Bosh sahifa Yangiliklar Солиқ ислоҳотлари концепцияси: қандай имтиёзлар жорий этилмоқда?

Солиқ ислоҳотлари концепцияси: қандай имтиёзлар жорий этилмоқда?

0

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 29 июнида Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Таъкидлаш керак, 3 ой давомида жамоатчилик муҳокамасига қўйилган ушбу ҳужжатнинг ишлаб чиқилишида кенг аҳоли қатлами таклифлари ҳамда халқаро экспертлар фикри инобатга олинган.
Вилоят Давлат солиқ бошқармасида мазкур соҳа мутахассислари ҳамда 100 нафардан ортиқ тадбиркорлар ва буғгалтерлар иштирокида ўтказилган семинарда 2019 йилнинг 1 январидан кучга кирадиган янги тартиблар ҳақида сўз борди. Хусусан, унда фуқароларнинг иш ҳақидан тўланадиган солиқларнинг соддалаштирилаётгани, якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахслардан олинадиган солиқ ставкалари камайтирилаётгани ва бошқа имтиёзлар ҳақида батафсил тушунчалар берилди.
Вилоятимиз мисолида айтадиган бўлсак, солиқ юкининг енгиллаштирилаётгани эвазига тадбиркорлар қўшимча 150 миллиард сўм фойдага эга бўлиши ҳамда бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига фуқаролардан ушлаб қолинадиган суғурта бадалларининг бекор қилиниши ҳисобига эса аҳоли ихтиёрида 197 миллиард сўмдан ортиқ маблағлар қолиши кутилмоқда.
– Ҳар бир киши ўзи тўлаётган солиқ миқдорининг қандай ҳисоб-китоб қилинганини тўлиқ англаб етиши лозим, – дейди бошқарма бўлим бошлиғи Н.Жуманазаров. – Бироқ, бу борадаги амалдаги тартибларнинг мураккаблиги ҳамма вақт ҳам бунга имкон бермайди. Баъзан, соҳа мутахассислари ҳам солиқларни ҳисоблашда хатога йўл қўйиши мумкин. Мисол учун, иш ҳақидан олинган даромад солиғи бугунгача 4 та пункт асосида ҳисобланар энди. Эндиликда бу қатъий 12 фоиз этиб белгиланди. Бу борадаги бошқа жиҳатларнинг ҳам соддалаштирилгани айни муддао бўлди.
Таъкидлаш керак, солиқ соҳасидаги оғриқли масалалардан бири бу тадбиркорларнинг ишчи ўрнини тўлиқ кўрсатмаслик, тушумларни яшиширш, солиқдан қочиш ҳолатларидир. Бошқарма томонидан жорий йилнинг ўтган даврида олиб борилган ўрганишлар жараёнида мингдан ортиқ фуқароларнинг меҳнат шартномаси тузмасдан фаолият олиб бораётган ҳолатлари аниқланди. Семинарда бу ҳақда сўз борар экан, эндиликда ҳалол ишлаш, имтиёзлардан тўғри фойдаланиш ҳар бир тадбиркор зиммасидаги алоҳида вазифа эканлиги таъкидланди.
Тадбирда шунингдек, иштирокчилар томонидан турли корхоналарда солиқ солиш билан боғлиқ юзага келаётган масалалар ҳам ўртага ташланди. Бошқарма мутасаддилари мазкур саволларга жавоб берар экан, айрим муаммоларни жойида бориб ўрганиш белгиланди.