Bosh sahifa Jamiyat Суд қарори: тадбиркор ҳақ, Кармана туман ҳокимлиги эса ноҳақ

Суд қарори: тадбиркор ҳақ, Кармана туман ҳокимлиги эса ноҳақ

0

Фуқаро Асқар Аҳмедов трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехи қуриш мақсадида ер сўраб, 2013 йилда Кармана туман ҳокимлигига мурожаат қилади. Туман ер участкаларини бериш масалаларини кўриб чиқиш комиссияси 2013 йил 18 сентябрда “Тошкент” кўчасини Навоий шаҳрининг Алишер Навоий номидаги кўчаси билан боғловчи йўл атрофидаги қишлоқ хўжалигида фойдаланилмай турган захира ердан мазкур цехни қуриш учун 1,55 гектар ер майдони танлаш тўғрисида далолатнома тасдиқлайди.

Танлов комиссияси 2013 йил 28 октябрда фуқаро  А. Аҳмедов “Янгиариқ” маҳалласи ҳудудидаги 85,7 квадрат метр ер майдонидан трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш цеҳи қуриш учун доимий фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритганлиги тўғрисида 02-18/29-сонли ғолиблик  баённомаси тузади.  Шундан сўнг А. Аҳмедов вилоят архитектура ва қурилиш бош бошқармаси билан тузилган шартномага асосан лойиҳа ҳужжатларини тайёрлашга киришади,  Кармана туман ер ресурслари ва давлат кадастр бўлими ҳамда вилоят давлат архитектура-қурилиш назорат инспекцияси рухсатини олади.

Хуллас, ҳамма ҳужжатлар тайёр бўлгач, А. Аҳмедов катта ниятлар билан ўзига ажратилган ер майдонида цех биносини қуришни бошлайди.  Аммо, қурилиш ишлари ниҳоясига етгач, у бинодан фойдаланиш ҳуқуқини олиш учун кўп сарсон бўлади. Гап шундаки, Кармана туман ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 майдаги “Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун юридик ва жисмоний шахсларга танлов асосида ер участкалари беришни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарори ўз кучини йўқотганлиги боис А. Аҳмедовга ўзи қурган бинодан фойдаланиш ҳуқуқини беришни рад қилади. Бундан боши қотган А. Аҳмедов туман маъмурий судига ариза билан мурожаат қилиб, Кармана туман ҳокимлиги хатти-ҳаракатини ғайриқонуний деб топишни ва ҳокимлик зиммасига тироктаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехи биносидан фойдаланиш ҳуқуқини расмийлаштиришни юклашни сўрайди.

Мурожаатни ўрганиб чиққан маъмурий суд 2019 йил 7 январда А. Аҳмедовнинг аризасини қаноатлантириш тўғрисида ҳал қилув қарорини чиқарди.

Ф. ЖУМАҚУЛОВ, Кармана туман Маъмурий суди раиси.