Bosh sahifa Jamiyat Солиқ идораларида “Очиқ эшиклар куни” бўлиб ўтмоқда

Солиқ идораларида “Очиқ эшиклар куни” бўлиб ўтмоқда

0

Навоий вилоят давлат солиқ бошқармаси ва шаҳар, туман давлат солиқ инспекцияларида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда “Солиқ қарзининг пайдо бўлиш сабаблари, тўловларнинг амалга оширилишида учраётган муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари” мавзусида “Очиқ эшиклар куни” бўлиб ўтмоқда.

Ўтказилаётган тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июлдаги “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳиятини тадбиркорларга етказиш, фармонда белгиланган солиқ имтиёзларидан унумли ва мақсадли фойдаланиш, улар фаолиятида учраётган мавжуд муаммоларга эътибор қаратилаяпти.

Фармон билан бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, тадбиркорлик субъектларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини янада кучайтириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ҳамда  якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахслар, молиявий-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган (шу жумладан, фаолиятини вақтинча тўхтатган) якка тартибдаги тадбиркорлар, давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланган жисмоний шахсларнинг тадбиркорлик фаолиятини тиклаган ёки қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган тақдирда, қайд этилган солиқ қарзлари, молиявий жарималар ҳамда пенялар ҳисобдан чиқарилиши, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият олиб бораётган жисмоний шахслардан тегишли фаолият тури бўйича ўрнатилган ставкадан келиб чиқиб ҳисобланган бир йиллик миқдордаги қатъий белгиланган солиқни бир йўла ундириш тартиби ҳам бекор қилиниб, тадбиркорлар фаолиятини амалга оширилишидаги яна бир тўсиқ олиб ташланганлиги юзасидан тушунчалар берилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, 2018 йилда вилоятда олиб борилган тарғибот ва ташвиқот ишлари натижасида 1081 нафар фуқароларимиз тадбиркорлик фаолиятини қайта тиклаган ҳамда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтиши билан улардаги 3,2 млрд. сўм солиқ қарзи ҳисобдан чиқарилган.

Қайд этиш жоиз,  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 декабрдаги  “Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим фармонларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида”ги Фармони билан “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонга ўзгартириш киритилиб, ишбилармонларга берилган имтиёзлар муддати жорий йил 1 июлгача узайтирилди.

Эндиликда тадбиркорлик мақоми тугаган ҳамда солиқ қарзига эга тадбиркорлар юқорида қайд этилганмуддатга қадар яратилган кенг имкониятлардан фойдаланган ҳолда ўз фаолиятларини қайта тиклашлари мумкин.

Н.САФАРОВ, Навоий вилоят ДСБ катта инспектори.