Bosh sahifa Mualliflardan Солиқ таътили қай тартибда берилади?

Солиқ таътили қай тартибда берилади?

0

Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 30 декабрдаги “Солиқ маъмуриятчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни билан Солиқ кодексига бир қатор ўзгартиришлар киртилди.

Жумладан, вақтинчалик молиявий қийинчиликларга дуч келган инсофли солиқ тўловчилар ҳисобланган, хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан солиқ таътилларининг қўлланилиш тартибини жорий этиш учун Солиқ кодексининг 54 – моддасига солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлашнинг умумий шартлари белгиланган.

Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш солиқ мажбуриятларини бажариш муддатларини ўзгартириш ҳисобидан солиқ таътиллари тарзида берилади ва бунда солиқ тўловчига тўлаши керак бўлган тегишли солиқ тўловларини маълум бир муддат давомида камайтириш ва кейинчалик тўлаш имконияти тақдим этилади.

Вақтинчалик молиявий қийинчиликларга дуч келган инсофли солиқ тўловчиларга солиқ таътили бериш тўғрисида тегишли қарор қабул қилинган кундан эътиборан йигирма тўрт ойгача бўлган муддатга берилади. Инсофли солиқ тўловчиларга охирги икки йил ичида солиқ мажбуриятларини ўз вақтида ва тўлиқ бажариб келган солиқ тўловчилар киради. Бунда солиқ қарзини тўлашни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш солиқ қарзининг жамига ёки бир қисмига нисбатан амалга оширилиши мумкин.

Инсофли солиқ тўловчиларга солиқ таътиллари, шунингдек солиқ қарзини тўлашни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан, ягона солиқ тўловини тўловчиларга солиқ таътиллари  эса давлат солиқ хизмати органлари томонидан берилади.

Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар давлат солиқ хизмати органига ёзма ёки солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали билдириш юбориб, текширувлар натижалари бўйича қўшимча ҳисобланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни, шунингдек молиявий санкциялар суммаларини тўлашни уларнинг ундирилиши тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан олти ой ичида тенг улушларда тўлашга ҳақли.

Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича пеня ҳисоблаш тегишли солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарзни тўлашни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлашнинг амал қилиш даври бошланганидан эътиборан тўхтатиб турилади.

Ушбу модданинг қоидалари божхона тўловларини ва давлат божини тўлашга нисбатан татбиқ этилмайди. Божхона тўловларини ва давлат божини тўлашни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларида ҳамда бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва асосларда амалга оширилади.

Навоий вилоят ДСБ Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими.