Bosh sahifa Mualliflardan Солиқ тўловчилар учун қулайлик

Солиқ тўловчилар учун қулайлик

0

Мамлакатимиз иқтисодиётида бозор муносабатларининг ривожланиб бориши солиқ қонунчилигини аҳоли орасида самарали тарғиб қилиш ҳамда бу борадаги маданиятни янада оширишни тақозо этади. Ҳар бир вилоятда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси таркибидаги “Ахборот-маслаҳат маркази” давлат корхоналарининг иш олиб бораётгани айни шу мақсадни кўзда тутгани билан  аҳамиятлидир.

2015 йил 28 декабрда вилоятимизда ҳам шундай марказ иш бошлаган эди. Корхона ходимлари томонидан ўтган йил 9780 хусусий тадбиркор ва мингдан ортиқ юридик шахсларга солиқ ҳисоботларини тайёрлаш бўйича маслаҳат берилди. Барча туман ва шаҳарларда солиққа оид қонунчиликнинг тарғиботига бағишланган учрашувлар бўлиб ўтди. Корхона томонидан 2017 йил давомида 18 356 нафар тадбиркор билан шартномалар тузилган. Бундан ташқари, ўтган йилда солиқ қонунчилиги бузилишига оид 36 та ҳолат ўрганилди.

Масалан, яқинда конимехлик фермернинг аризаси кўриб чиқилди. Фермер хатида сабзавотчилик билан шуғулланишини ва ундан ягона солиқ олиниши қанчалик тўғри ёки нотўғрилигини сўраб, мурожаат қилган. Қонунчиликда фермер хўжалиги сабзавотчиликка ихтисослашган бўлса, ундан ягона солиқ эмас, ягона ер солиғи олиниши кераклиги қайд этилган. Бу тўғрисида фермерга тушунча берилди. Унинг муаммоси бир кунда ечимини топди. Айтишим лозимки, солиқ мавзуси барчага бирдек тааллуқли. Ким ва қандай мансаб, ишда бўлишидан қатъи назар, ер, мулк ва бошқа солиқларни тўлаб боради. Лекин кўпчилик солиқ соҳасидаги янгиликлар, қонунчиликдаги ўзгаришлардан хабардор бўлмайди. Масалан, пенсионерларнинг ер солиғини тўлашда имтиёзлари бор. Афсуски, буни ҳамма ҳам билмайди. Шунингдек, солиқ тўловчиларнинг барча тоифалари учун қатъий белгиланган солиқ ставкаси жорий йил 1 январь ҳолатига энг кам иш ҳақи миқдоридан келиб чиқиб аниқланади ва йил давомида миқдор ўзгарган тақдирда ҳам қайта кўрилмаслик тартиби сақланиб қолинди. Ушбу санадан бошлаб фаолият кўрсатиш тури ва уни амалга ошириш жойидан қатъи назар, I ва II гуруҳ ногиронлари ҳисобланган жисмоний шахслар белгиланган солиқни ойига энг кам иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида тўлайдилар. Шу каби солиқ турлари, ставкалари ҳақида етарлича билмаслик аҳолида солиқ тўлашда бир қатор саволлар пайдо бўлишига олиб келади. Марказимиз бу борада намунали хизмат кўрсатишни мақсад қилган.

Таъкидлаш жоизки, шаҳар ва туманларда ҳам шундай маслаҳат марказлари фаолият кўрсатиб келмоқда. Улар хизматидан фойдаланиш муаммоларнинг қонунчилик асосида ҳал этилишида амалий ёрдам беради. Улар билан ҳамкорлик нафақат фуқаролар учун манфаатли, балки солиққа оид билимнинг ошишига ҳам хизмат қилади.

М. БОБОҚУЛОВ, марказ директори.