Bosh sahifa Mualliflardan Солиқ тизимида электрон давлат хизматлари холислик, қулайлик ҳамда тезкорликни таъминламоқда

Солиқ тизимида электрон давлат хизматлари холислик, қулайлик ҳамда тезкорликни таъминламоқда

0

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 30 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ хизмати идоралари ахборот-коммуникация тизими фаолияти самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-1843-сонли Қарорига мувофиқ,  2012-2013 йиллар давомида Давлат солиқ қўмитасининг ягона интеграциялаштирилган ахборот-ресурс базаси яратилиб, 200 та ҳудудий давлат солиқ инспекцияларининг ахборот базалари Давлат солиқ қўмитасининг марказий маълумотлар базасига интеграциялаштирилди.

Давлат солиқ қўмитасининг ягона интеграциялаштирилган ахборот-ресурс базасида 53 та вазирлик ва идоралардан 112 та йўналишдаги маълумотлар электрон шаклда жамланиши йўлга қўйилди.

Солиқ тўловчилар билан солиқ органлари ўртасида электрон мулоқотни кенгайтириш мақсадида 2017 йил давомида 5 та янги электрон давлат хизматлар ҳамда электрон давлат хизматлар таркибидаги 2 та янги хизматлар ишлаб чиқилди.

Давлат солиқ хизмати органлари томонидан кўрсатилаётган 39 та давлат хизматлардан 35 таси электрон шаклга ўтказилиб, Давлат солиқ қўмитасининг “Электрон давлат хизматлари — my.soliq.uz” портали орқали кўрсатилмоқда.

Шунингдек, солиқ хизмати органлари томонидан солиқ тўловчиларга кўрсатилаётган интерактив давлат хизматлари сони 2013 йилда 16 тага, 2014 йилда 21 тага, 2015 йилда 24 тага, 2016 йилда 30 тага ва 2017 йилда 35 тага етди.

Ҳукумат порталини янада ривожлантириш, давлат интерактив хизматларини тақдим этилиш кўламини кенгайтириш мақсадида, 2017 йилда янги Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my2.gov.uz)га солиқ органларининг 11 турдаги интерактив хизматлари жойлаштирилди.

Замонавий ахборот-коммуникация технологиялардан фойдаланган ҳолда, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни банкка бормасдан Click, PayMe каби электрон тўлов тизимлари ёрдамида мобил телефон ёки интернет орқали онлайн режимда жисмоний шахсларнинг барча солиқларини, жумладан ҳисобланган пеня ва жарималарни тўлаш имкониятлари йўлга қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг  2018 йил 26 июн “Давлат солиқ хизмати органи фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3802 сонли қарорининг иккинчи бандига мувофиқ, 2019 йил 1 январдан давлат солиқ хизмати органлари хизмат кўрсатиш, савдо ва умумий овқатланиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари учун ягона солиқ тўловини, ягона ер солиғини, юридик шахслардан ер солиғини, шунингдек, банк айланмалари ҳақидаги маълумотлар, шунингдек, бошқа ташқи манбалар асосида декларация қилинадиган даромадлар бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ҳисоблаш тарзида солиқ тўловчиларга сервис хизматлари кўрсатади ҳамда ҳисобланган солиқлар суммаси ҳақида солиқ тўловчининг “шахсий кабинета” орқали хабарнома юбориши белгилаб қўйилди.

Шахсий кабинет тушунчаси Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 13 июндаги ЎРҚ-436-сонли Қонуни билан Солиқ кодексига янги “22-1. Солиқ тўловчининг шахсий кабинети” моддаси киритилди. Солиқ тўловчининг шахсий кабинети тушунчасининг киритилиши билан солиқ тўловчилар билан деярли барча муносабатлар электрон шаклда ҳам амалга ошириш учун ҳуқуқий асос яратилди.

Унга кўра,  Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг 2017 йил 5 сентябрь 2926-сонли қарори билан “Солиқ тўловчининг шахсий кабинетидан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.

Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 221-моддасига ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 июлдаги “Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5116-сонли Фармонига мувофиқ солиқ тўловчининг шахсий кабинетидан фойдаланиш тартибини белгилайди.

Шахсий кабинетни қўллаш қуйидаги:

солиқ тўловчилар ва давлат солиқ хизмати органларининг солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳуқуқ ва мажбуриятлари амалга оширилишида замонавий ахборот-технологияларидан кенг фойдаланиш;

солиқ тўловчиларга тўғридан-тўғри мулоқотсиз хизмат кўрсатиш;

солиқ тўловчиларга давлат хизматларидан фойдаланишида қулайликлар яратиш;

солиқ тўловчилар ва давлат солиқ хизмати органлари ўртасидаги ўзаро муносабатларда ҳужжатлар айланиш механизмини соддалаштириш ва тезкорлигини ошириш;

солиқ маъмуриятчилиги сифати ва самарадорлигини янада яхшилашни таъминлаш мақсадларига қаратилган.

Солиқ тўловчида шахсий кабинет мавжуд бўлмаган тақдирда, солиқ тўловчи ва давлат солиқ хизмати органи ўртасидаги ўзаро муносабатлар солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Низомга кўра, шахсий кабинет жисмоний шахс, якка тартибдаги тадбиркор ёки юридик шахс солиқ тўловчи сифатида давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйилган кундан бошлаб уч иш куни ичида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг расмий веб-сайтида автоматик режимида шакллантирилади.

Шахсий кабинет солиқ тўловчилар тоифалари (жисмоний шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар, юридик шахслар) учун алоҳида шакллантирилади.

Солиқ тўловчи фақат битта шахсий кабинетга эга бўлиши мумкин. Солиқ тўловчини ҳисобга олиш жойидан қатъи назар, унинг давлат солиқ хизмати органлари билан ўзаро муносабатлари битта шахсий кабинет орқали амалга оширилади.

Шахсий кабинетни активлаштириш ёки амал қилишини тўхтатиб туриш солиқ тўловчи томонидан ихтиёрий равишда амалга оширилади.

Шахсий кабинетни активлаштириш ёки амал қилишини тўхтатиб туриш учун солиқ тўловчи томонидан тегишлича ушбу Низомнинг иловаларида келтирилган шакл бўйича бевосита ҳисобга олинган жойдаги давлат солиқ хизмати органига ёки Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг расмий веб-сайти орқали Давлат солиқ хизмати органлари билан ўзаро муносабатларни шахсий кабинет орқали амалга ошириш (амалга оширишдан воз кечиш) тўғрисидаги ариза билан мурожаат этади.

Ариза тақдим этилган кундан бошлаб шахсий кабинет активлаштирилади (амал қилиши тўхтатиб турилади).

Низомга асосан шахсий кабинетга кириш солиқ тўловчининг электрон рақамли имзоси қўлланилган ҳолда ягона идентификация қилиш тизими орқали амалга оширилади. Бунда:

солиқ тўловчи жисмоний шахснинг шахсий кабинетига кириш учун – жисмоний шахснинг электрон рақамли имзоси калити;

солиқ тўловчи якка тартибдаги тадбиркорнинг шахсий кабинетига кириш учун – давлат рўйхатидан ўтган ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган жисмоний шахснинг электрон рақамли имзоси калити;

солиқ тўловчи юридик шахснинг шахсий кабинетига кириш учун – юридик шахс вакилининг электрон рақамли имзоси калити талаб этилади.

Агар жисмоний шахс давлат солиқ хизмати органларида юридик шахснинг раҳбари сифатида ҳисобда турган бўлса, ушбу жисмоний шахс ўз электрон рақамли имзоси калити билан юридик шахснинг шахсий кабинетига кириши мумкин.

Суннат АҲМЕДОВ, Навоий вилоят Давлат солиқ бошқармаси АКТ бўлими бош мутахассиси.