Bosh sahifa Yangiliklar СОЛИҚ ОРГАНЛАРИ СОЛИҚ ТЎЛОВЧИЛАРГА ЙЎЛ ҚЎЙГАН ХАТОЛАРИНИ ТУЗАТИШГА КЎМАКЛАШМОҚДА

СОЛИҚ ОРГАНЛАРИ СОЛИҚ ТЎЛОВЧИЛАРГА ЙЎЛ ҚЎЙГАН ХАТОЛАРИНИ ТУЗАТИШГА КЎМАКЛАШМОҚДА

0

Жорий йилнинг 19 декабрь куни www.navoitoday.uz сайтида “Тадбиркор нега Кармана туман давлат солиқ инспекциясидан норози?” сарлавҳали материал жойлаштирилди. 

Мазкур мақолага Навоий вилоят давлат солиқ бошқармаси муносабат билдиради:

Мақолада номи келтирилган “Авто Такси” масъулияти чекланган жамиятининг солиқ идораларидан норозилик мазмунидаги шикоятига қуйидагича изоҳ берилади.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 184-моддасига асосан, жисмоний шахсларнинг даромадларига солинадиган солиқни тўлов манбаида ҳисоблаб чиқариш, ушлаб қолиш ва тўлаш мажбурияти, юридик шахслар зиммасига юклатилади.

Жисмоний шахсларнинг тўлов манбаида солиқ солинадиган даромадларига қуйидаги даромадлар киради:

1) жисмоний шахсларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлари;

2) моддий наф тарзидаги даромадлар; 

3) мулкий даромадлар;

4) бошқа даромадлар.

Фақатгина меҳнатга оид муносабатларда бўлмаган жисмоний шахсга моддий наф тарзида даромад тўловчи солиқ агенти, жисмоний шахснинг ёзма аризаси асосида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ушлаб қолмасликка ҳақлидир. 

Мақоладан келиб чиқиб, жисмоний шахсларнинг шахсий автомобиллари билан ижара шартномаси асосида “Авто Такси” масъулияти чекланган жамиятига аъзо бўлиши уларга мулкий даромадларни шакллантиради. Бу эса ўз навбатида, юқорида айтганимиздек жисмоний шахснинг тўлов манбаида солиқ солинадиган даромадини шакллантириб, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини бюджетга ўтказиб бериш мажбурияти юридик шахс зиммасига, яъни транспорт хизмати кўрсатувчи уюшма зиммасига юклатилишини англатади.

Мазкур ҳолатда транспорт хизмати кўрсатувчи уюшма жисмоний шахслардан автотранспорт воситасини ижара шартномаси орқали олганда, барча мажбуриятларни жисмоний шахс зиммасига юклаши юқоридаги қонун ҳужжатига зид эканлигини кўрсатмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 185-моддасига мувофиқ, Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг тўғри ушлаб қолиниши ва ўз вақтида бюджетга ўтказилиши учун жавобгарлик солиқ агенти, яъни транспорт хизмати кўрсатувчи юридик шахснинг зиммасида бўлади. Мазкур солиқ суммаси ушлаб қолинмаган тақдирда, солиқ агенти ушлаб қолинмаган суммани ҳамда у билан боғлиқ пеняни бюджетга тўлаши шарт.

Мақолада келтирилган,  бугунги кунда солиқ идоралари томонидан бошқа ваъжлар юзасидан “текшир-текшир” ишлари бошланган, деган жумла солиқ органларига нисбатан нотўғри қўлланилган. Солиқ органлари солиқ тўловчиларнинг солиқ ва бошқа мажбурий тўловларини белгиланган тартибда тўлашлари учун ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, улар томонидан йўл қўйилган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш имкониятини яратишга хизмат қилмоқда. Юқоридаги ҳолатлар бўйича ҳеч қандан текшириш ҳаракатлари олиб борилмаётганлигини маълум қиламиз.