Bosh sahifa Mualliflardan Солиқ назоратининг янги шакллари

Солиқ назоратининг янги шакллари

0

Солиқ соҳаси аниқликни ёқтиради. Чунки, манфаатлар мувозанатини тенг тутиш ва адолатлилик принципларига риоя қилиш эҳтиёжи аниқликни талаб қилади. Янги Солиқ кодексида солиқ назоратига оид бир қатор янги моддалар киритилди. Қонунчиликка биноан, давлат солиқ хизмати органлари заруратга қараб йилда кўпи билан бир марта солиқ тўловчини кўздан кечириши ҳамда сўров юборишга ҳақли. Агар шу жараёнда тафовутлар аниқланган тақдирда кейинчалик солиқ солинадиган базага тузатишлар киритилади. Назоратнинг янги шакллари тўғрисида тўлиқ ва аниқ маълумотлар олиш учун вилоят давлат солиқ бошқармаси камерал назорат бўлими бошлиғи Н.Жуманазаровга мурожаат қилдик.

– Нодир Фозилович, солиқ соҳасидаги ислоҳотлар жараёнида қонунчиликка бир қанча ўзгартишлар киритилди. Мазкур ўзгаришлардан хўжалик юритувчи субъектлар ва тадбиркорлар хабардорлигини таъминлаш солиқ органларининг вазифаларидан саналади. Солиқ назоратининг янги шакллари ва уларни ўтказиш тартиблари хусусида маълумот берсангиз.

— 2018 йилда тасдиқланган “Давлат солиқ хизмати органлари томонидан мавзуга оид ва экспресс-ўрганишларни амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ мавзули экспресс-ўрганиш ҳақида тўхталиб ўтамиз. Аввало, таъкидлаш керакки, Солиқ кодексига назоратнинг янги тури – мавзули экспресс-ўрганишни назарда тутувчи янги 712-модда киритилди. Бундай ўрганиш камерал назорат натижаси бўйича жойига чиқиб ўрганилган ахборотнинг ишончлилигини аниқлаш мақсадида ўтказилади. Солиқ тўловчининг ҳисоботларида акс эттирилган солиқ ва божхона имтиёзларини қўллашнинг қонунийлигини тасдиқлаш учун амалга оширилади. Ўрганиш фақат камерал назорат амалга оширилган солиқ даври учун амалга оширилиши лозим. Уни амалга ошириш муддати етти календарь кундан ошмаслиги шарт. Зарур ҳолларда (фойдали қазилмаларни кавлаб олиш ҳажмини аниқлашда, назорат ўлчовлари ва бошқалар) мавзули экспресс-ўрганишда иштирок этиш учун ўрганиш натижасидан манфаатдор бўлмаган экспертлар, мутахассислар ва таржимонлар жалб этилиши мумкин.

Ҳудудларни, ишлаб чиқариш, омборхона, савдо биноларини ва бошқа биноларни, шу жумладан солиқ тўловчи томонидан даромад олиш учун фойдаланилаётган ёки солиқ солиш объектларини сақлаш билан боғлиқ бўлган жойларни кўздан кечириш солиқ тўловчининг солиқ хизмати органининг талабномасига жавобан тақдим этган ҳужжатларида акс эттирилган иш ўринлари сонини, товар-моддий қимматликларнинг, асосий воситаларнинг ёки бошқа мол-мулкларнинг мавжудлигини тасдиқлаш мақсадида ўтказилади. Зарур ҳолларда, кўздан кечириш чоғида фото ва видеотасвирга олиш амалга оширилиши мумкин. Солиқ тўловчи томонидан мавзули экспресс-ўрганишга тааллуқли ҳужжатлар тақдим этилмаган тақдирда давлат солиқ хизмати органининг  мансабдор шахси томонидан бу тўғрисида далолатномат узилади. Далолатнома илгари солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган ахборотни ишончли эмас, деб топиш учун асос бўлади. Назорат натижалари бўйича қоидабузарликлар мавжуд бўлган тақдирда, давлат солиқ хизмати органининг мансабдор шахслари солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг тегишли нормасига ҳавола қилган ҳолда, солиқ тўловчининг тушунтиришларини инобатга олиб, аниқланган қоидабузарликлар батафсил баён қилинган маълумотномани тузади.

Етти иқлимга донғи кетган жаҳонгир Амир Темурнинг узугида “Рости — дурусти” деган ёзув нақш этилган, дейишади. Ростлик фақирлик келтирмайдиган амаллардан. Шундай экан, солиқ тўловчиларимиздан қаллоблик, алдов ишларни қилмасликларини, қонунларга итоат этишларини сўраб қоламиз.

Ж.УМИРЗОҚОВ, ДСБ ходими.