Bosh sahifa Jamiyat СУД ТИЗИМИ УЧУН ТЎРТИНЧИ ҲОКИМИЯТНИНГ АҲАМИЯТИ НЕЧОҒЛИК МУҲИМ?

СУД ТИЗИМИ УЧУН ТЎРТИНЧИ ҲОКИМИЯТНИНГ АҲАМИЯТИ НЕЧОҒЛИК МУҲИМ?

0

Негадир одамларда бир ҳадик бор. Суд идоралари номини эшитгандан юраги безиллай бошлайди. Аслида судлар жазолаш эмас, одамлар ҳақ-ҳуқуқини ҳимоялайдиган орган сифатида фаолият юритади. Аммо, минг афсус билан ҳақ гапни айтиш лозимки, йиллар давомида халқнинг суд идораларига ишончи сўнди. Бу бор гап. Шунинг учун ҳам Президентимиз мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” фармон чиқардилар. Таъкидладиларки, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш орқали халқимизнинг суд тизимига бўлган ишончини қатъий мустаҳкамлаш, судни том маънода “Адолат қўрғони”га айлантириш зарур деб билдилар.

Судлардаги шаффофликни оммага доимо журналистлар етказиб келган. Хўш, халқ таъбири билан айтадиган бўлсак,  тўртинчи ҳокимиятнинг суд тизими учун аҳамияти нечоғлик муҳим?… Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2020 йил 21 февралдаги “Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида” 4-сонли қарори чиқди. Мазкур Пленум қарорининг мақсади ва унинг мазмун-моҳиятини оммавий ахборот воситалари вакилларига етказиш ҳамда улар билан судлар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш мақсадида Жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят судида семинар ўтказилди.

Тадбирда судьялар ва журналистлар савол жавобга киришдилар. Очиқ суд мажлисларида журналистларнинг иштироки, аудио ва видеотасвирга олиш мосламаларидан фойдаланиш тартиби, суд қарори кучга кирмагунга қадар ОАВ вакиллари иш тафсилотларини ёритмаслиги хусусида пленум қарорида кўрсатилган тартиблар бўйича маълумотлар берилди. Кейинги пайтларда журналистлар судлар томонидан суд жараёнига фақатгина таклиф этилганидагина иштирок этаётганини айтиш шарт. Ҳатто, очиқ суд залларида кўрилаётган ишларда ҳам ОАВ вакилларини кам учратасиз.

Балки, журналистлар учун уларнинг ҳуқуқий билими, суд жараёнларини ёритиш масалалари бўйича касбий салоҳиятини оширишга қаратилган семинар-тренинглар ўтказиш жуда зарурдир. Ўз ўрнида  судьяларнинг ҳам ОАВ билан ҳамкорлигини ўрнатиш борасидаги амалий кўникмаларини кучайтиришга йўналтирилган семинарлар ўтказиб турилса мақсадга мувофиқ бўларди. Бундай ҳамкорлик жамият учун, унинг ошкоралигини таъминлаш учун бугунги ривожланиб бораётган, очик демократик жамият қуришга интилаётган янги Ўзбекистон учун жуда муҳимдир.

Нодира САМАНДАРОВА