Bosh sahifa Jamiyat Судлар фаолияти янада ихтисослаштирилди

Судлар фаолияти янада ихтисослаштирилди

0

Сўнги йилларда давлатимиз раҳбари муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович томонидан суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш борасида жуда кўплаб ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Шундан ислоҳотларнинг давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг  2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида суд ҳуқуқ соҳасида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш, фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилишни, тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмларини кенгайтириш мақсадида 2020 йил 24 июль куни ПФ 6034-сонли “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди.

Ушбу Фармонга мувофиқ суд қарорларини қайта кўришнинг бир-бирини такрорловчи босқичларини йўқ қилиш билан бир қаторда  фуқароларнинг сарсонгарчилигини олдини олиш мақсадида суд ишларини назорат тартибида кўриш институти тугатиш, туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан, вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорларини эса Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан  апелляция тартибида қайта кўриб чиқиш, апелляция тартибида кўриб чиқилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиб, ушбу инстанциянинг қарорлари устидан эса Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарлари протестига кўра кассация тартибида такроран кўриб чиқиш тартибини жорий этиш назарда тутилган.

Фармонга мувофиқ энг асосий янгиликлардан бири сифатида эндиликда суд мажлисида қатнашувчи давлат айбловчиси томонидан айбловдан воз кечиш тартиби йўлга қўйилмоқда ва бунда айбловдан воз кечилган тақдирда суд шахсни реабилитация асосларига кўра жиноят ишини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилиши назарда тутилган.

 Шунингдек, ҳаммамизга маълумки бугунги кунда келиб, мамлакатимизга жуда кўплаб чет эллик инвесторлар ўзларининг инвестициялари билан кириб, фаолият олиб боришмоқда, бу эса уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришни тақозо этади.

Шу муносабат билан  фармонга кўра Ўзбекистон Республикаси Олий суди тузилмасида инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш бўйича судлов таркибини тузиш таклифи маъқулланиб, унда инвестиция киритилган санада 20 миллион АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда инвестицияни амалга оширган жисмоний ёки юридик шахслар ва давлат органлари ўртасида юзага келадиган низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш ваколати берилди.

Барчамизга маълумки, судьялар мустақиллигининг кафолатларидан бири бу уларнинг моддий таъминоти бўлиб ҳисобланади ва мазкур фармонга мувофиқ 2020 йил 1 январдан бошлаб кўпгина ривожланган давлатлар сингари судьяларни моддий таъминоти тўлиқ давлат томонидан амалга оширилиши белгиланди..

Бир сўз билан айтганда мазкур Фармон суд ҳимоясини таъминлашдаги ортиқча бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш, суд органларининг амалдаги тузилишини замон талаблари ва халқаро стандартларига мувофиқ қайта қуриш, судьяларнинг мақоми, уларнинг мустақиллиги кафолатларини кучайтириш борасида муҳим Фармонлардан бўлиб, келгусида судларнинг чинакам Адолат қўрғонига айланишида муҳим қадамлардан бўлиб хизмат қилади.

Алишер САЙДУЛЛАЕВ, Жиноят ишлари бўйича Кармана туман судининг судьяси.