом ва тўғри овқатланинг, зеро соғлом овқатланиш  саломатлигингиз гаровидир!

Фарход ҚУРБОНОВ, инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси Навоий вилоят ҳудудий бўлинма директори.