Bosh sahifa Mualliflardan Солиқ ва ислоҳот: сервис хизматлари такомиллашмоқда

Солиқ ва ислоҳот: сервис хизматлари такомиллашмоқда

0

Барча соҳалар қатори солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш борасида кўламдор ишлар бажарилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил   26 июндаги “Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги Фармони мазкур соҳада бўшлиқлар мавжудлиги, уларни бартараф этиш чораларини белгилаб бергани билан қимматли ҳужжатдир. Жаҳон банки молиявий экспертлари, халқаро валюта жамғармаси вакиллари, мамлакатимиз тадбиркорлари томонидан тушган таклифлар асосида амалда мавжуд солиқ ставкалари, солиқ базаларига ўзгартиришлар киритиш зарурияти етиб келгани, бу эса инвестициявий жозибадорликни ошириши, хорижий сармояни жалб этиш учун қулай иқтисодий иқлим яратиши яққол намоён бўлди. Шунингдек, солиқ юкининг енгиллашуви ва ҳисоботларни топширишнинг соддалаштирилиши натижасида тадбиркорлар вақти ва пули тежалади. Бунинг натижасида ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш имконияти ошади. Тадбиркорларга берилаётган имтиёзлар улар сонининг ортиши, иқтисодий салоҳиятининг юксалиши демакдир.

Юқорида қайд этилган қарорга асосан Давлат солиқ органлари ҳузурида “Солиқ-сервис” давлат унитар корхоналари ташкил этилди. Мазкур корхоналарнинг ташкил этилиши юридик ташкилотлар, жисмоний шахсларга ҳуқуқий ёрдам бериш билан бирга солиқ бўйича маслаҳатлар, солиққа оид муаммоли масалаларни ҳуқуқий экспертиза қилиш, солиқ аудити ўтказиш юзасидан хизматлар кўрсатишдан иборат.

Корхона ўзининг фаолияти давомида ташкилот, муассаса ва бошқа субъектларга нисбатан солиқ текширувларида қўшимча ҳисобланган солиқ суммаларини, қўлланилган молиявий жарима санкцияларни қайта кўриб чиқиб камайтириш, жиноий ишларнинг олдини олиш, имтиёзларни қўллаш, солиқ текширувларига тайёрлаш ишларини кенг миқёсда олиб боради. Кўрсатиладиган хизматлар тасдиқланган тарифлар бўйича, расмийлаштирилган шартномалар асосида, келишилган ҳақ эвазига амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида ташкил этилган бу корхона солиқ тўловчиларга ва солиқ органларига кўп турдаги хизмат кўрсатади. Хизмат турлари ва сифати бўйича кафолатланганлик даражаси юқори. Айни шу жиҳатлар сервис, техник ва маслаҳат хизматларига максимал эҳтиёж сезиладиган тадбиркорлик субъектлари фаолиятида кўзда тутилмаган тушунмовчилик, зиддиятларнинг олди олинади. Барчага тушунарли ва аниқ бўлиши учун “Солиқ-сервис” давлат унитар корхонаси томонидан кўрсатиладиган асосий хизмат турларини алоҳида келтириб ўтилади.

  • солиқ тўловчиларга солиқ мажбуриятларини бажаришда техник жиҳатдан кўмаклашиш;
  • солиқ тўловчилардан молиявий ҳамда солиқ ҳисоботлар ва декларацияларни қабул қилиш бўйича уларга ва давлат солиқ хизмати органларига амалий ёрдам бериш;
  • давлат солиқ хизмати органларининг автоматлаштирилган ахборот тизимини техник, дастурий ва ахборот таъминотини бошқариш;
  • давлат солиқ хизмати органлари фаолияти натижасида юзага келадиган ҳужжатларни қоғоз ва электрон шаклда марказлашган ҳолда архивда сақлашни ташкил этиш;
  • “call-марказ” махсус сервиси орқали солиқ тўловчиларга ахборот хизматларини кўрсатиш;
  • солиқ тўловчиларни электрон ҳисобварақ-фактураларни юритиш қоидалари бўйича ўқитиш, уларга солиқ тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини етказиш;
  • ахборотни ҳимоя қилиш тадбирларини амалга ошириш;
  • давлат солиқ хизмати органлари ходимларининг билим ва малакасини оширишда иштирок этиш;
  •  веб (сайт) портали орқали солиқ тўловчиларга интерактив хизматлар кўрсатиш;
  • Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонунчилик билан таъқиқланмаган солиқ қонунчилиги бўйича бошқа хизматларни кўрсатиш.

Мижозларга қулайлик туғдириш ва уларнинг қимматли вақтини тежаш мақсадида корхона бевосита жойларга бориб, хизматларни буюртмачи корхонаси ҳудудида амалга ошириши мумкин. Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаб иш (хизмат)ларни тезкорлик, аниқлик, муайян келишув асосида тақдим этиш, мазкур жараёнда холислик тамойилларига амал қилиш – “Солиқ-сервис” давлат унитар корхонасининг асосий иш мезони, кундалик шиори.

Навоий вилоят ДСБ Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шуъбаси